Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 24 / Почта қутиси

Кичик аравача учун ҳужжатлар юки

Биз Вьетнамдан балиқ емишини олиб келишни йўлга қўйиш ниятидамиз. Уни божхонадан ўтказиш учун қандай ҳужжатлар талаб қилинади? 

 

– Аввало шуни билиш лозимки, Божхона кодексининг 80-моддасига кўра божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарлар ва транспорт воситаларининг божхона расмийлаштируви ветеринария, фитосанитария, экология назорати ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда давлат назоратининг бошқа турлари амалга оширилганидан кейин тугайди.

Балиқ емиши (ТИФ ТН бўйича коди – 2309) Ўзбекистон Республикаси давлат ветеринария назорати остидаги товарлар рўйхатига (Давлат ветеринария назорати остидаги юкларнинг экспорти, импорти ҳамда транзитида ветеринария ҳужжатларини расмийлаштириш ва уларни ташиш қоидаларига1 1-илова, бундан кейинҚоидалар) киритилган. У 23-товар гуруҳи «Озиқ-овқат саноати қолдиқлари ва чиқиндилари; ҳайвонлар учун тайёр озуқалар»га киради. Шу боис Қоидаларда ушбу товарни олиб кириш чоғида тегишли ветеринария ҳужжатларини тақдим этиш талаб қилинади.

 

ВЕТЕРИНАРИЯ РАСМИЯТЧИЛИКЛАРИ

Импорт чоғида ветеринария гувоҳномасини чегарадаги ветеринария назорат пункти беради, ветеринария сертификатини экспорт қилувчи мамлакатнинг ветеринария хизмати, импорт қилишга рухсатномани ЎзР бош давлат ветеринария инспектори ёки унинг ўринбосарлари беради.

Ветеринария ҳужжатларини расмийлаштириш учун импортчи юк тайинланган жойдаги ҳудудий ветеринария хизматига ёзма мурожаатнома тақдим этиши лозим. Унда юк эгасини (номи/Ф.И.Ш.); олиб кириш мақсади; олиб кирилаётган маҳсулот тури ва миқдори; келиб чиқиш мамлакати; юк олиб келишга мўлжалланган транспорт тури; давлат чегарасидан кесиб ўтишнинг мўлжалланаётган чегара пунктлари; сақлаш ва карантиндан ўтказиш жойи; юкни қайта ишлаш корхонасини (агар бор бўлса) кўрсатиш керак.

Мурожаатнома асосида вилоят ветеринария бошқармаси бир ҳафта ичида импорт қилинаётган юкнинг сақланиш, фойдаланиш шарт-шароитлари (эркин реализация, лабораториядаги ва бошқа тадқиқотлар, қайта ишлаш ва бошқалар) ва тегишли маъмурий ҳудуднинг эпизоотик ҳолати билан танишиши шарт. Шундан кейин бошқарма, биринчидан, Ўзбекистон бош давлат ветеринария инспекторига юкни импорт қилишга рухсат бериш тўғрисида сўров билан ёзма мурожаат қилиши, иккинчидан, юк эгасига юкнинг аниқ тури импорти учун ветеринария талабларини, шунингдек экспортчи давлатнинг марказий ветеринария органи билан келишилган шаклда ветеринария гувоҳномаси ёки сертификати намунасини тақдим этиши керак.

Республика бош ветеринари ёки унинг ўринбосари 3 кун ичида сўровни кўриб чиқиб, ёзма рухсат беради ёки уни беришдан бош тортиб, албатта асосли сабабларни кўрсатади. Ўзбекистон Республикасига назоратдаги юкни олиб кириш ҳуқуқини тасдиқлайдиган ҳужжат ҳисобланувчи бундай рухсатнома 1 кун ичида Ўзбекистон Республикаси давлат чегараси ва транспортидаги ветеринария назорати бошқармасига, шунингдек тегишли вилоят ветеринария бошқармасига юборилади, вилоят бошқармаси уни бевосита импортчига топшириши шарт.

Юк келганидан кейин чегарадаги ветеринария назорати пункти ходими рухсатнома ёки унинг нусхаси асосида ветеринария сертификати ўрнига белгиланган шаклда тегишли ветеринария гувоҳномасини расмийлаштиради. Унда албатта республика бош ветеринария инспектори рухсатномасининг рақами ва берилган санаси кўрсатилади.

Олиб киришга рухсатнома бериш рад этилганда вилоят инстанцияси 1 кун ичида бу ҳақда импортчига маълум қилиб, албатта билдирувномага рад этиш хати нусхасини илова қилиши керак.

 

БОШҚА ҲУЖЖАТЛАР

Мажбурий тартибда сертификатланадиган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқариладиган ва унга олиб кириладиган маҳсулотлар турлари рўйхатига (ВМнинг 28.04.2011 йилдаги 122-сон Қарорига 1-илова) изоҳга кўра ҳайвонлар учун озуқа тайёрлашда ҳам фойдаланиладиган маҳсулотлар мажбурий равишда сертификатланиши керак.

Шуни ҳам билиш лозимки, ҳайвонларни боқиш учун ишлатиладиган маҳсулотлар (ТИФ ТН бўйича коди – 2309) Ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан давлат тилида маркировка қилиниши шарт бўлган импорт қилинадиган истеъмол товарларининг айрим турлари рўйхатига (ВМнинг 13.05.2013 йилдаги 127-сон Қарорига 1-илова) киритилган. Агар олиб кирилаётган товар (сизнинг ҳолатда – балиқ учун емиш) товар қисми ҳисобланган ва унинг тўғридан-тўғри чакана савдога келиб тушадиган қийматига кирадиган истеъмол ўрамига (идишга) эга бўлса, уни албатта давлат тилида маркировкалаш лозим.

Эркин муомалага (импортга) чиқариладиган товарларнинг божхона расмийлаштируви Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг2 ­5-бўлимига мувофиқ амалга оширилади. Бунинг учун юридик шахслар Божхона органларига экспорт-импорт юкларини расмийлаштириш пайтида тақдим этиладиган ҳужжатларнинг рўйхатида3 назарда тутилган ҳужжатларни тақдим этадилар. Товарлар импорт божхона режимида жойлаштирилганда жисмоний шахслар қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

транспортга оид ва товарга илова қилинувчи ҳужжатлар (товарлар қўл юкида ёки кузатиб бориладиган багажда олиб ўтиладиган ҳоллар бундан мустасно);

зарур ҳолларда – келиб чиқиш, мувофиқлик, фитосанитария ва ветеринария сертификатлари;

божхона юк декларацияси;

зарур ҳолларда – ваколатли органларнинг рухсатномалари.

Уларни божхона органига электрон шаклда, электрон рақамли имзо билан тасдиқлаган ҳолда «Товарларни электрон декларациялаш» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали тақдим этиш мумкин.

Эслатиш жоизки, Вазирлар Маҳкамасининг «Тижорат фаолияти учун мўлжалланган товарларни олиб келувчи жисмоний шахсларни рўйхатдан ўтказишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига (12.08.2004 йилдаги 387-сон) кўра жисмоний шахслар – четдан товар олиб келувчилар экспорт-импорт операцияларини ва чакана савдони амалга ошириш ҳуқуқи билан юридик шахс бўлмасдан якка тартибдаги тадбиркорлар сифатида рўйхатдан ўтишлари шарт.

 

1Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринария бош бошқармаси бошлиғининг АВ томонидан 22.01.2004 йилда 1302-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.

2ДБҚ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 3.11.1999 йилда 834-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

3ТИАВ, МВ ва ДБҚ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 8.04.1998 йилда 428-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 1523 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика