Хусусий корхонанинг асосий фаолият тури мева-сабзавот консерваларини ишлаб чиқариш ҳисобланади. Биз етказиб берувчилар билан хом ашё харид қилишга шартнома тузмоқчи эдик, бироқ улардаги мева ва сабзавотларнинг нархи бизга мақбул келмаяпти. Банклар томонидан деҳқон бозорларида хом ашё сотиб олиш учун нақд пул берилмаяпти. Муассис хом ашёни ўз нақд пулига сотиб олиб, буни ўз устав фондини кўпайтириш ёки хом ашё ва материаллар тарзидаги вақтинчалик молиявий ёрдам сифатида расмийлаштирмоқчи бўляпти.
Хусусий корхона мулкдори томонидан ўз маблағлари ҳисобидан сотиб олинган хом ашёнинг ишлаб чиқаришга ўтказилишини қандай қилиб тўғри расмийлаштирса бўлади?
У.Мамаюсупов,
ХК етакчи бухгалтери.
– Хусусий корхона мулкдори томонидан ўз маблағлари ҳисобидан ишлаб чиқариш учун сотиб олинган хом ашёнинг ўтказилишини қуйидагича расмийлаштириш мумкин:
устав капиталига қўшимча ҳисса;
қарз шартномаси бўйича корхонага товар тарзида қарз бериш;
ҳадя шартномаси бўйича хом ашёни бепул бериш.
КАПИТАЛНИ КЎПАЙТИРАМИЗ
«Хусусий корхона тўғрисида»ги Қонуннинг (11.12.2003 йилдаги 558-II-сон) 13-моддасига мувофиқ хусусий корхонанинг устав фондини кўпайтириш ва камайтириш мулкдорнинг қарорига кўра хусусий корхонанинг уставига ўзгартишлар киритиш йўли билан амалга оширилади. Пул, қимматли қоғозлар, пул билан баҳоланадиган бошқа мол-мулк ёки мулкий ҳуқуқлар ёхуд бошқа шахсга бериладиган ўзга ҳуқуқлар хусусий корхонанинг устав фондига қўшиладиган ҳисса бўлиши мумкин. Мулкдор хусусий корхонанинг устав фондига ўзи киритадиган мол-мулкни мустақил баҳолайди (Қонуннинг 12-моддаси).
Бухгалтерия ҳисобида мулкдорнинг қўшимча ҳиссаси сифатида келиб тушадиган хом ашё ва материаллар қуйидаги ёзувлар орқали акс эттирилади:
таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартиришларни давлат рўйхатидан ўтказилгунга қадар:
1000-«Материалларни ҳисобга олувчи счётлар» дебети
6630-«Муассисларга устав капиталига киритиладиган мол-мулк бўйича қарзлар» ҳисобварағи кредити;
ўзгартиришлар давлат рўйхатидан ўтказилганидан сўнг:
6630-«Муассисларга устав капиталига киритиладиган мол-мулк бўйича қарзлар» ҳисобварағи дебети
8330-«Пай ва улушлар» ҳисобварағи кредити.
Мулкдор томонидан хом ашё тарзида қўшимча ҳисса киритилиши қабул қилиш-топшириш далолатномаси билан тасдиқланади. Унинг омборга келиб тушиши ва ишлаб чиқаришга сарфланиши умумбелгиланган тартибда амалга оширилади.
БИР МАШИНА САбЗАВОТ ҚАРЗГА ОЛИНИБ, БИР ЯРИМ БАРАВАР ҚИЛИБ ҚАЙТАРИЛСА
Қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи – ХК мулкдори) иккинчи тарафга (қарз олувчига – ХК) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади. Қарз шартномаси ёзма шаклда тузилади. Қарз шартномаси пул ёки ашёлар топширилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади (Фуқаролик кодексининг 732, 733-моддалари). ФКнинг 734-моддасида қарз шартномасини қарздор томонидан фоизлар тўланиши ёки фоизлар тўланмаслиги шартлари билан тузиш назарда тутилган. Бундай шартноманинг мажбурий шарти қарз олувчи корхона томонидан қарз берувчи мулкдорга худди шундай ёки ундан кўпроқ (шартлашилган фоиз ҳажмида) миқдорда хом ашёни қайтариш мажбурияти ҳисобланади.
Бухгалтерия ҳисобида қарз шартномаси бўйича хом ашё ва материалларнинг келиб тушиши қуйидаги ёзувларда акс эттирилади:
Хўжалик операциясининг мазмуни
|
Дебет
|
Кредит
|
Тасдиқловчи ҳужжатлар
|
Қарз шартномаси бўйича материаллар олинди ва кирим қилинди
|
1000-«Материалларни ҳисобга олувчи счётлар»
|
6820-«Қисқа муддатли қарзлар»; 7820-«Узоқ муддатли қарзлар» |
Қарз шартномаси, юкхат
|
Қарз бўйича фоизлар ҳисоблаб ёзилди
|
9610-«Фоизлар кўринишидаги харажатлар»
|
6920-«Ҳисобланган фоизлар»
|
Қарз шартномаси, бухгалтерия маълумотномаси
|
Фоизларни тўлаш манбаида (қарздорда) фойда солиғи ҳисобланди
|
6920-«Ҳисобланган фоизлар»
|
6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз»
|
Бухгалтерия маълумотномаси
|
Қарз бўйича фоизлар тўланди
|
6920-«Ҳисобланган фоизлар»
|
5110-«Ҳисоб-китоб счёти»
|
Банк кўчирмаси
|
Тўлов манбаида солиқ тўланди
|
6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз»
|
5110-«Ҳисоб-китоб счёти»
|
Банк кўчирмаси
|
Қарз шартномаси бўйича қайтарилиши лозим бўлган материаллар қиймати ҳисобдан чиқарилди (солиқ тўловчилар учун ҚҚС ҳисоблаб ёзилди)
|
9220-«Бошқа активларнинг чиқиб кетиши»
|
1000-«Материалларни ҳисобга олувчи счётлар» (6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз») |
Ҳисобварақ-фактура
|
Қарз шартномаси бўйича материаллар қайтарилганлиги акс эттирилди
|
6820-«Қисқа муддатли қарзлар»; 7820-«Узоқ муддатли қарзлар» |
9220-«Бошқа активларнинг чиқиб кетиши»
|
Қарз шартномаси, ҳисобварақ-фактура
|
ЧИН КЎНГИЛДАН ҚИЛИНГАН ҲАДЯ
Ҳадя шартномасига мувофиқ бир тараф (ҳадя қилувчи) бошқа тараф (ҳадя олувчи)га ашёни текинга мулк қилиб беради (ФКнинг 502-моддаси). Корхона томонидан текинга олинган хом ашё қиймати бухгалтерия ҳисобига қабул қилинган санадаги унинг жорий қийматидан келиб чиқиб белгиланади. Ҳужжатлар билан тасдиқлаш деб қуйидагилар эътироф этилади:
худди шундай хом ашёни етказиб бериш ҳужжатлари;
етказиб берувчиларнинг нархларга оид маълумотлари (прайс-варақлар);
оммавий ахборот воситаларидан олинган маълумотлар;
биржа маълумотлари;
давлат статистика органларининг маълумотлари.
Бухгалтерия ҳисобида ҳадя шартномаси бўйича хом ашё ва материалларнинг бепул келиб тушиши қуйидаги ёзувларда акс эттирилади:
1000-«Материалларни ҳисобга олувчи счётлар» дебети
8530-«Текинга олинган мулк» ҳисобварағи кредити.
Унинг олинганлиги қабул қилиш-топшириш далолатномаси билан тасдиқланади. Хом ашёнинг омборга келиб тушиши ва унинг ишлаб чиқаришга туширилиши умумбелгиланган тартибда расмийлаштирилади.
Текин олинган материаллар қиймати фойда солиғини (Солиқ кодексининг 132-моддаси 4-банди) ва ЯСТни (Солиқ кодексининг 355-моддаси) ҳисоблаб чиқаришда солиқ солинадиган базага киритилади.
Хулоса қилишда шуни таъкидлаш жоизки, мулкдор томонидан устав капиталига қўшимча ҳисса сифатида ишлаб чиқаришга хом ашёни киритиш корхона учун энг самарали усул ҳисобланади. Бундай операция корхонада солиқ мажбуриятларини юзага келтирмайди. Мазкур усулнинг афзаллиги яна шундаки, келгусида мулкдор корхонанинг устав капиталини камайтириб, унинг бир қисмини бошқа мол-мулк, шу жумладан пул маблағлари билан қайтариб олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Мулкдордан товарга доир қарз кўринишида хом ашё олинган тақдирда, корхонада унга худди шундай кўринишдаги хом ашёни, бунга эҳтиёжи бўлмаса-да, қайтариш мажбурияти юзага келади. Шунингдек мазкур ҳолатда корхонада фоизларни тўлаш ва қўшимча солиқ мажбуриятлари (шу жумладан умумбелгиланган солиқларни тўловчилар учун ҚҚС бўйича мажбуриятлар) кўринишидаги қўшимча харажатлар юзага келади. Текин олинган хом ашё ҳам солиқ оқибатларини келтириб чиқариши мумкин.
Ирина АХМЕТОВА,
«Norma Profi» эксперти.