Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 22 / Бевосита мулоқот

ННТ ҳам тўлов тўлайди

Бизнинг нодавлат нотижорат ташкилотининг (ХХТУТ бўйича коди – 97950) уставида белгиланган фаолияти шаҳар ҳудудида жойлашган савдо ва умумий овқатланиш, маиший хизмат кўрсатиш корхоналари, бозорлар, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқарувчи корхона ва ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш, шаҳар аҳолисини озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашни ташкил этиш, мулкчилик шаклидан қатъи назар, корхона ва ташкилотлар билан ўзаро алоқада халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқаришни ва хизмат соҳасини ривожлантиришдан иборат.

Тегишинча, бизга алкоголь маҳсулотларининг савдо ҳуқуқи учун йиғимларнинг 5 фоизи, лицензия битими учун энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида, ташкилотлар билан ихтиёрий ҳамкорлик шартномаси асосида тўланадиган бадаллар ҳисобидан пул маблағлари келиб тушади. Бу маблағлар фаолиятни таъминлаш билан боғлиқ бўлган бошқарув харажатларини қоплашга йўналтирилади.

Қуйидаги масалаларга ойдинлик киритишда ёрдам беришингизни сўраймиз.

1. Ташкилотимиз бюджетга ва бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига қайси солиқ ва тўловларни тўлайди?

2. Биз ЯИТни 15 фоиз миқдорида тўлаймизми ёки 25 фоиз?

А.Халбаев.

 

– Аввало, нодавлат нотижорат ташкилотлари қандай ташкилот эканлигини эслаб ўтсак. «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги Қонуннинг (14.04.1999 йилдаги 763-I-cон, кейинги ўринларда ННТ тўғрисидаги Қонун) 2-моддасига биноан ННТни тузишнинг асосий мақсадлари бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, бошқа демократик қадриятларни ҳимоя қилиш;

ижтимоий, маданий ва маърифий мақсадларга эришиш;

маънавий ва бошқа номоддий эҳтиёжларни қондириш;

xайрия фаолиятини амалга ошириш;

бошқа ижтимоий фойдали мақсадлар.

Шу тариқа, агар ННТнинг фаолияти ННТ тўғрисидаги Қонуннинг 2-моддасида белгиланган бир ёки бир нечта мақсадга эришишга йўналтирилган бўлса, нотижорат фаолияти деб эътироф этилади. Мазкур мақсад (мақсадлар) нодавлат нотижорат ташкилотининг уставида қайд этилиши керак (ННТ тўғрисидаги Қонун 17-моддаси биринчи қисмининг иккинчи хатбошиси).

«Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг (2.05.2012 йилдаги ЎРҚ-328-сон Қонун билан тасдиқланган таҳрирда) 3-моддасига мувофиқ тадбиркорлик фаолияти (тадбиркорлик) тадбиркорлик фаолияти субъектлари томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган, ўзи таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олишга қаратилган ташаббускорлик фаолиятидир.

Солиқ кодексининг (кейинги ўринларда – Кодекс) 17-моддасига кўра нотижорат ташкилотларига бюджет ташкилотлари, шу жумладан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, шу жумладан Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтган халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ташкилотлар киради (Кодекснинг 17-моддаси). Нотижорат ташкилотлари деганда фойда олишни фаолиятининг асосий мақсади қилиб олмаган ва олинган даромадларни ўз қатнашчилари (аъзолари) ўртасида тақсимламайдиган юридик шахслар тушунилади.

Кодекснинг фойда, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, ҚҚС, мол-мулк, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ва ер солиқларига бағишланган бобларида нотижорат ташкилотлар ушбу солиқларнинг тўловчиси бўлмасликлари қайд этилган. Шунингдек, нотижорат ташкилотлари бюджетдан ташқари жамғармаларга мажбурий ажратмаларнинг ҳам тўловчиси ҳисобланмайдилар, бундан уларнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишдан олган даромадлари мустасно.

Агар нотижорат ташкилоти тадбиркорлик фаолияти билан ҳам шуғулланса, ушбу фаолиятдан олинган тушумлардан белгиланган барча солиқларни (ҚҚС, фойда солиғи, мол-мулк солиғи ва бошқаларни) тўлайди.

Ташкилотни тутиб туриш ва устав фаолиятини амалга оширишга олган, мақсадли фойдаланишга ва (ёки) текин келиб тушган маблағлар нотижорат ташкилотларининг солиқ солинадиган даромади сифатида қаралмайди. Чунончи, аъзо бўлиш бадаллари, аъзолик бадаллари, устав мақсадларини бажариш учун олинган ҳомийлик ёрдами маблағлари нотижорат ташкилотларининг даромади сифатида қаралса-да, уларга солиқ солинмайди. Чунки нотижорат ташкилотларининг Кодекснинг 132-моддасида кўрсатилган бошқа даромадларига солиқ солинмайди (қўшма фаолиятда иштирок этишдан даромадлар, дивидендлар ва фоизлар; роялти бундан мустасно).

Лекин, Кодекснинг 51-боби 305-моддасида Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган юридик шахслар ва Ўзбекистонда фаолиятни доимий муассаса, чет эллик юридик шахсларнинг ваколатхоналари ва филиаллари орқали амалга оширувчи республикамиз норезидентлари ягона ижтимоий тўловни тўловчилари ҳисобланадилар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 4 декабрдаги ПҚ-2270-сон Қарори 25-иловасига асосан фақатгина микрофирмалар ва кичик корхоналар, шунингдек фермер хўжаликлари 15 фоизлик ягона ижтимоий тўлов тўлашлари мумкин. Микрофирмалар ва кичик корхоналар, шунингдек фермер хўжаликлари ҳисобланмайдиган солиқ тўловчилар эса ягона ижтимоий тўловни 25 фоизлик ставка бўйича тўлайдилар. Яъни, нотижорат ташкилотлари, жумладан сизнинг ташкилотингизда ҳам 25 фоизлик ставка бўйича ягона ижтимоий тўлов тўланади.

Шунингдек, жисмоний шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек Ўзбекистонда доимий равишда яшаб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўловчилари ҳисобланадилар.

Бунда суғурта бадалларини ҳисоблаш ва ушлаб қолиш мажбурияти, шунингдек уларнинг тўғри ҳисоблаб чиқарилиши учун жавобгарлик иш берувчи зиммасига юклатилганлиги сабабли жисмоний шахслардан ушлаб қолинган суғурта бадаллари ҳам бюджетга ташкилотингиз томонидан тўлаб берилади.

 

Жавобни солиқ маслаҳатчиси
Мурод МУҲАММАДЖОНОВ тайёрлади.

Прочитано: 3776 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика