Ходим компанияда 3 ой ишлагач, ишдан бўшашга ариза берди. Унга фойдаланилмаган таътили учун компенсация тўланиши лозимми? Буйруқда «Компенсация тўловларисиз ишдан бўшатилсин» деб кўрсатиш ва уларни тўламаслик мумкинми?
Кадрлар бўлими.
– Бундай қарор Меҳнат кодекси (бундан кейин – МК) 151-моддасининг биринчи қисмига кўра ҳуқуқбузарлик ҳисобланади ва қонунда назарда тутилган тартибда жавобгарликка олиб келади.
Қоидага кўра меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари фойдаланилмаган таътил учун компенсация беришнинг 2 ҳолатини назарда тутади. Биринчидан, у ходимларга, уларнинг хоҳишига кўра, йиллик таътилнинг МКнинг 134-моддасида белгиланган энг оз муддатидан (15 иш кунидан) ортиқча қисми учун пуллик компенсация тўланиши мумкин. Иккинчидан, иш берувчи меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун уни тўлаши шарт. Бу ҳолда ҳам фойдаланилмаган таътилнинг муддати ва меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари аҳамиятга эга эмас.
Таътиллар муддатини ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқаришда уларнинг муддати ҳар бир тўлиқ таътил миқдорини ўн иккига бўлиб, сўнг тўлиқ ишланган ойлар сонига кўпайтириш йўли билан аниқланади. Бунда 15 календарь кунга тенг ва ундан кўп бўлган кунлар бир ой деб яхлитланади, 15 календарь кундан ками эса чиқариб ташланади (МКнинг 141-моддаси).
МИСОЛ. Асосий таътил 24 иш кунини ташкил этади. Ходим 3 ой ишлади. Унинг фойдаланилмаган таътил муддати 6 кунни (24 / 12 х 3) ташкил этади, бунинг учун унга компенсация тўлаш зарур. Агар ходимга кам ёки кўп давом этадиган таътил белгиланган бўлса, ҳисоб-китоб худди шундай тартибда қилинади.
Ушбу талаблар бажарилмаганда иш берувчи Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасида назарда тутилган жавобгарликка тортилиши – унга ЭКИҲнинг 2 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солиниши мумкин.
Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ, эксперт-юристимиз.