Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 28 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

САНЭПИДЕМНАЗОРАТ ТИЗИМИДА КАДРЛАРНИ РОТАЦИЯ ҚИЛИШ ЖОРИЙ ҚИЛИНАДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 26.06.2015 йилдаги 170-сон Қарори билан республика санитария-эпидемиология хизматини малакали кадрлар билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари назарда тутилган.

Хусусан, энди иш берувчилар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар давлат санитария-эпидемиология назорати марказларининг бош врачлари билан 5 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга меҳнат шартномаси тузадилар. Улар 3 йилда бир марта даврийликда аттестациядан ўтишлари керак бўлади. 5 йиллик муддат тугагач, давлат санитария-эпидемиология назорати марказларининг бош врачлари ўзлари эгаллаб турган лавозимдан паст бўлмаган янги иш жойига ўтказилиши лозим. Бош врачлар янги иш жойига ўтказилганда хизмат турар жойи ёки у ижарага олинганлиги учун компенсация тўлови билан таъминланадилар. Улар ишидаги жиддий камчиликлар оқибатида бу муддат анча қисқартирилиши мумкин.

Ҳужжат билан Давлат санитария-эпидемиология хизмати органлари раҳбар кадрларини танлаш, аттестациядан ўтказиш ва ротация қилиш бўйича республика комиссиясининг таркиби тасдиқланди. Мазкур тизимнинг раҳбар ва бошқарув кадрлари лавозимларига номзодлар танланиши бўйича шахсий масъулият соғлиқни сақлаш вазири, Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари зиммасига юкланди.

 

МОЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ТАФТИШЧИЛАРИНИНГ ВАЗИФАЛАРИ АНИҚЛАШТИРИЛДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 30.06.2015 йилдаги 173-сон Қарори билан бюджет қонунчилигига риоя қилиш ва бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши устидан давлат назоратини янада кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий назорат-тафтиш бошқармалари тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш бош бошқармаси (НТББ) вазирлик марказий аппаратининг таркибий бўлинмаси ҳисобланади ва бевосита молия вазирига бўйсунади. НТББнинг Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида юридик шахс мақомига эга бўлмаган назорат-тафтиш бошқармалари бўлади, улар бевосита НТББга бўйсунадилар.

НТББ ҳамда унинг бошқармаларининг асосий вазифаларига қуйидагилар юзасидан давлат назоратини амалга ошириш киради:

 бюджет ва смета-штат интизомига риоя қилиниши;

 Ўзбекистон Республикаси инвестиция дастурларини амалга ошириш учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли фойдаланилиши;

 республиканинг чет элдаги дипломатик муассасалари томонидан чет эл валютасидаги маблағлардан фойдаланилиши;

 пенсиялар ва нафақаларнинг тўғри тайинланиши, ҳисобланиши ва ўз вақтида тўланиши;

 бюджет ссудалари ва кредит линияларидан мақсадли фойдаланилиши ва бошқалар.

НТББ ва унинг бошқармаларига ўз вазифаларини бажаришлари учун тегишли тафтиш ва текширишларни ўтказиш ҳуқуқи берилади.

НТББ ходимлари ва назорат-тафтиш бошқармалари бошлиқлари аттестацияси ҳар 3 йилда ўтказилади. Аттестацияни ўтказиш тартиби молия вазири томонидан белгиланади.

 

КЎМИР БРИКЕТЛАРИ ИШЛАБ ЧИҚАРУВЧИЛАРИ ТАНЛОВ АСОСИДА АНИҚЛАНАДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 2.07.2015 йилдаги 177-сон Қарори билан республикада кўмир брикетлари ишлаб чиқариш ва сотишни комплекс ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тасдиқланди.

Қабул қилинган ҳужжат билан аҳолига ва бюджет ташкилотларига ресурслар ва кўмирни тақсимлаш балансида назарда тутилган ҳажмларда кўмир брикетларини сотиш тартиби белгиланди. Кўмир брикетларини сотиш «Ўзбеккўмир» АЖнинг Қарор билан тасдиқланган рўйхатдаги ҳудудий дистрибьюторлик марказлари ва уларнинг филиаллари орқали амалга оширилади. Кўмир брикетлари ишлаб чиқариш учун ишлаб чиқарувчиларни танлаш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳузурида ташкил этиладиган кўмир брикетлари ишлаб чиқарувчилар рўйхатини аниқлаш бўйича ишчи комиссиялар томонидан танлов асосида амалга оширилади. Танловдан ўтмаган кўмир брикетлари ишлаб чиқарувчилар кўмир брикетлари ишлаб чиқариш учун кўмирни қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда биржа савдоларида сотиб оладилар.

Аҳоли эҳтиёжлари учун кўмирни кўмир брикетлари ишлаб чиқарувчиларга сотиш кўмир етказиб беришнинг ҳар бир туркуми учун 100 фоиз олдиндан ҳақ тўланган ҳолда «Ўзбеккўмир» АЖ билан тузиладиган тўғридан-тўғри шартномалар бўйича тартибга солинадиган нархларда, бюджет ташкилотлари учун эса — маҳсулот қайтариб берилиши асосида амалга оширилади.

Аҳоли ва бюджет ташкилотларига «Ўзбеккўмир» АЖ ҳудудий дистрибьюторлик марказлари орқали сотиладиган 1 тонна кўмир брикетларининг чакана нархи 2015 йил 1 июлдан бошлаб 238 000 сўм миқдорида белгиланади.

Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:

кўмир брикетлари ишлаб чиқарувчилар рўйхатини аниқлаш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳузуридаги ҳудудий ишчи комиссияларнинг намунавий таркиби;

Бюджет ташкилотлари томонидан бюджет маблағлари ҳисобига харид қилинадиган кўмир ва кўмир брикетларини сотиш, етказиб бериш, ташиш, қабул қилиш ва сақлаш тартиби тўғрисидаги низом;

Республика аҳолисини кўмир маҳсулотлари билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низом.

 

ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИНИ СОТИШНИНГ БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИГА ЎЗГАРТИРИШЛАР КИРИТИЛДИ

Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг қарори (АВ томонидан 29.06.2015 йилда 2127-1-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Электр энергиясини сотишни бухгалтерия ҳисобида акс эттириш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Белгиланишича, электр энергиясининг истеъмолчи юридик шахслари ҳудудий электр тармоғи корхоналари (ҲЭТК) билан биргаликда ҳар ойда, ҳисоб-китоб даври тамом бўлгандан кейин 5 кун мобайнида, фойдаланилган электр энергияси учун ўзаро ҳисоб-китобларнинг таққослаш далолатномасини тузишлари шарт.

Низомда аниқлаштирилишича, истеъмолчи юридик шахснинг электр энергияси (қуввати) учун, шунингдек жарима санкциялари, реактив энергия ва қувват компенсацияси учун тарифга устамалар, ноқонуний фойдаланилган электр энергияси қайта ҳисоб-китоби ва пеня бўйича қарзи бўлган тақдирда унинг бўнак тўлови ҳисобига ўтказилган маблағлари қарзни қоплашга йўналтирилади ва бўнак тўлови сифатида ҳисобга олинмайди.

Электр тармоғининг катта юкламали соатларида реактив энергия ва қувватнинг иқтисодий қиймати, айнан шу соатларда реактив қувват ва (ёки) реактив энергия истеъмолининг бир ойдаги техникавий чегаралари белгиланди. Энди улар ҲЭТК томонидан юқорида кўрсатиб ўтилган истеъмолчилар-юридик шахслар томонидан мажбурий тартибда тузиладиган электр тармоқларининг ишлаш режимлари ҳисоб-китоблари асосида белгиланадиган бўлди. Шуни эслатиб ўтамизки, илгари улар ҲЭТК томонидан ягона электр энергетика тизимининг ҳар қайси боғламаси бўйича электр тармоқларининг ишлаш режимлари ҳисоб-китоблари асосида белгиланар эди.

Бундай ҳисоб-китоб мавжуд бўлмаганда, тўлов фақат ҳақиқатда истеъмол қилинган реактив энергияси учун актив энергиясининг амалдаги тарифининг 5 фоизига тенг нарх бўйича, қўшилган қиймат солиғисиз ундирилади.

Қарор «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 6.07.2015 йилдаги 26 (682)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.

 

ОЛИЙ ЎҚУВ ЮРТЛАРИ ТАЛАБАЛАРИГА СТИПЕНДИЯЛАР ТЎЛАШ ТАРТИБИ ЎЗГАРТИРИЛДИ

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг қўшма қарори (АВ томонидан 30.06.2015 йилда 1339-4-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Олий таълим муассасалари талабаларига стипендиялар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги йўриқномага қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритилди.

Киритилган ўзгартиришлар билан Тошкент давлат юридик университети учун таълимнинг модуль тизими жорий қилинганлиги муносабати билан белгиланган тартибга мувофиқ ўқишда улгураётган талабаларга стипендия тайинлаш ўқув йилида 2 маротаба ўтказилади ва стипендия ҳар бир ўқув семестри ойининг 1-кунидан бошлаб тўланади. Стипендиялар якуний назорат натижалари эълон қилинганидан сўнг тўланади.

Истисносиз барча олий ўқув юртлари учун белгиланган тартибга мувофиқ академик қарзини бартараф этган (тегишли фанлар бўйича 55 ва ундан кўп фоиз тўплаган) талабаларга стипендия академик қарзни бартараф этишнинг бир ойлик муддати тугаганидан кейинги ойнинг 1-кунидан бошлаб, талабанинг давомати (рейтинги)га қараб табақалаштирилган коэффициентларни қўллаган ҳолда кейинги ўқув семестрига қадар тайинланади. Шуни эслатиб ўтамизки, илгари стипендия академик қарз топширилганидан сўнг кейинги ойнинг 1-кунидан бошлаб, кейинги ўқув семестрига қадар 0,5 коэффициентини қўллаган ҳолда тайинланар эди.

Шунингдек барча олий ўқув юртлари учун аёл талабаларга стипендиялар ва болани парваришлаш бўйича нафақалар тўлаш тартибига тузатишлар киритилди. 2 ёшгача боласи бўлган ва ўқишни таълимнинг кундузги шаклида давом эттираётган талаба аёлларга стипендия тўлиқ миқдорда тўланади. Илгари аёл талабаларга бир вақтнинг ўзида тўлиқ ҳажмда стипендия ва болани парваришлаш бўйича ойлик нафақа тўланар эди.

Қарор «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 6.07.2015 йилдаги 26 (682)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.

 

Ҳужжатларга қисқача шарҳларни «Norma Profi» эксперти

Елена ЕРМОХИНА тайёрлади.

Прочитано: 4266 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика