Norma.uz

Суд-ҳуқуқ соҳасида либераллашув сари муҳим қадам

Маълумки, 2015 йилнинг 10 августида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-389-сон Қонуни қабул қилинди. Мазкур Қонун билан жиноят содир этишда айбли деб топилган шахсларга нисбатан қўлланиладиган асосий жазолар рўйхатига озодликни чеклаш жазо тури киритилди. Бундан ташқари кўплаб моддаларнинг санкция қисми, яъни жиноятлар учун белгиланган жазо қисми ўзгартирилди. Қуйида мазкур Қонуннинг 4-моддаси асосида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига (ЖК) киритилган баъзи ўзгартириш ва қўшимчаларга алоҳида тўхталиб ўтамиз.

 

Жиноят қонунчилигида неча хил жазо тури бор? Озодликни чеклаш қайси жазо турига киради?

– ЖКнинг 43-моддасига кўра, жиноят содир этишда айбли деб топилган шахсларга нисбатан қуйидаги 9 хил асосий жазолар қўлланилиши мумкин:

а) жарима; б) муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш; в) ахлоқ тузатиш ишлари; г) хизмат бўйича чеклаш; д) қамоқ; д-1) озодликни чеклаш; е) интизомий қисмга жўнатиш; ж) озодликдан маҳрум қилиш; з) умрбод озодликдан маҳрум қилиш.

Маҳкумларга асосий жазолардан ташқари ҳарбий ёки махсус унвондан маҳрум қилиш тарзидаги қўшимча жазо ҳам қўлланилиши мумкин. Хизмат бўйича чеклаш ёки интизомий қисмга жўнатиш тариқасидаги жазолар фақат ҳарбий хизматчиларга нисбатан қўлланилади. Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш фақат асосий жазо сифатидагина эмас, балки қўшимча жазо тариқасида ҳам қўлланилиши мумкин.

Озодликни чеклаш қандай жазо ўзи? Унинг қамоқ ёки озодликдан маҳрум қилишдан қандай фарқи бор?

ЖК 48-1-моддасининг биринчи қисмида таъкидланишича, озодликни чеклаш суд томонидан маҳкумга нисбатан яшаш жойини у ёки бу сабаб билан тарк этишни бутунлай тақиқлашдан ёки сутканинг муайян вақтида яшаш жойидан чиқишни чеклашдан иборат.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, қамоқ – шахсни батамом ажратган шароит остида сақлашдан иборат бўлиб, бир ойдан олти ойгача муддатга белгиланади. Озодликдан маҳрум қилиш маҳкумни жамиятдан ажратиб жазони ижро этиш колонияси ёки турмага жойлаштиришдан иборатдир.

 

Озодликни чеклаш қанча муддатга белгиланади? Унинг шартларини ким белгилайди?

ЖК 48-1-моддасининг иккинчи қисмида таъкидланишича, озодликни чеклаш олти ойдан беш йилгача муддатга тайинланади ҳамда суд томонидан белгиланадиган органлар назорати остида ўталади. Озодликни чеклаш, уни маҳкумнинг яшаш жойида ўташ шартлари содир этилган қилмишнинг хусусияти ва суд чиқарган қарорни ижро этишдан бўйин товлашнинг олдини олиш ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан белгиланади.

 

Озодликни чеклаш вақтида автомашина миниш мумкинми? Интернетдан фойдаланиш-чи?

ЖК 48-1-моддасининг учинчи қисмига биноан, қўлланилаётган тақиқнинг (чеклашнинг) хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, суд маҳкумнинг зиммасига қуйидаги қўшимча тақиқларни юклаши мумкин:

муайян жойларга бормаслик;

оммавий ва бошқа тадбирлар ўтказишда иштирок этмаслик;

муайян фаолият билан шуғулланмаслик;

муайян буюмларга эга бўлмаслик ёки уларни ўзида сақламаслик;

транспорт воситасини бошқармаслик;

маҳкумларни назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини, иш ва (ёки) ўқиш жойини ўзгартирмаслик, тегишли маъмурий ҳудуддан ташқарига чиқмаслик;

муайян шахслар билан алоқа ўрнатмаслик;

алоқа воситаларидан, шу жумладан Интернетдан фойдаланмаслик;

алкоголли ичимликлар истеъмол қилмаслик.

 

Озодликни чеклаш вақтида жазони ижро этаётган шахсга қандай мажбуриятлар юклатилиши мумкин? Мазкур жазо турини муддатидан олдин ўташ мумкинми?

– ЖК 48-1-моддасининг тўртинчи-бешинчи қисмларига биноан, суд озодликни чеклашга ҳукм қилинган шахснинг зиммасига ўзи етказган моддий ва маънавий зарарнинг ўрнини қоплаш, ишга ёки ўқишга жойлашиш мажбуриятларини, шунингдек унинг тузалишига кўмаклашувчи бошқа мажбуриятларни юклаши мумкин.

Агар озодликни чеклашга ҳукм қилинган шахс жазони ўташ даврида ўзининг жиноий қилмишларини англаб етган, тузалиш йўлига қатъий ўтган, етказилган моддий ва маънавий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, суд маҳкумга нисбатан илгари тайинланган тақиқларни тўлиқ ёки қисман бекор қилиши мумкин.

 

Озодликни чеклаш бошқа жазо турига алмаштирилиши мумкинми? У кимларга нисбатан тайинланиши мумкин эмас?

– ЖК 48-1-моддасининг олтинчи-еттинчи қисмларига биноан, маҳкум озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ўташдан қасддан бўйин товлаган, шунингдек суд томонидан ўз зиммасига юкланган мажбуриятларни бажармаган тақдирда, суд озодликни чеклаш жазосининг ўталмай қолган муддатини бошқа турдаги жазо билан алмаштириши мумкин. Жазони ўташдан бўйин товлаш вақти ўталган жазо муддатига қўшиб ҳисобланмайди.

Озодликни чеклаш ҳарбий хизматчилар, чет эл фуқаролари, шунингдек Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлмаган шахсларга нисбатан тайинланмайди.

 

Кексаларга нисбатан тайинланаётган жазо муддати бўйича ўзгаришлар ҳақида маълумот берсангиз.

– ЖК 50-моддасининг олтинчи қисмига биноан, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинаётган аёлларга ҳамда 60 ёшдан ошган эркакларга нисбатан тайинланаётган жазо муддати ЖК Махсус қисмининг тегишли моддасида назарда тутилган озодликдан маҳрум этиш энг кўп муддатининг учдан икки қисмидан (олдин тўртдан уч қисмидан этиб белгиланган эди) ортиқ бўлиши мумкин эмас.

 

Вояга етмаган шахсларга ҳам озодликни чеклаш жазоси қўлланиладими?

Маълумки, 18 ёшга тўлмасдан жиноят содир этган шахсларга қуйидаги асосий жазолар қўлланилиши мумкин: а) жарима; б) ахлоқ тузатиш ишлари; в) қамоқ; в-1) озодликни чеклаш; г) озодликдан маҳрум қилиш.

ЖКнинг 84-1-моддасига биноан, озодликни чеклаш вояга етмаган маҳкумларга нисбатан асосий жазо чораси сифатида 6 ойдан 2 йилгача муддатга тайинланади.

Билиб қўйган яхши!

Агар шахс суд томонидан тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари муддатининг жами бўлиб ўндан бир қисмидан кўпроғини ўташдан бўйин товласа, суд ахлоқ тузатиш ишларининг ўталмаган муддатини худди шу муддатга озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо билан алмаштиради. Жазони ўташдан бўйин товлаган вақт жазонинг ўталган муддатига қўшиб ҳисобланмайди.


Фаррухжон ФАЙЗИЕВ, ҳуқуқшунос

Прочитано: 5094 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика