2013 йилда мени «Дўстлик» ордени билан мукофотлашди. Жорий йилда мен пенсияни расмийлаштиряпман. Эшитишимча, давлат мукофотлари билан мукофотланган фуқаролар пенсиясига устама қўшиларкан. Шу тўғрими?
Ирина. Р.
Тошкент шаҳри.
– «Дўстлик» ордени «Давлат мукофотлари тўғрисида»ги Қонунда (22.12.1995 йилдаги 176-I-сон) назарда тутилган давлат мукофотларидан бири бўлиб, фуқароларга меҳнат ва жанговар хизматлари, самарали давлат, ижтимоий ва ижодий фаолиятлари учун топширилади.
«Дўстлик» орденини таъсис этиш тўғрисидаги низомнинг (5.05.1994 йилдаги 1042-XII-сон Қонун билан тасдиқланган) 5-бандига мувофиқ, у билан мукофотланган шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг 30 карраси миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти оладилар.
Таҳририятдан. «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунда давлат мукофотлари билан тақдирланган шахсларнинг пенсияларига устамалар назарда тутилмаган. Бироқ Қонуннинг 28-моддаси «к» кичик бандига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси олдида алоҳида хизматлари бўлган шахслар – хизматларига қараб ЭКИҲнинг 100%идан 150%игача миқдорда устама олиш ҳуқуқига эгалар. Ҳозирги вақтда айни қандай хизматлар пенсияга устама белгилаш ҳуқуқини бериши ва у нима билан тасдиқланиши масаласи қонун йўли билан тартибга солинмаган.
Газетхонларнинг саволларига Тошкент шаҳар бюджетдан ташқари
Пенсия жамғармаси бошқармасининг пенсия ва нафақалар тайинланишини таҳлил қилиш ҳамда мониторингдан ўтказиш бўлими бошлиғи Абдурашид ИСМОИЛОВ жавоб берди.