Мен 50 ёшимда имтиёзли пенсияга чиққанман. 54 ёшга тўлганимда уни қайта ҳисоб-китоб қилдиришим мумкинми?
Н.Раимова.
Чирчиқ шаҳри.
– Қонуннинг 49-моддасига мувофиқ, пенсияларни қайта ҳисоблаш:
пенсионер пенсия миқдорига таъсир кўрсатувчи (пенсия тайинланишигача бўлган иш стажи ҳамда иш ҳақи тўғрисидаги ва бошқа) қўшимча ҳужжатларни тақдим этган тақдирда;
ногиронлик гуруҳи ўзгарганда;
боқувчисини йўқотганлик пенсияси оладиган оила аъзолари сони ўзгарганда;
энг кам ойлик иш ҳақи миқдорлари ўзгарган тақдирда;
даромадлар индексация қилинган тақдирда амалга оширилади.
Пенсионерлар пенсияни қайта ҳисоблаш учун ана шундай ҳуқуқ пайдо бўлганидан кейин исталган вақтда мурожаат этишлари мумкин.
Кўрамизки, ушбу рўйхатга сизнинг ҳолатингиз кирмайди. Шу боис ҳам пенсиянгиз қайта ҳисобланмайди.
Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ фақат пенсия тайинлангунча ишланган йиллар меҳнат стажига киради, пенсия тайинлангандан кейин ишланган, пенсия миқдорини оширадиган вақт стажга қабул қилинмайди.
Агар сиз 54 ёшда имтиёздан фойдаланганингизда, пенсия тайинлаётганда ҳисобга олинадиган стаж 25 йил эмас, балки 29 йилни (имтиёзли ёшни ҳисобга олганда) ташкил этган бўлар эди.
БЎЛҒУСИ ПЕНСИОНЕР ЭЪТИБОРИГА!
Талаб қилинадигандан ортиқ иш стажининг ҳар бир тўлиқ йили учун пенсияларнинг базавий миқдорлари қуйидагича оширилади:
● ёшга доир – пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 1 фоизига;
● I ва II гуруҳлар ногиронларига ногиронлик пенсиялари – ўртача ойлик иш ҳақининг 1 фоизига;
● боқувчисини йўқотганлик пенсиялари оиланинг ҳар бир меҳнатга лаёқатсиз аъзосига – боқувчи ўртача ойлик иш ҳақининг 0,5 фоизига.