Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 22 / Ташаббус-2015

Пешқадамлик майдони

Хусусий бизнес соҳасида энг ташаббускор, энг намуналиларни аниқлаб берадиган «мардлар майдони»нинг мамлакат босқичи ниҳоят бошланди – 2015 йил 28–29 май кунлари Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар ўртасида ўтказиладиган «Ташаббус-2015» кўрик-танловининг якуний, республика босқичи бўлиб ўтди.

 

Ҳар йили ўтказиб келинаётган «Ташаббус» кўрик-танлови кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга, соҳа вакиллари эришаётган илғор натижаларни тарғиб қилишга, ёшларда мулкдор бўлиш ҳиссини кучайтиришга, тадбиркорларнинг имкониятларини юзага чиқаришга хизмат қилмоқда, дейиш мумкин. Мазкур кўрик-танлов Ўзбекистондаги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш дастурини амалга оширишдаги асосий тадбирлардан ҳисобланади.

Кўрик-танловнинг туман (шаҳар) босқичларида жами 6 228 нафар тадбиркорлик субъектлари иштирок этган, шундан 2 538 нафарини тадбиркор, 1 558 нафарини фермер ва 2 132 нафарини ҳунармандлар ташкил қилган.

«Ташаббус-2015» кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичлари жорий йилнинг 24 апрелидан 8 майига қадар ўтказилган. Ушбу босқичда жами 544 нафар тадбиркорлик субъекти иштирок этган. Шундан 193 нафари тадбиркор, 159 нафари фермер ва 192 нафари ҳунармандлардир.

«Ташаббус-2015» кўрик-танловининг 2-босқичи ғолиблари, ­яъни республика босқичи жами иштирокчилар сони 41 нафарни ташкил қилиб, шундан 14 нафари тадбиркор, 14 нафари ҳунарманд ҳамда 13 нафари фермерлардир. 

Дастлабки босқичларнинг энг лойиқ деб топилган ва омадли иштирокчилари (41 лауреат) «Ташаббус-2015» кўрик-танловнинг республика босқичига йўлланма олишди.

Республика босқичи лауреатлари, учта асосий йўналишлар бўйича – «Йилнинг энг яхши тадбиркори», «Йилнинг энг яхши фермери» ва «Йилнинг энг яхши ҳунарманди» ва қўшимча «Энг яхши ёш тадбиркор», «Энг яхши тадбиркор аёл», «Энг яхши инновацион лойиҳа», «Ёшларга энг кўп иш жойи яратган тадбиркор», «Менинг юртим – менинг ифтихорим», «Кекса тадбиркор – Ташаббус эъзозида», «Энг яхши оилавий бизнес соҳиби», «Озиқ-овқат саноатидаги энг яхши йил тадбиркори», «Йилнинг энг яхши маҳсулоти», «Энг яхши экспортчи», «Энг масъулиятли ижтимоий шерик» номинациялари бўйича беллашдилар.

Мамлакатимизда 2015 йил «Кексаларни эъзозлаш йили» деб эълон қилинганлиги муносабати билан, «Ташаббус-2015» кўрик-танловида қўшимча йўналишлардаги «Кекса тадбиркор – Ташаббус эъзозида» номинацияси ҳам мамлакатимизда кексаларга кўрсатилаётган эътибордан далолатдир. Ушбу номинация «Ташаббус» кўрик-танлови иштирокчилари бўлган энг ёши улуғ, шу билан бирга фидоий ҳамда илғор тадбиркор, фермер ёки ҳунармандга берилади.

Кўрик-танловнинг дастлабки даврида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқараётган, қурилиш соҳасида хизмат кўрсатаётган тадбиркорлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштираётган илғор фермерлар ва кулолчилик соҳасидаги ҳунармандларгина иштирок этган бўлсалар, бугунги кунда иштирокчиларнинг фаолият йўналишлари ўзгариб, ривожланиб бормоқда.

Жумладан, экспортга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқараётган, ички ва ташқи бозорда ўз товарларининг машҳур брендига эга бўлган, фармацевтика, тўқимачилик, текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқараётган ҳамда енгил саноатнинг бошқа тармоқларида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар иштирок этмоқда. Шуниси қувонарлики, ўтган йилги кўрик-танловда 3 нафар экспортга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар иштирок этган бўлсалар, бу йилги кўрсаткич эса 8 нафарга етди.

Фермерлик йўналиши бўйича эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштираётган, етиштирилаётган маҳсулотларни тўлиқ қайта ишлаб, ички бозордаги озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқараётган, кўп тармоқли, деҳқончилик, чорвачилик, мева-сабзавотчилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаётган, иссиқхона фаолияти билан шуғулланаётган қишлоқ мулкдорлари иштирок этди.

Ҳунармандчиликда эса халқ амалий санъатининг энг юксак намуналари асосида экспортга мўлжалланган маҳсулот ишлаб чиқараётган, жумладан, миниатюра, зардўзлиқ, кулолчилик, ёғочга ишлов бериш орқали турли асарлар яратиш билан шуғулланаётган ҳунармандлар иштирок этди.

Анъанага кўра, кўрик-танловнинг асосий ташкилотчиси Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши, Ўзбекистон халқ усталари, ҳунармандлари, мусаввирлари «Ҳунарманд» уюшмаси, шу билан бирга, вазирлик ва идораларнинг ҳамкорлиги ва молиявий кўмаги асосида ташкил этилди.

2015 йил 11 июнь куни «Ташаббус-2015» ғолиблари ва совриндорларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.

 

БОБО ДЕҲҚОННИНГ ЭТАГИДАН ТУТГАН «БОЛА ДЕҲҚОН»

Кўргазма залини айланар экансиз, Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманидаги кўп тармоқли «Адилбек» фермер хўжалиги ўрнатган стенд эътиборингизни ўзига жалб этмай қолмайди. Фермер хўжалигининг умумий ер майдони 114 гектар бўлиб, у пахтачилик, ғаллачилик ва чорвачилик соҳаларига ихтисослашган. Хўжаликда 6 нафар доимий ишчи ва 24 нафар мавсумий ишчилар меҳнат қилади. Хўжаликнинг қулоч ёзган салоҳиятини кўриб, унинг раҳбари – 26 ёшлик фермер Адилбек Абдураҳмоновни суҳбатга чорлаймиз. «Шундай катта хўжаликни наҳотки бир ўзингиз бошқарасиз?» деган саволимизга йигитча оддийгина қилиб «Хўжаликни бир ўзим бошқармайман албатта, уни бошқаришда менга отам яқиндан ёрдам берадилар», деб жавоб берди.

Аслида хўжаликни Адилбекнинг отаси Олим Абдураҳмонов 1997 йилда ташкил этган экан. У киши умр бўйи деҳқончилик билан шуғулланиб келган. Қишлоқ хўжалиги соҳасида механик, бош муҳандис бўлиб ишлаган, қарийб 15 йил хўжалик раиси бўлган. Бугунги кунда 5 нафар ўғлидан уч нафари ота касбини эгаллаб, қишлоқ хўжалиги соҳасида миришкорлик қилмоқда. 2011 йилда «Адилбек» фермер хўжалигининг раҳбарлигини кенжа ўғлига ишониб топширди. Адилбек Қорақалпоғистон Республикаси Давлат университетининг техника факультетини архитектор мутахассислиги бўйича битирган. Ўзининг суяги далада қотган эмасми, деҳқончилик сир-асрорларини отасидан ўрганиши қийин бўлмади. Бугунги кунда унинг фермер хўжалиги энг сўнгги намунадаги техника воситалари билан қуролланган – трактор ва комбайнларнинг деярли барча турлари ёш мулкдорнинг эгалигидаги далаларда жавлон урмоқда. Иш қуроли соз бўлса, унумдорлик ҳам шунга яраша бўлади, деганларидек, Адилбек 50 гектар ер майдонида пахтачилик билан шуғулланиб, ҳосилдорликни гектаридан 40 центнерга чиқаришга муваффақ бўлди. Чорвачилик фермасида эса 42 бош қорамол боқилмоқда. Хўжаликдаги меҳнати эвазига 2014 йилни барча солиқ ва тўловлардан кейин 77 млн сўмлик соф фойда билан якунлади.

Истиқболдаги режада фермер хўжалиги ўзининг нон цехини, сутни қайта ишлаш корхонасини очиш ниятида.

«Адилбек» фермер хўжалиги 2014 йилда Ўзбекистон Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси ва республика Фермерлари кенгаши томонидан ўтказилган «Йилнинг энг фаол кўп тармоқли фермери» танловининг республика босқичида биринчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлган. Лекин хўжалик «Ташаббус» кўрик-танловида илк бор иштирок этиши, бу танлов унинг учун катта синов ва тажриба майдонини эслатади – бу ерда у соғлом рақобатчилари билан учрашади, уларнинг тажрибаларини ўрганади, ўз муваффақиятлари билан ўртоқлашади.

Адилбек билан суҳбатлашар эканмиз, унинг ёш мулкдор сифатида ният-мақсадлари катта эканлигига ишонч ҳосил қилдик. Масалан, у ўз зиммасида ижтимоий масъулиятни ҳам ҳис қилган ҳолда маҳалла ҳудудида болалар учун спорт майдончасини барпо қилишни мақсад қилиб қўйган. Ҳалол меҳнати ортидан тўкин-сочин, бой-бадавлат турмушга эришган замонамиз қаҳрамонининг орзу-ниятлари давлатимиз томонидан олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий сиёсатга нақадар ҳамоҳанг тушаётганлиги бизни қувонтирди.

 

АЗИЗА ҚЎЛЛАРИДА ЯРАТИЛАЁТГАН МЎЪЖИЗА

Бугунги кунда мамлакатимиз сайёҳларнинг севимли гўшасига айланиб улгурган. Кўп ҳолларда чет эллик туристларни ўзбекона кийим-бошда, қўлларида эса миллий услубда тўқилган хуржун-сумкачалар билан учратиш мумкин. Қашқа­дарё туманининг Чироқчи туманилик «Sharipova Aziza Shavkat qizi» якка тартибдаги тадбиркор тўқиган қўл гиламлари, сумкача ва рюкзаклар ҳам ўзининг нафислиги, қулайлиги билан ҳар қандай кишини ром қолдиради.

– Қўлда гилам тўқишни Чинни момомдан ўрганганман, у киши эса бу ҳунарни момолари Дона бувидан ўрганган эканлар, – дейди 20 ёшлик якка тартибдаги тадбиркор Азиза. – Ҳозир шу ҳунарим орқали бизнес ишини бошлаб юборганман.

Азиза ўрмак – гилам тўқийдиган ускуна билан илк бор танишганда 5-6 ёшда бўлган. Ўша кезлардан бошлаб у тароқда, қайчида ишлашни ўрганди. Бугунги кунда эса унинг қўлда тўқиган «мўъжизалари»га кўплаб буюртмалар келиб тушмоқда. Буюртмалар эса фақат қалб қўри билан тайёрланган сифатли маҳсулотларга келиб тушади.

 

Нодир АЛИМОВ, «СБХ» мухбири. Муаллиф олган суратлар.

Прочитано: 2800 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика