Norma.uz

Кредит скоринг натижасига кўра берилади

Мамлакатимизда молия инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Мазкур инфратузилманинг муҳим бўғинларидан бири кредит тарихи (ўтмиши) нуқсонсиз қарз олувчига анчагина қулай шартларда банкда ёки микромолия ташкилотида кредит олиш имкониятини берадиган кредит бюросидир. Кредит бюроси молия ташкилотларига кўплаб турдаги хизматларни тақдим этади, шу жумладан скоринг ўтказилишида кўмакдош бўлади. Газетамизнинг ушбу сонида скоринг нима эканлиги ва унинг кичик бизнес ҳамда аҳолини молиялаштиришдан эмин-эркин фойдаланиши доирасини кенгайтиришга қай йўсинда таъсир этиши ҳақида сўз юритамиз.

 

 

Ўзбекистонда иқтисодиётни ва кичик бизнесни кредитлаш йил сайин ортиб бормоқда. Чунончи, 2014 йилда иқтисодиётнинг реал секторига кредитлар 2013 йилдагига нисбатан 31,2 фоиз кўпроқ йўналтирилди. Кичик бизнес субъектларига 9,2 трлн сўмдан кўпроқ маблағ берилди – бу ўтган йилдагидан 1,3 марта кўп демакдир.

Кредитлашнинг кўпайиб бориши кичик бизнесни ривожлантиришда муҳим роль ўйнайди. Бироқ кредитлашнинг ўсиб бориши мазкур соҳадаги молия институтлари ўртасида рақобатни кучайтиради ҳам. Энг яхши мижоз учун курашда таҳдид-таваккалчиликларни тез ва муносиб баҳолай оладиган, молиялаштира биладиган ва маблағни вақтида қайтара оладиган ташкилотлар ютиб чиқадилар. Халқаро амалиётга қараладиган бўлса, мазкур вазифаларни ҳал этишнинг самарали воситаси скорингдир.

Эҳтимол тутилаётган (потенциал) қарз олувчининг кредит лаёқатини баҳолашнинг бу тизимини молия ташкилотларимиз субъектив скоринг тарзида амалиётда қўллаб келмоқдалар. Чунончи, қарз берувчи кредит ташкилотига кредит сўраб мурожаат қилган пайтда кредит бўлимининг ходими тақдим этилган ҳужжатлар асосида унинг кредит лаёқатини баҳолайди ҳамда кредит бериш ёки бермаслик ҳақида хулоса тайёрлайди. Учраши эҳтимоли бўлган субъектив омилларни бартараф этиш учун хулоса энди кредит қўмитасида кўриб чиқилади. Лекин субъектив скорингга хос хусусиятлар аҳолини ва кичик бизнесни чакана кредитлашда уни қўлланишни самарасиз қилиб қўяди.

Чакана кредитлаш учун энг самаралиси статистика скорингидир. Бундай скоринг қарз олувчининг кредитни қайтариш имкониятлари ва истагини баҳолашнинг аввалги кредитлар тўғрисидаги ахборотларни математика ва статистика усуллари ёрдамида компьютерда ишловдан ўтказишга асосланган тизимидир. Статистика скорингини ишлаб чиқиш ва ундан фойдаланиш учун молия ташкилотига 500 дан ортиқ берилган ва қайтарилган (узилган) кредитлар тўғрисидаги маълумотлар жамламаси зарур. Уни таҳлил этиш таҳдид-таваккалчиликлар даражасига таъсир қилувчи кредит операцияларининг муфассал тавсифини аниқлаш имконини беради.

Статистика скоринги Иккинчи жаҳон уруши йилларида банкларда кредит соҳасида профессионал мутахассислар кескин камайиб кетганлиги сабабли юзага келди. Банклар кредит лаёқатини баҳолаш борасида кўпинча етарлича тажрибаси бўлмаган янги ходимларни ишга ёллаш ва эски ходимларни алмаштиришга мажбур бўлгач, кредит бўйича қарор қабул қилиш юзасидан мутахассис бўлмаган кишилар учун қоидалар ишлаб чиқдилар ва бу қоидалар скоринг тизимларининг ибтидоси, тимсоли бўлиб қолди.

Статистика скоринги ечимининг соддароқ қоидалари скоринг харитаси (баҳолаш варағи) ҳамда кредит таҳдид-таваккалчиликларини баҳолаш қоидалари мажмуидан иборатдир. Кўриб чиқилаётган кредит операциясининг барча кўрсаткичлари таҳдид-таваккалчиликнинг ҳар бир идентификация қилинган омили учун балл олади. Баллар суммаси якуний кредит баллни ташкил этади. Бу балл алоҳида шкала бўйича баҳоланаётган операциядаги кредит таҳдид-таваккалчилиги қанчалик катта эканлиги эҳтимолини кўрсатиб беради.

Скорингни қўлланиш бўлажак кредит операциялари тавсиф жиҳатдан ўхшашроқ аввалги кредит операцияларда кузатилганига ўхшаб кетадиган кредит таҳдид-таваккалчиликлари қанчалик учрашини чамалаб беради. Қарз олувчининг айрим тавсифларига хос кредит таҳдид-таваккалчилиги даражасидан келиб чиқиб, муайян қарз олувчининг қуйида мисол тариқасида келтирилаётган скоринг балли кўринишидаги умумий кредит таҳдид-таваккалчилиги аниқланади.

 

Скоринг харитаси намунаси*

Индикатор

 

Қарз олувчи кўрсаткичи

 

Балл

 

Арзгўйнинг уй-жой мулки мақоми

 

Уй мулкдори

 

+18

 

Арзгўйнинг ёши

 

40 ёш ва ундан катта

 

+6

 

Арзгўйнинг оилавий аҳволи ва оиласи таркиби

 

Уйланмаган/турмушга чиқмаган

 

-5

 

Уйланган, болалари бор

 

+11

 

Уйланган, болалари йўқ

 

+8

 

Фаолият тури

 

Ҳунарманд

 

+12

 

Бизнес соҳасида неча йилдан бери шуғулланади

 

2 йилдан камроқ

 

–8

 

Йиллик даромад (фаолиятдан жами ва иш ҳақи)

 

30 млн сўм ва ундан кўпроқ

 

+15

 

Қарздорликнинг жорий даражаси (шу жумладан мўлжалланаётган кредит)

 

2–10 млн сўм

 

+14

 

Муассасада олинган аввалги кредитлар

 

2 марта ва ундан ортиқ

 

+25

 

Аввалги кредит вақтида ўтказиб юборилган энг кўп муддат

 

30 кундан ортиқ

 

–45

 

Мўлжалланаётган кредит валютаси

 

Сўм

 

+5

 

Сўралаётган (талаб қилинаётган) кредит суммаси

 

10 млн сўмдан камроқ

 

+6

 

Жами

 

 

+62

 

 

 

*Мазкур намунадаги барча маълумотлар ва баллар мисол тариқасида келтирилмоқда. Реал баҳо кўп миқдордаги кузатувлар таҳлили натижаси асосида аниқланган тегишли омил салмоғига қараб белгиланади. 

 

Шундай қилиб, кредит олиш учун берилган ариза-буюртма 62 баллдан иборат якуний скоринг натижасига эга бўлди. Илгари скоринг бали 62 бўлган 10 та кредитдан 9 таси ўз вақтида, тўла-тўкис узилган, биттаси эса муаммоли кредит бўлиб қолган. Демак, кўриб чиқилган кредит ариза-буюртмаси 10 фоизли таҳдид-таваккалчилиги бўлган муаммоли кредит бўлиши мумкин. Борди-ю, молия ташкилоти айни шундай скоринг балига эга бўлган 100 та кредит бериш ҳақида қарор қабул қиладиган бўлса, уларнинг 90 таси вақтида, тўлиқ қайтарилади, 10 таси эса, муаммоли бўлиши мумкин. Банк ёки микрокредит ташкилоти ана шундай эҳтимолликни билгач, кредит таҳдид-таваккалчилигининг ўзи учун мақбул даражасини белгилаб олиши мумкин.

Статистика скорингини қўллаш эҳтимол тутилган (потенциал) қарз олувчининг кредит лаёқатини тез, ишончли тарзда баҳолаш имконини беради. Жумладан, «Русский стандарт» банкида скоринг тизимини жорий этиш истеъмол кредитлари бериш муддатини қисқартирди, бу ишни 2 ҳафта ўрнига 15 дақиқада амалга ошириш имконини берди. Бу эса банк чакана кредитлаш борасида Россия бозорида тезгина етакчи мавқени эгаллашига олиб келди.

Скоринг молия ташкилотларига кўплаб миқдордаги чакана кредитларни қамраб олиш имконини берадиган, нисбатан қиммат бўлмаган воситадир. Маълумки, чакана кредитларда ҳар бир қарз бўйича даромадлар молия ташкилотининг қарз олувчининг кредит лаёқатини анъанавий усул билан таҳлил этишдаги харажатларини қоплай олмайди. Оқибат натижада чакана кредитлар бўйича фоиз ставкалари, одатда, узоқ муддатли инвестиция кредитлари бўйича ставкалардан анчагина ошиб кетади.

Статистика скорингини қўллаш молия ташкилотлари кредит бўлимларининг ходимлари профессионал малакаси даражасига боғлиқлигини камайтиради. Скорингга асосланган кредитлаш алоҳида кўникма талаб этмайди, кредит бериш тўғрисидаги қарор математик модуль ёрдамида қабул қилинади, мутахассисларнинг субъектив фикри эса, фақат алоҳида ҳоллардагина инобатга олинади. Статистика скорингини қўллаш кредит беришни соддалаштиради, кредитлашни мақбуллаштириш ва уни камроқ миқдордаги ходимлар билан янада холислик асосида амалга ошириш имконини беради. Скоринг асосида кредитлаш жараёнини автоматлаштириш амалда инсон омилини истисно этишга замин яратади, даромадлиликни ошириш мақсадидаги молиялаштириш операциялари билан боғлиқ таҳдид-таваккалчиликларни камайтиради, ишни ташкил этишнинг очиқ-ошкоралигини таъминлайди. Бундай баҳолаш ташкилотни ва унинг ходимларини кредитлар бериш ва уларнинг вақтида қайтарилиши учун жавобгарликка тортиш таҳдиди ва таваккалчиликларини камайтириши ҳам бағоят муҳимдир.

Бугунги кунда Ўзбекистондаги тижорат банклари скоринг тизимлари чакана кредитлашни ривожлантиришнинг зарур ва керакли воситаси эканлигини тушуна бошладилар. Банкларга хизмат кўрсатишнинг амалдаги тизими кредит сўралган ариза-буюртмаларни ишловдан ўтказиш учун анча вақт талаб қилади. Ссуда сўровчисининг кредит лаёқатини баҳолашни «қўлбола» амалиёти ва кредит буюртмаларини банкларнинг кредит қўмиталари томонидан маъқуллаш тажрибаси ўз ичига чакана кредитлашни ҳам оладиган молиявий маҳсулотлар кўпайиб бориши билан ўз вазифасини уддалай олмай қоляпти. Баъзи банклар истеъмол кредитлари беришда скоринг-калькулятор деб юритиладиган усулни ҳам қўлламоқдалар. Веб-сайтда скоринг-жадвални тўлдириб, қарз олишнинг дастлабки баҳоси ва эҳтимолини билиш, бошқача қилиб айтганда, истеъмол кредити бериш юзасидан скоринг-таҳлилдан ўтиш мумкин. Аммо ана шундай ҳолларда ҳам гап субъектив скоринг ҳақида боради, бинобарин кредит бериш ҳар бир кредитга доир буюртма-ариза кредит ходими томонидан ва банкнинг кредит қўмитаси томонидан индивидуал тарзда таҳлил этиш йўли билан амалга оширилади.

Шу сабабли ҳам, статистика скорингига ўтиш мақсадга мувофиқ кўринади. Бундай скорингни молия ташкилотларигина эмас, балки кредит бюролари ҳам ўтказишлари мумкин. Ҳамма-ҳаммаси уларнинг маълумотлар базасига, ваколат доирасига ва бозордаги стратегияга боғлиқ. Кредит бюроларининг скоринг тизимлари банклар, микромолия ташкилотлари ва лизинг компаниялари учун энг «харидоргир», талаб катта бўлган маҳсулотлардан биридир.

Халқаро тажриба шундан шоҳидлик берадики, Ўзбекистонда статистика скорингини жорий этиш ва кредитлаш жараёнини автоматлаштириш молиялаштиришнинг даромадлилигини ва ҳажмини ошириш, айни бир вақтда операциялар билан боғлиқ харажатларни анчагина қисқартириш, муаммоси бўлган қарздорлар сонини камайтириш ва кредит портфели сифатини яхшилаш имконини беради.

 

Материал Халқаро молия корпорациясининг (IFC)
Ўзбекистонда молия инфратузилмасини мустаҳкамлаш (ACAFI) тўғрисидаги, Швейцария ҳукумати билан ҳамкорликда
амалга оширилаётган лойиҳа доирасида тайёрланди.

Прочитано: 6552 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика