Norma.uz

Рекламадан рекламанинг фарқи бор

«Норма маслаҳатчи»нинг 30.06.2015 йилдаги 26 (518)-сонида «Norma Profi» эксперти, юридик фанлар номзоди Маҳкам Воҳидовнинг «Ташқи реклама бериш қоидалари» номли мақоласи эълон қилинган эди. Мақолада бозор ҳудудида реклама учун алоҳида жойлар (масалан, дўкон ёнидан ёки кўринарли жойда) ажратиш масалалари кўтарилганди. Мақола ёзилишига сабабчи бўлган мурожаат муаллифи маъмурият ҳокимлик ёки бошқа ваколатли орган билан келишмасдан туриб савдо комплекси (бозор) ичига реклама учун жой бериш масаласига қизиқиб, бундай шартномаларни тузиш тартибини тушунтириб беришни сўраган эди.

Газетамиз саҳифаларида кўтарилган масала юзасидан яқинда таҳририятимизга Тошкент шаҳар ҳокимлигининг реклама-ахборот фаолияти комиссиясининг ишчи органи – «Тошкент реклама-сервис» давлат унитар корхонасидан жавоб келди.

Қуйида ана шу жавоб қўшимча ахборот тариқасида газетхонлар ҳукмига ҳавола этилмоқда.

 

Ҳокимлик реклама-ахборот фаолияти комиссиясининг ишчи органи бўлмиш «Toshkent Reklama-Servis» давлат унитар корхонаси қуйидагиларни маълум қилади.

 

1. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рекламани тайёрлаш ва тарқатиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи асосий ҳужжат «Реклама тўғрисида»ги Қонундир (25.12.1998 йилдаги 723-I-сон). Реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ана шу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Тошкент шаҳрида ташқи реклама воситаларини жойлаштириш иши устидан раҳбарлик ва назорат «Реклама тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талаблари ижросини таъминлаш вазифаси зиммасига юклатилган давлат бошқарув органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари рўйхатига (ВМнинг 26.06.2000 йилдаги 243-сон Қарори билан тасдиқланган) биноан Тошкент шаҳар ҳокимлиги реклама-ахборот фаолияти комиссияси томонидан амалга оширилмоқда.

Тошкент шаҳри ҳудудида рекламани жойлаштириш жараёни «Реклама тўғрисида»ги Қонун 20-моддасининг иккинчи хатбошисига кўра Тошкент шаҳрида ташқи рекламани жойлаштириш тартиби (Тошкент шаҳар ҳокимининг 26.12.2007 йилдаги 1148-сон Қарори билан тасдиқланган) билан расамадга солинади.

 

2. «Реклама тўғрисида»ги Қонун 20-моддасининг учинчи хатбошисида кўрсатиб ўтилганидек, «Муайян шахс эгаллаб турган бинонинг ташқи томонида, бинога кириш жойида шу шахс тўғрисида жойлаштирилган ёки мазкур шахснинг маҳсулоти ҳақида шу бино витринасидаги ахборот (пешлавҳа) реклама деб ҳисобланмайди ва бунинг учун маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг рухсатини олиш талаб этилмайди».

Тегишинча, савдо, умумий овқатланиш ва аҳолига турли хизматлар кўрсатиш объектларининг ҳамда бошқа муассасаларнинг деразалари, ташқи тарафидан жой олган ҳар хил безак элементлари ва плакатларни юқорида зикр этилган таъриф қамрови доирасига киритиш мумкин.

Кўпгина корхона ва ташкилотларда, савдо ва аҳолига хизмат кўрсатиш объектларида биноларнинг ташқи тарафи ва томларида умумий архитектура кўриниши инобатга олинмаган ҳолда ўзбошимчалик билан ўрнатилган, шунингдек ёзувида имло хатолари бисёр кўплаб безак ва ахборот воситаларини кўриш мумкин.

Аксарият ҳолларда улар архитектура ва шаҳарсозлик нормаларига хилоф равишда жойлаштирилган бўлиб, кўчаларнинг, майдонлар ва иншоотларнинг ташқи кўринишини бузади.

Мазкур муаммони ўрганиш жараёнида шу нарса аён бўладики, бунга олиб келувчи асосий сабаб реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини, норматив ҳужжатлар талабларини, қолаверса, одоб-ахлоқ ва эстетика нормаларини билмаслик ёхуд уларга бефарқ муносабатда бўлишдир. Бундан ташқари объектларнинг ўзбошимчаликка йўл қўяётган эгаларида «бу менинг мулким, унинг сирт томонига ва витриналарга қанақа плакат осиш, витрина ва ташқи тарафни қандай безатишменинг шахсий ишим, бунинг учун аллакимлардан рухсат олишим шарт эмас» деган янглиш фикр қарор топган. Бу ҳолат архитектура, шаҳарсозлик, ободонлаштиришга ўзининг салбий таъсирини ўтказишдан ташқари, айрим халқаро брендлардан ноқонуний фойдаланиш орқали яширин ва нотўғри рекламага йўл қўяди, бу эса ҳам халқаро, ҳам маҳаллий қонун ҳужжатларининг амалдаги нормалари бузилишига олиб келади.

Ҳозирги вақтда Тошкент шаҳар ҳокимлиги бундай муаммоларни бартараф этиш юзасидан кенг кўламли ишлар олиб бормоқда. Тошкент шаҳар ҳокимининг «Тошкент шаҳри кўчалари, бино ва иншоотларидаги реклама, эълон ва турли ахборотларни тартибга келтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори (19.03.2015 йилдаги 280-сон) билан туман ҳокимликларига ишчи гуруҳлар тузиб, кўчалар, бинолар ва иншоотлардаги ҳар хил ахборотлар билан боғлиқ аҳволни ўрганиб чиқиш, Тошкент шаҳар туманлари ҳудудидаги бундай ахборотлардаги  хато ва камчиликларни аниқлаш вазифаси топширилди. Бу ишчи гуруҳлар туманларнинг ҳудудларида юқорида айтиб ўтилган ахборотлардаги имло хатоларини бартараф этиш ҳамда бундай хатоликларга, архитектура ва қонунларнинг талаблари бузилишига йўл қўймаслик юзасидан кенг миқёсда тушунтириш ишлари олиб бориши, шунингдек бошқа амалий чоралар кўриши лозим.

Бундан ташқари Тошкент шаҳар ҳокимининг мазкур қарори билан «Тошшаҳартрансхизмат» АК ва Тошкент шаҳар ИИББга Тошкент шаҳридаги жамоат транспортларида, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ободонлаштириш бош бошқармаси, Тошкент шаҳар Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ҳамда «Тошшаҳарнур» давлат унитар корхонаси билан биргаликда шаҳар кўча ёритгичларининг таянчлари ва дарахтларни турли мавзулардаги эълонлардан тозалаш топширилди.

 

3. Янги реклама воситаларини ўрнатиш учун қуйидаги жиҳатлардан келиб чиқиб реклама жойлари паспортини тайёрлаш муддати (30 календарь кун) белгиланди:

а) бугунги кунда амал қилиб турган Тартибнинг 3.1.4-бандига биноан реклама жойларининг барча паспорти шаҳар ҳокимлигининг тегишли хизматларида, хусусан архитектура бош бошқармасида туман архитектори билан, ободонлаштириш бош бошқармасида мажбурий тартибда келишиб олинмоғи керак. Айрим ҳолларда техник зарурати бўлган тақдирда «Тошшаҳарнур», Тошкент шаҳар электр таъминоти корхонаси, «Тошводоканал», Махсус алоқа идораси ва бошқалар билан худди шу таҳлит келишиб олинмоғи зарур. Баъзан буюртмада кўрсатилган ерга мутахассислар, махсус техниклар билан бориб, жойнинг ўзида ерости коммуникациялари ўрганиб чиқилади;

б) тайёрланган барча техник ҳужжатлар – реклама жойлари паспортлари ҳамда Комиссия ишчи органи берган монтаж ишларини олиб бориш ҳуқуқини берадиган гувоҳномалар (реклама воситаларини ўрнатиш ва улардан кейинчалик фойдаланиш ҳуқуқини берадиган асосий ҳужжатлар) Комиссияга кўриб чиқиб қарор қабул қилиши учун тақдим этилади. Ҳокимлик регламентига биноан Комиссиянинг мажлислари ҳар куни эмас, ойда 2 марта ўтказилади.

 

4. Шунга эътиборингизни алоҳида қаратамизки, Вазирлар Маҳкамасининг 9.02.2015 йилдаги 02/16-1825-сон топшириғига биноан Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси рекламаларнинг янги конструкцияларини ўрнатиш ҳамда жойлаштириш ишларини ташкил этиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида ташқи рекламани жойлаштиришга рухсат бериш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини ишлаб чиқди. Бу Низом бутун мамлакатимиз ҳудуди бўйича ягона бўлиб қолади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги мазкур лойиҳага муайян таклифлар киритди. Бу таклифларда рухсат олиш тартиб-таомиллари муфассал тарзда баён этилганидан ташқари, Тошкент шаҳрида шу йўналишда олиб борилаётган амалий ишлардан келиб чиқиб техник масалалар, шунингдек ташқи рекламани жойлаштириш учун рухсатномалар олиш жараёнининг барча бевосита иштирокчилари ҳаракатларига имкон қадар аниқлик киритиши лозим бўлган атамалар ва таърифлар тавсиф этилган ҳамда бошқа қатор таклифлар илгари сурилган.

 

«Toshkent Reklama-Servis» давлат унитар корхонаси директори, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг реклама-ахборот фаолияти комиссияси котиби
Алишер ИСОҚОВ.

Прочитано: 2344 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика