Бизнинг корхонамиз ЎзРТХБда бошланғич нархни пасайтиришга электрон аукцион савдоларини ўтказиш якунлари бўйича шартномаларни тузиш орқали харид қилинадиган товарлар рўйхатига кирадиган муайян товарлар турларини корпоратив буюртма асосида харид қилади.
Ўз фаолиятимиз давомида бир неча марта ноинсоф етказиб берувчилар билан тўқнаш келишимизга тўғри келганлиги боис, биз товарлар харидини тўловнинг аккредитив шакли орқали амалга оширамиз. Бу ҳақдаги маълумот барча бўлғуси савдо иштирокчилари учун очиқ-ошкорадир, негаки товарларнинг харидига жойлаштирилган буюртмада ушбу маълумотлар кўрсатилади. Савдолар якунлангач, уларнинг якунларига кўра шартномалар тузилгандан кейин буюртмада назарда тутилган бошқа шартлар билан бир қаторда бундай шартноманинг «Алоҳида шартлар» бўлимида автоматик тарзда шакллантирилади.
Шартноманинг бошқа барча шартлари ЎзР монополиядан чиқариш органи томонидан тасдиқланган намунавий шакл шартларига мувофиқ келади. Хусусан, етказиб бериш қиймати ва унга тўлов шартлари белгиланадиган шартнома бўлимида буюртмачининг етказиб берувчига етказиб бериш қийматининг камида 15%ини олдиндан тўлаб бериш мажбурияти келтирилади. Шартномада мазкур мажбуриятни бажармаганлик учун бизнинг жавобгарлик масъулиятимиз ҳам назарда тутилган. Бундай шартномалар қиймати баъзида юқори бўлганлиги боис айрим вазиятларда олдиндан тўлов миқдори юз миллионлаб ҳисобланиши мумкин. Амалиётнинг кўрсатишича, ушбу маблағларни бизга нотаниш бўлган, савдоларда ғолибликни қўлга киритган етказиб берувчиларга олдиндан ўтказа туриб, биз қалтис таваккал қиламиз. Биз шартноманинг аккредитив тўлов шакли назарда тутилган махсус шартларига таяниб, бундан бош тортган ҳолатларда олдиндан тўловни амалга ошириш муддатларини бузганлик учун жарима санкциялари «белгиланади».
1. Аккредитивнинг очилиши ўзига хос равишда бўнак тўлаш ҳисобланмайдими ва бизнинг томондан етказиб берувчига тўловни кафолатламайдими?
2. Биз ўзимизни ноинсоф етказиб берувчилардан ва жарима санкциялари қўлланилишидан ҳимоялаш учун қандай чораларни кўришимиз мумкин?
АЖ бошқаруви раиси.
– Ҳақиқатан ҳам, корпоратив харидлар доирасида ўтказиладиган бошланғич нархни пасайтиришга аукцион савдолар якунлари бўйича расмийлаштирилган контрактлар Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан тасдиқланадиган намунавий шакл бўйича расмийлаштирилади (Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида электрон харидларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида низомнинг1 41-банди учинчи хатбошиси, кейинги ўринларда – 166-сон Низом). Президентнинг 12.05.1995 йилдаги ПФ-1154-сон Фармони2 1-бандида етказиб бериш қийматининг камида 15 фоизини олдиндан тўлаш тўғрисидаги шарт назарда тутилган.
Савдоларнинг тугаш вақти келганда биржанинг электрон тизими савдоларнинг ўтказилиш вақти мобайнида берилган энг паст нархли буюртманомани автоматик тарзда аниқлайди3. Шундан кейин шартнома битим иштирокчилари имзолашлари учун буюртмачи ва етказиб берувчининг персонал кабинетига юборилади (166-сон Низомнинг 40-банди). Бунда буюртма жойлаштирилишидан олдин Ҳисоб-китоб-клиринг палатасининг иккиламчи депозит ҳисобрақамида шахсий ҳисобрақамига буюртмачи томонидан киритиладиган бўнак тўловлари етказиб берувчига олдиндан тўлов сифатида ўтказилмайди, биржа воситачилик йиғими ушлаб қолингандан кейин буюртмачига қайтарилади ёки бошқа савдолар бўйича бўнак тўловлари тарзида ҳисобга олинади4.
Контрактнинг тасдиқланган намунавий шакли ва буюртмачининг буюртмасида аввал-бошдан бир-бирига «ихтилофли» (тўғри келмайдиган) шартлар бўлиши ҳам мумкин, бунда тарафлар ўртасида биржа контрактлари бўйича низоли вазиятларнинг юзага келиш хатарини истисно этиб бўлмайди. Биржа контракти шартларини бажармаган айбдор тараф зарар кўрган тарафга тузилган контракт шартларида назарда тутилган миқдорда зарарни қоплаб беради (Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида биржа савдоларини ўтказиш қоидаларининг5 174-банди).
ВАЗИЯТНИ ОЙДИНЛАШТИРИБ ОЛАМИЗ
Тўловнинг аккредитив шакли ва олдиндан тўловнинг шартлиги назарда тутилган контракт шартларида қарама-қаршиликлар мавжудми?
Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисидаги низомга6 мувофиқ Ўзбекистонда нақд пулсиз ҳисоб-китоблар қуйидаги шаклларда амалга оширилади:
тўлов топшириқномалари билан ҳисоб-китоблар;
аккредитив бўйича ҳисоб-китоблар;
инкассо бўйича ҳисоб-китоблар;
чеклар билан ҳисоб-китоблар.
Кўриб турганимиздек, қонун ҳужжатларида ҳисоб-китоблар шакли рўйхати батафсилдир. Улардан бири аккредитив бўйича ҳисоб-китоблар шаклидир.
Фуқаролик кодексининг 791-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ шартномадаги тарафлар қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳисоб-китоб қилиш шаклларининг исталганини танлаб олишга ва шартномада назарда тутишга ҳақлидирлар.
Олдиндан тўлов ҳисоб-китоб шакли ҳисобланмайди, балки уни амалга ошириш тартибини белгилайди. «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонуннинг (29.08.1998 йилдаги 670-I-сон, кейинги ўринларда – 670-I-сон Қонун) 10-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ хўжалик шартномасида ҳисоб-китоб қилиш тартиби белгиланаётганда товарлар (ишлар, хизматлар) ҳақини қонун ҳужжатларида белгиланганидан кам бўлмаган миқдорда олдиндан тўлаб қўйиш албатта назарда тутилган бўлиши керак. Бунда 670-I-сон Қонун билан юқорида келтирилган меъёр билан бир қаторда ҳисоб-китобнинг аккредитив шаклидан фойдаланишга йўл қўйилади (670-I-сон Қонуннинг 29, 32-моддалари).
Шундай қилиб, юқорида санаб ўтилган қонун ҳужжатлари меъёрларидан келиб чиқиб, олдиндан тўлов тўғрисидаги шартнома шартлари мазкур атамалар шартномавий тартибга солишнинг турли сегментларига мансублиги туфайли ҳисоб-китобнинг аккредитив шакли шартларига зид эканлиги тўғрисида хулоса чиқариш керак эмас.
Шу билан бирга амалиётда юридик шахслар ўртасида шартномалар бўйича товарларга олдиндан ҳақ тўлаш тўлов топшириқномалари ҳисоб-китоби доирасида амалга оширилади. Бунда тушунарлики, этимология нуқтаи назаридан олдиндан тўлов харидорнинг товарга олдиндан тўлов тўлаш (товарлар етказиб берилгунига қадар) мажбуриятини назарда тутади. Ушбу мажбуриятни бажариш учун ягона ҳисоб-китоб шакли тўлов топшириқномаси шаклидаги ҳисоб-китоблар бўлиши мумкин.
Бироқ мазкур ҳолатда 670-I-сон Қонуннинг 10-моддаси иккинчи қисмидаги меъёрлар императивлигини ҳисобга олган ҳолда нақдсиз ҳисоб-китоб шаклларини танлаш эркинлиги тўлов топшириқномалари билан ҳисоб-китобларни танлаш ёхуд аралаш ҳисоб-китоб шаклларидан фойдаланиш имкониятини чеклайди: олдиндан тўлов суммасига – тўлов топшириқномалари ҳисоб-китоби, қолган суммага – бошқа ҳисоб-китоб шакллари.
АККРЕДИТИВНИ ОЛДИНДАН ТЎЛОВГА ТЕНГЛАШТИРИШ МУМКИНМИ?
Юқорида айтиб ўтилганидек, аккредитив ҳисоб-китоблар шакли, олдиндан тўлов эса уларни амалга ошириш тартиби ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, ушбу тушунчаларни тенглаштириб бўлмайди7.
Шу билан бирга савол муаллифининг гапларига қўшиламиз: ҳисоб-китобнинг аккредитив шакли, айниқса биз депонентланадиган қайтарилмайдиган аккредитив ҳақида айтадиган бўлсак, маблағлар олувчига (товарлар етказиб берувчига) битим тарафлари томонидан товар шартномасида баён қилинган миқдорда етказиб берувчи томонидан етказиб бериш шартларига риоя этилганда етказиб берилган товар қийматини олишни кафолатлайди.
Айтилганларни ҳисобга олиб, шунингдек қуйидагиларни эътиборга олган ҳолда:
1) шартнома тарафлари белгиланган ҳисоб-китоб шаклларидан (тўлов топшириқномаси, аккредитив, инкассо, чек билан) хоҳлаганларини танлашга ҳақлидирлар;
2) шартномани расмийлаштиришда ҳисоб-китоб тартибининг мажбурий шарти сифатида олдиндан тўловни назарда тутиш лозим;
3) қонун ҳужжатларида «олдиндан тўлов» тушунчасининг меъёрий таърифи мавжуд эмас, –
контрактда ҳисоб-китобларнинг аккредитив шакли ва етказиб беришнинг бир қисми ёки тўлиқ қийматига олдиндан тўлов тўғрисидаги шарт мавжуд бўлган тақдирда, контракт бутун суммасига аккредитив қўйиш орқали ҳисоб-китоб амалга оширилиши мумкин деб ҳисоблаймиз. Бунда ушбу ҳолатда буюртмачи томонидан олдиндан тўловни амалга ошириш тўғрисидаги шартга, бизнинг фикримизча, риоя этилган деб ҳисобланади.
Моҳиятан, бу ҳақда Президент, Ҳукумат ва алоҳида вазирликлар томонидан қабул қилинган бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар8 ҳам далолат беради. Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 26.01.1995 йилдаги 21-сон Қарори ижроси юзасидан тавсиялар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 12.05.1995 йилдаги «Халқ хўжалигида ҳисоб-китоблар ўз вақтида ўтказилиши учун корхона ва ташкилотлар раҳбарларининг масъулиятини ошириш борасидаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-1154-сон Фармони (МБ томонидан 5.06.1995 йилда 4-95-сон билан тасдиқланган) билан олдиндан тўловни аккредитив билан тўлашга йўл қўйилади. Мазкур Тавсиялар Президентнинг Фармонига шарҳ доирасида эълон қилинган, унда асосан, товарларга (ишлар, хизматларга) олдиндан тўловнинг амалга ошириш зарурати уларни жўнатишдан олдин белгиланган, бизнинг фикримизча, бу шартномада назарда тутилган етказиб берувчининг ҳисоб-китоб рақамига контракт суммасини (сумманинг бир қисмини) олдиндан ўтказишларсиз аккредитив киритиш воситасида товарлар етказиб бериш бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун яхши исбот-далил бўлиб хизмат қилиши мумкин.
НИЗОЛАРНИ ЧЕТЛАБ ЎТИБ, БОШҚА ЧОРАЛАРНИ ҚЎЛЛАШ
Низони олдиндан бартараф этиш йўли билан ҳал қилган маъқул.
166-сон Низомнинг 3-банди йигирма тўртинчи ва йигирма бешинчи хатбошиларига мувофиқ буюртмачининг буюртмаси оммавий оферта, етказиб берувчининг буюртманомаси – акцепт (электрон тизимда жойлаштириладиган офертанинг етказиб берувчи томонидан тўлиқ ва сўзсиз қабул қилиниши) деб ҳисобланади. Бошқача айтганда, буюртмачининг буюртмачига жавобан етказиб берувчи унинг барча шартларига, ҳисоб-китобнинг аккредитив шакли бўйича етказиб бериш учун тўлов ҳақидаги шартга ҳам рози эканлигини тасдиқлайди.
Шу билан бирга биржа савдолари доирасида тузиладиган битимлар ўзига хос жиҳатларга эга. Айнан эса контракт савдолар тугалланган санадан бошлаб 5 кунлик муддат ичида имзолангандан ва буюртмачи томонидан етказиб берувчидан акцепт олинган пайтдан9 эмас, балки биржада рўйхатдан ўтказилгандан сўнг тузилган ҳисобланади. Шу боис, имзоланган контрактнинг намунавий шартлари буюртма шартларига (оферта етказиб берувчиси томонидан қабул қилинган) унчалик мос келмай қолишини эътиборга олиш лозим, бундай буюртмада аввал-бошдан махсус таъкид назарда тутилиши тавсия қилинади. Масалан, унда қуйидагича таъкид бўлиши мумкин: «Буюртманомада назарда тутилган шартлар электрон савдолар натижаларига кўра тузилган етказиб беришга намунавий шартномалардаги бошқа шартлар олдида устунлик қилади».
Савдолар якунлангач, мазкур шарт буюртманомада мавжуд бўлган бошқа шартлар билан бир қаторда контрактнинг намунавий шаклидаги «Алоҳида шартлар» бўлимига автоматик тарзда киритилади, кейинчалик у имзолаш ва биржада рўйхатдан ўтказиш учун томонларга юборилади.
Буюртманомада кўрсатилган ёки шунга ўхшаш шаклларни киритиш заруратини олдиндан биржа воситачиси билан муҳокама қилиб олиш тавсия этилади. Бу товарларни реализация қилиш учун қўйишга буюртманомалар фақат биржа бошқаруви томонидан тасдиқланган белгиланган шакл бўйича қабул қилиниши билан боғлиқ (Биржа савдолари қоидаларининг 62-63-бандлари). Биржа маклериати, агар буюртманомалар белгиланган талабларни бузган ҳолда тўлдирилган бўлса, уларни рўйхатдан ўтказмасликка ҳақлидир. Шу боис шарҳланаётган таъкидни буюртманомани расмийлаштиришга доир биржа талабларига риоя этилган ҳолда киритиш керак.
1ВМнинг 11.06.2013 йилдаги 166-сон Қарорига 2-илова.
2Президентнинг «Халқ хўжалигида ҳисоб-китоблар ўз вақтида ўтказилиши учун корхона ва ташкилотлар раҳбарларининг масъулиятини ошириш борасидаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони.
3Бунда буюртманоманинг шакли буюртмачига етказиб бериш шарти ва тўловни олдиндан белгилашга ҳуқуқни тақдим этади.
4Шу билан бирга, фуқаролик қонун ҳужжатларининг меъёрларига кўра бундай тўловдан буюртмачи томонидан товарларга ҳақ тўлаш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришни таъминлаш сифатида фойдаланилиши мумкин (Фуқаролик кодексининг 380-моддаси саккизинчи қисми).
5«ЎзРТХБ» ОАЖ бошқаруви томонидан 27.08.2004 йилдаги 16-сон баённомага мувофиқ тасдиқланган.
6МБ бошқарувининг АВ томонидан 3.06.2013 йилда 2465-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
7Қонуности ҳужжатларида шарҳланаётган атамалар бир қатор ҳолатларда «ёки» ажратувчиси билан қўлланади, бу, бир томондан, меъёр ижодкорлари мазкур тушунчаларни ажратаётганликларидан, иккинчи томондан эса уларни бир тоифага киритишлари ва улар бир-бирини ўзаро истисно этишини белгилашларидан далолат беради. Охирги айтганимиз буюртмачига олдиндан тўловни амалга ошириш бўйича мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда жавобгарлик белгиланганда далиллар базасининг асосини ташкил қилиши мумкин.
8Қаралсин: Президентнинг 29.08.2006 йилдаги ПҚ-456-сон Қарорига 1-илованинг 35-банди учинчи хатбошиси; ВМнинг 5.02.2004 йилдаги 27-сон Қарори 2-бандининг ўн биринчи хатбошиси; Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржаси биржа савдоларида омихта емни сотиш тартиби тўғрисида низомнинг (Иқтисодиёт вазирлиги ва МВнинг АВ томонидан 16.01.2009 йилда 1884-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган) 15-банди.
9Олий хўжалик суди Пленумининг 18.12.2009 йилдаги «Хўжалик шартномаларини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилишни тартибга солувчи фуқаролик қонун ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги 203-сон қарорининг 6-банди.
Екатерина АДЕЕВА,
«Baker Tilly Uzbekistan» компаниялари гуруҳлари
юридик амалиёти раҳбар ўринбосари.
Халқаро амалиётда бўнак аккредитиви мавжуд, унда буюртмачи хизмат кўрсатувчи банкни сотувчининг ҳисоб-китоб рақамига сотувчи томонидан ҳужжатлар тақдим этилгунига қадар бўнак тўловини ўтказишга кафолатлайди. Бунда эмитент банк буюртмачига хизмат кўрсатувчи банкка бўнак тарзида тўланган маблағларни, ҳатто ушбу аккредитив бўйича товарларни юклаб жўнатиш амалга оширилмаган ҳолларда ҳам қоплаш мажбуриятини ўз зиммасига олади.