Norma.uz

Рулда ҳушёр бўлинг! Сизни видеога олишяпти

Тошкентнинг асосий ва энг серқатнов йўлларида Йўл ҳаракати қоидалари (ЙҲҚ) бузилиши ҳолларини қайд этадиган махсус воситаларни монтаж қилиш деярли якунланди. Мазкур инновациянинг кўламдорлиги ва янгилиги, хусусан, ушбу воситалар фаолияти, уларни исбот-далиллар сифатида эътироф этиш ва қўллаш тартибининг қонун билан тартибга солиниши кўплаб саволларни туғдирди.

 

Уларга жавобни «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун* (10.08.2015 йилдаги ЎРҚ-389-сон) берди, у билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга (МЖТК) тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Уларга кўра далилий маълумотлар (исботлар)ни аниқлаш воситалари сифатида овозли ёзувлар, видеоёзувлар ва кинотасвирлар (маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома, маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахснинг тушунтиришлари ҳамда жабрланувчи, гувоҳларнинг кўрсатмалари, эксперт хулосаси, ашёвий далиллар, ашёлар ва ҳужжатларни олиб қўйиш тўғрисидаги баённома билан бир қаторда) ҳам эътироф этилган. Ушбу чора ЙҲҚни бузиш ҳолларининг аниқланиш даражасини ошириш ва иш ҳолатларини ҳар томонлама, тўлиқ ва холис ўрганиш имконини беради.

Бундан ташқари, МЖТК 17-1-модда билан тўлдирилди, унда назарда тутилишича, автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги қайд этилган тақдирда, маъмурий жавобгарликка транспорт воситасининг мулкдори тортилади. Ушбу норманинг амалиётда қўлланиши содир этилган ҳуқуқбузарликка дахлдор бўлмаган транспорт воситаси мулкдорининг маъмурий жавобгарликка тортилишига олиб келиши мумкин.

Мазкур қоидани Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Полянте СВЕШНИКОВ қуйидагича шарҳлайди:

Амалга киритилаётган автоматлаштирилган тизим жой, вақт ва транспорт воситасининг рақамини кўрсатган ҳолда ЙҲҚ бузилишининг ҳар бир далилини қайд этади. Бироқ тизимнинг техник имкониятлари ҳуқуқбузарликни содир этган ҳайдовчининг шахсини аниқлаш имконини бермайди. Бир транспорт воситасини бошқаришга бир неча шахснинг ҳужжати (ишончнома, ижара шартномаси) бўлган ҳолда уларнинг ҳуқуқбузарликка дахлдорлигини инкор этиш ва айбдор шахсни жавобгарликка тортиб бўлмаслиги ҳолатлари вужудга келиши мумкин. Бу эса МЖТКнинг 3-моддасида назарда тутилган, айб учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлашни жиддий тарзда қийинлаштиради.

2015 йил 1 май ҳолатига кўра ИИВ томонидан жисмоний шахсларнинг 2,1 млн транспорт воситаси ҳисобга олинган. Улар томонидан транспорт воситасидан бир жисмоний шахснинг фойдаланиш ҳуқуқи учун 354 443 та (16,8%), икки ва ундан кўп жисмоний шахснинг фойдаланиш ҳуқуқи учун 432 903 (20,6%) ишончнома, 195 855 та (9,3%) транспорт воситаларининг ижара шартномалари берилган.

 

Бундай ҳолларнинг олдини олиш учун Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳаси, агар маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш давомида ҳуқуқбузарлик қайд этилган пайтда тегишли транспорт воситаси эгалигида бўлган шахс аниқланса ёки бошқа шахсларнинг ғайриқонуний ҳаракатлари натижасида унинг эгалигидан чиқиб кетган бўлса, мулкдорни жавобгарликдан озод этадиган норма билан тўлдирилди.

Агар бундай транспорт воситаси юридик шахсга тегишли бўлса, ундан фойдаланиш учун жавобгар шахс маъмурий жавобгарликка тортилади.

Шунингдек киритилган моддада белгиланишича, махсус автоматлаштирилган техник воситалар томонидан ЙҲҚни бузиш қайд этилган тақдирда, ҳуқуқбузарликнинг такрорланганлиги ҳисобга олинмайди.

Илгари маъмурий жазони қўллаш муддати 2 ойдан ошмаслиги керак эди. Ишларнинг миқдори кўплиги туфайли ваколатли органлар уларнинг ҳаммасини белгиланган муддат мобайнида кўриб чиқишга улгурмасдилар. Натижада ҳақиқатда ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар жазоланмай қолардилар. Бундай ҳолларнинг олдини олиш учун маъмурий жазони қўллашнинг энг охирги муддати ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан бошлаб 1 йилгача, чўзиладиган ҳуқуқбузарликда эса у аниқланган кундан бошлаб 1 йилгача узайтирилди (МЖТК 36-моддасининг биринчи қисми).

МЖТК 127-моддасининг иккинчи қисмига киритилган қўшимчаларга кўра ҳуқуқбузарлик деб (тегишли рухсат олмай туриб транспорт воситаларига товуш чиқарувчи ва ёритувчи махсус қурилмаларни ўрнатиш билан бир қаторда) давлат рақам белгиларини кўриш имкониятини чеклайдиган, уларни тўғри англашга тўсқинлик қиладиган турли ашёлар ўрнатиш ва қоплама суртиш ҳам эътироф этилади. Бундай қилганлик учун ана шу қурилмаларни мусодара қилиб, фуқароларга ЭКИҲнинг 1 бараваридан 3 бараваригача, мансабдор шахсларга эса – 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солиш назарда тутилган. Бундан ташқари, мазкур ҳуқуқбузарликни содир этиш ички ишлар органлари томонидан транспорт воситаларини ушлаш ва кўрикдан ўтказиш учун асослардан бири ҳисобланади.

МЖТКнинг 283-моддаси тўртинчи қисм билан тўлдирилди, унда назарда тутилишича, транспорт воситасидан фойдаланиб содир этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган тақдирда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилмайди. Мазкур чора нафақат ортиқча вақт, меҳнат, моддий харажатларга йўл қўймаслик, балки манфаатдор шахсларнинг аралашувини ҳам истисно этиш имконини беради.

МЖТК 309-1-модда билан тўлдирилди, унда назарда тутилишича, махсус автоматлаштирилган қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган ЙҲҚ бузилганлиги бўйича жарима солиш тўғрисидаги қарор маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахснинг иштирокисиз чиқарилади. Ушбу воситалардан фойдаланиш, баённома ДЙҲХХ ходими томонидан расмийлаштириладиган вазиятларда юз берадиган далилий маълумотларни нотўғри талқин қилиш имкониятини истисно этади. Жарима солиш тўғрисидаги қарор махсус автоматлаштирилган қайд этиш техника воситалари қўлланилган ҳолда олинган материаллар илова қилиниб, юридик кучга эга бўлган электрон ҳужжат шаклида расмийлаштирилади ҳамда ушбу ҳужжатни тузган ваколатли шахснинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади. Қарорнинг қоғоз нусхаси у чиқарилган кундан эътиборан 3 кун ичида буюртма почта жўнатмаси тарзида ҳуқуқбузарга юборилади.

Қарорда қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:

қарор чиқарилган сана ва жой;

уни чиқарган органнинг номи, шахснинг лавозими ва фамилияси;

маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахс тўғрисидаги маълумотлар;

маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган вақт, жой ва ҳолатлар МЖТК қисмининг мазкур ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни назарда тутувчи моддаси, моддасининг қисми кўрсатилган ҳолда;

махсус автоматлаштирилган техника воситалари орқали қайд этилган транспорт воситасининг ҳуқуқбузарлик содир этилган пайтдаги давлат рақам белгиси билан туширилган тасвири;

қабул қилинган қарор, тайинланган жаримани тўлаш тартиби ва муддатлари: маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахснинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек жарима солиш тўғрисидаги қарор хусусида шикоят беришнинг процессуал тартиби.

Махсус автоматлаштирилган қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган ЙҲҚни бузганлик учун солинган жаримани ҳуқуқбузар жарима солиш тўғрисидаги қарор чиқарилган кундан бошлаб 60 кундан кечиктирмай, бундай қарор хусусида шикоят берилган ёки протест билдирилган тақдирда эса, шикоят ёки протест қаноатлантирилмаганлиги тўғрисида хабар берилган кундан эътиборан 30 кундан кечиктирмай тўлаши лозим (МЖТК 332-моддасининг иккинчи қисми).

Бундан ташқари, қўшимчаларга кўра, энди жарима солиш тўғрисида қарор чиқарган ваколатли орган раҳбари махсус автоматлаштирилган техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича транспорт воситаларини жарима солиш ҳақидаги қарор чиқарилган кундан эътиборан 60 кун ўтгач, жарима солиш тўғрисидаги қарорнинг ижроси юзасидан иш юритиш тугагунига қадар ушлаб туриш тўғрисида ёзма кўрсатма беради (МЖТК 291-моддасининг иккинчи қисми).

МЖТК 128-3-моддаси учинчи қисмининг янги таҳририда белгиланишича, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 40 километрдан ортиқ катталикда ошириб юбориши ЭКИҲнинг 7 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Йил мобайнида ҳаракат тезлигини такроран соатига 20 км дан кўп, бироқ 40 км дан кўп бўлмаган тарзда ошириш ёки айни шу ҳуқуқбузарлик учун икки маротаба маъмурий жазо қўллангандан кейин соатига 20 км дан кўп бўлмаган тарзда ошириш ЭКИҲнинг 10 баравари миқдорида жарима солиш ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан 1 йилга маҳрум қилишга сабаб бўлади.

Собир НУРБЕРДИЕВ,

юрист. 

 

*Қонундан кўчирма «СБХ»нинг 25.08.2015 йилдаги 33-34 (1097-1098)-сонларидаги ҳужжатлар пакетида чоп этилган.

 

Ҳужжат тили билан

Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун шахсларнинг маъмурий жавобгарлиги 

Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги қайд этилган тақдирда, маъмурий жавобгарликка транспорт воситасининг мулкдори тортилади.

Юридик шахсга тегишли транспорт воситасидан фойдаланиб содир этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган тақдирда, маъмурий жавобгарликка юридик шахснинг транспорт воситасидан фойдаланиш учун масъул бўлган шахси тортилади.

Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги қайд этилган тақдирда, ҳуқуқбузарликнинг такрорийлиги ҳисобга олинмайди, ушбу Кодекс 321-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган ҳол бундан мустасно.

Агар маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарор устидан берилган шикоятни кўриб чиқиш жараёнида тегишли транспорт воситасига ҳуқуқбузарлик қайд этилган пайтда эгалик қилган шахс аниқланса ёхуд мазкур транспорт воситаси бошқа шахсларнинг ғайриҳуқуқий хатти-ҳаракатлари натижасида транспорт воситаси мулкдорининг эгалигидан чиқиб кетганлиги аниқланса, транспорт воситасининг мулкдори ўзига тегишли транспорт воситасидан фойдаланиб содир этилган, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун маъмурий жавобгарликдан озод этилади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, 17-1-модда.

Прочитано: 4048 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика