Norma.uz

Дивидендга машина хоҳлайман

ИШНИНГ МОҲИЯТИ

2014 йил мартида МЧЖ 2013 йил якунлари бўйича соф фойдани тақсимлаш тўғрисида қарор қабул қилди. Иштирокчилардан бири, устав фондидаги унинг улуши 25%ни ташкил этади, унга дивидендни МЧЖ балансида турган «Captiva» русумидаги енгил автомашинани бериш билан тўлашни сўради. Бироқ қолган иштирокчилар унинг таклифига қарши чиқишди, чунки ушбу автомобиль МЧЖнинг ўз эҳтиёжлари учун ишлатиларди, шу жумладан чет эллик ишбилармон доирадаги ҳамкорларни қабул қилиш ва уларга хизмат кўрсатишда ундан фойдаланиларди. Йиғилиш соф фойдани тақсимлаш ва уни иштирокчиларнинг МЧЖ устав фондидаги улушларининг миқдорларига мутаносиб равишда пул шаклида тўлаш учун йўналтириш тўғрисида қарор қабул қилди.

Бунга қўшилмаган иштирокчи 2014 йил май ойида хўжалик судига мурожаат қилиб, МЧЖ умумий йиғилишининг баённомасини ҳақиқий эмас деб топиш ва унга пул шаклидаги дивидендлар ўрнига автомашина беришларини талаб қилди.


ИШТИРОКЧИНИНГ НУҚТАИ НАЗАРИ

– МЧЖ иштирокчиси сифатида мен жамият устав фондидаги улушимга мутаносиб бўлган дивидендлар олиш ҳуқуқига эгаман. МЧЖ бутун фаолияти мобайнида унинг ҳаётида фаол иштирок этаман. Талаб қилинганда унга вақтинча молиявий ёрдам кўрсатганман, шунингдек МЧЖ эҳтиёжлари учун зарур мол-мулкни текин берганман. Жамият балансида 5 та енгил автомашина бор. Ўзимнинг иштирокчи сифатидаги қонуний ҳуқуқимдан фойдаланиб, мен дивидендлар тўлашлари ўрнига улардан бирини менга беришларини сўрадим. Ўз вақтида жамиятга уни харид қилиш учун пулни беғараз берганман. Бироқ менга асоссиз равишда рад жавоби беришди. Шу сабабли суддан даъвони қондиришни сўрайман.

 

МЧЖ ВАКИЛИНИНГ НУҚТАИ НАЗАРИ

– Иштирокчилар йиғилиши 2013 йил якунлари бўйича олинган соф фойдани тақсимлаш ва унга дивидендлар тўлашга йўналтириш тўғрисида қарор қилди. Иштирокчи дивидендлар тўлаш ўрнига унга автомашина беришни илтимос қилди. Уставга кўра бундай қарор қабул қилиш учун овозларнинг 3/4 қисми бўлиши лозим. Мазкур таклифни бошқа иштирокчилар қўллаб-қувватлашмади, бу МЧЖ иштирокчилари умумий йиғилишининг баённомасида ўз ифодасини топган. «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонунга (6.12.2001 йилдаги 310-II-сон, бундан кейин – МЧЖ тўғрисидаги Қонун) амал қилиб, йиғилиш иштирокчининг таклифини рад этди ва солиқлар ушланганидан кейин дивидендларни пул шаклида тўлаш тўғрисида қарор қабул қилди.

 

СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важ-далиллари ва жавобгарнинг эътирозларини тинглаб ҳамда муҳокама қилиб, қонун ҳужжатларининг қоидаларини таҳлил қилиб, юқорида баён этилган низо ҳолатларини тасдиқлади.

Уларни, шунингдек жамият иштирокчилари ўртасида тақсимланадиган жамият фойдасининг бир қисмини аниқлаш тўғрисида қарор қабул қилиш учун МЧЖ уставида унинг иштирокчилари овозлари умумий сонининг овозлар 3/4 қисмининг розилиги бўлиши кераклиги назарда тутилганлигини, дивидендларни пул шаклида тўлашни автомашина бериш билан алмаштириш тўғрисидаги таклиф овозларнинг 3/4 қисми билан рад этилганлиги, улар соф фойдани иштирокчиларга пул шаклида дивидендлар тўлашга йўналтириш учун овоз берганликларини ҳисобга олиб, хўжалик суди даъво талабларини қондиришни рад этди ва суд харажатларини тўлиқ ҳажмда даъвогар зиммасига юклади.

Апелляция ва кассация инстанциялари судлари биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартиришсиз қолдирдилар.

 

ЮРИСТ ШАРҲИ

МЧЖ тўғрисидаги Қонуннинг ­25-моддасига мувофиқ, жамият йилнинг ҳар чорагида, ярим йилда бир марта ёки бир йилда бир марта ўзининг соф фойдасини жамият иштирокчилари ўртасида тақсимлаш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир. Қарор иштирокчиларнинг умумий йиғилиши томонидан улар умумий сонидан кўпчилик овоз билан, агар бундай қарорлар қабул қилиш учун овозларнинг кўп сони зарурлиги жамият уставида назарда тутилмаган бўлса, қабул қилинади (МЧЖ тўғрисидаги Қонун 34-моддасининг ўнинчи қисми). МЧЖ уставида соф фойдани тақсимлаш тўғрисида қарор қабул қилиш учун МЧЖ иштирокчилари овозлари умумий сонидан овозлар 3/4 қисмининг розилиги бўлиши назарда тутилган эди. МЧЖ иштирокчилари 2013 йил учун фойдани тақсимлашга розилик бердилар. Бироқ улар овозларнинг 3/4 қисми кўпчилиги билан иштирокчининг унга МЧЖ балансида турган автомашинани дивидендлар тўлаш ўрнига бериш таклифига рад жавоби беришди.

Мазкур низони судгача тартибда ҳал қилиш мумкин эди. Иштирокчининг кўрсатишича, у МЧЖ вақтинчалик молиявий ёрдам кўрсатган, шу сабабли, агар сўндирилмаган қарз мавжуд бўлса, у мазкур автомашинани МЧЖдан, масалан, воз кечиш ҳақи сифатида олиши мумкин эди. Бундан ташқари, низони ҳал қилишнинг бошқа усулларини ҳам топиш мумкин эди. Мисол учун, унга МЧЖ балансида мавжуд бўлган бошқа автомобилни бериш тўғрисида келишувга эришиш мумкин эди.


Павел СИЛЬНОВ,

адвокат.

Прочитано: 1949 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика