Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида «Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш – давр талаби» мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-4725-сон Фармони мазмун-моҳиятини ўрганиш ва тарғиб этиш юзасидан қилинаётган ишлар хусусида сўз юритилди.
Фармон билан тасдиқланган чора-тадбирлар дастурида хусусий тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилишда суд органлари ролини кучайтириш назарда тутилган.
Хўжалик судларига назорат қилувчи органнинг шикоят қилинаётган ҳаракати (қарори) ижросини тўхтатиб туриш ҳуқуқи берилади, даъво аризасини кўриб чиқишга қабул қилиш ва ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги ажрим чиқариш муддати 10 кундан 5 кунгача қисқартирилади.
Хўжалик судлари фаолиятига ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш ва интерактив хизматлар кўрсатишни такомиллаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, бугунги кунда суд харажатларини автоматик тарзда ҳисоблаш электрон дастурини яратиш, суд мажлиси жараёнларини аудио қайд этиш ва суд ижро ҳужжатларини электрон шаклда юбориш амалиётини жорий этиш устида иш олиб борилмоқда.
Онлайн-видеоконференция шаклида ўтказилган тадбирда вилоятлардаги тадбиркорлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, саволларига жавоб олди.
ЎзА материали асосида.