Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 22 / Бухгалтерга ёрдам

Таътилга чиқишдаги ҳисоб-китоблар

Ёз ҳам келди, у билан бирга таътил даври ҳам бошланди. Кўпчилик айни шу вақтда дам олишни афзал кўради: болалар ўқишдан бўшаган, ота-оналар тайёргарлик кўрган, планшетлар харита-режалар билан тўлдирилган.

Корхонада эса таътилга чиқувчилар тўғрисида ҳаммадан аввал бухгалтер ташвишланади – у бирламчи ҳужжатларни текшириши, таътил пулларини ҳисоблаши, уларни буюртириш ва топшириши керак.

Таътил пулларини тўғри расмийлаштириш ва ҳисоблашда сизга «Norma Ekspert» мутахассислари «Расчёты с персоналом» («Ходимлар билан ҳисоблашишлар») электрон маълумотнома тизими материаллари асосида тайёрлаган тушунтиришлар ёрдам беради.

 

ҚОНУН БИЛАН КАФОЛАТЛАНГАН

Йиллик меҳнат таътили олиш ҳуқуқи Меҳнат кодекси (МК) билан кафолатланган. Кафолат меҳнат шартномаси асосида ишлаётган жисмоний шахсларга: доимий ходимлар, ўриндошлар, меҳнат вазифаларини тўлиқ бўлмаган иш вақти шартларида бажараётган, мавсумий ишда ёки уйда ишлайдиган (касаначи) ходимларга татбиқ этилади. Ишларни фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар асосида бажарадиган шахсларга МКнинг амал қилиши татбиқ этилмайди, тегишинча, улар таътил олиш ҳуқуқига ҳам эга эмаслар.

Меҳнат таътили ходимга дам олиш ва ишлаш салоҳиятини тиклаш, саломатлигини мустаҳкамлаш ва бошқа шахсий эҳтиёжлари учун бериладиган, ишдан озод этилган вақтдир. Таътил даврида унинг иш жойи (лавозими) ва ўртача иш ҳақи сақланади.

 

МЕҲНАТ ТАЪТИЛЛАРИНИНГ ТУРЛАРИ

Меҳнат таътиллари турлича бўлади: йиллик асосий, асосий узайтирилган ва қўшимча.

Йиллик асосий таътил ҳар йили у тегишли бўлган иш йили тугашига қадар берилади.

 

Диққат! Ходимларга 15 иш кунидан кам бўлмаган муддат билан йиллик асосий таътил берилади (МКнинг 134-моддаси).

 

Асосий узайтирилган таътил 15 иш кунидан ошадиган муддатли таътилдир. У ходимларнинг айрим тоифалари учун Меҳнат кодекси, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ёки меҳнат шартномаси шартларига биноан белгиланади. Чунончи, МКнинг 135-моддасига кўра, 18 ёшга тўлмаган шахслар ҳамда I ва II гуруҳ ногиронларига 30 календарь кундан кам бўлмаган муддат билан йиллик узайтирилган асосий таътил берилади.

Бундан ташқари, йиллик асосий узайтирилган таътиллар депутатлар, сенаторлар, судьялар, прокуратура органлари ходимлари, Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти ходимлари ва бошқа шахсларга берилиши белгиланган (2.12.2004 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги 704-II-сон Қонун 16-моддасининг учинчи қисми; 2.09.1993 йилдаги «Cудлар тўғрисида»ги 924-XII-сон Қонун 75-моддасининг иккинчи қисми; 9.12.1992 йилдаги «Прокуратура тўғрисида»ги 746-XII-сон Қонун 50-моддасининг учинчи қисми; ВМнинг 6.07.2001 йилдаги 291-сон Қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментида хизматни ўташ тўғрисида низомнинг 53-банди). Таълим муассасалари ходимларига ҳам ҳақи тўланадиган йиллик узайтирилган таътил берилади (29.08.1997 йилдаги «Таълим тўғрисида»ги 464-I-сон Қонуннинг 21-моддаси биринчи қисми).

Ходимларнинг айрим тоифалари учун узайтирилган таътиллар муддатини белгилашда ҳозирги вақтда собиқ СССР ҳужжатларининг меъёрлари қўлланяпти. Масалан, СССР Министрлар Кенгашининг «Илмий-тадқиқот, ўқув ва маданий-маърифий муассасалар ходимлари таътиллари тўғрисида»ги Қарорига (21.04.1949 йилдаги 1577-сон) биноан олий ўқув юртлари ўқитувчиларининг узайтирилган таътили 48 иш кунини ташкил қилади. Ўзбекистоннинг тегишли қонун ҳужжатлари қабул қилинишига қадар ушбу ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонун ҳужжатларига зид келмайдиган қисмида қўллашга рухсат берилган (ОМнинг 21.12.1995 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини амалга киритиш тартиби тўғрисида»ги 162-I-сон Қарори 6-банди; ВМнинг 29.04.1992 йилдаги 210-сон Қарори 1-банди). Тегишли қонун ҳужжати қабул қилингунга қадар давлат органлари хизматчилари учун илгари белгиланган таътил муддати – 24 иш куни сақланиб қолади.

Қўшимча таътил – оғир ва ноқулай табиий-иқлим шароитларидаги ишнинг нохуш ва алоҳида шароитларида банд бўлган ходимларга, шунингдек меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, бошқа меъёрий ҳужжатлар ёки меҳнат шартномаси шартларида назарда тутилган бошқа ҳолларда асосий таътилдан ортиқча бериладиган таътил. Масалан, 12 ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боласи ёки 16 ёшга тўлмаган ногирон боласи бор аёлларга ҳар йили 3 иш кунидан кам бўлмаган қўшимча таътил берилади (МК 232-моддасининг биринчи банди); Иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида низомга (ВМнинг 15.09.2014 йилдаги 263-сон Қарори билан тасдиқланган) мувофиқ ўтказиладиган аттестация боришида меҳнат шароитлари зарарли ва хавфли деб белгиланган ходимларга 3 кундан 33 кунга қадар берилади.

Ҳақи тўланадиган таътиллардан ташқари, ҳақ тўланмайдиган таътиллар, яъни иш ҳақи сақланмайдиган таътил ҳам мавжуд. Улар одатда ҳақи тўланадиган таътилдан фойдаланиб бўлинган, ходим эса муайян ҳолатлар туфайли иш жойида ҳозир бўла олмайдиган пайтда берилади. Иш ҳақи сақланмайдиган таътилнинг муддати ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан белгиланади.

 

Диққат! Ходимнинг иш ҳақи сақланмайдиган таътилда бўлишининг энг кўп даври умумий ҳисобда ўн икки ойлик давр мобайнида уч ойдан кўп бўлиши мумкин эмас.

 

Қуйидаги ходимларга муқаррар тартибда уларнинг хоҳишига кўра иш ҳақи сақланмайдиган таътил берилади:

 1941–1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига ва имтиёзлари жиҳатидан уларга тенглаштирилган шахсларга;

 ишлаётган I ва II гуруҳ ногиронларига;

 икки ёшдан уч ёшгача бўлган болани парвариш қилаётган аёлларга;

 12 ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ болани тарбиялаётган аёлларга;

 меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда, шунингдек меҳнат шартномаси шартларида назарда тутилган бошқа ҳолларда.

 

ЯНГИ ВА УЗОҚ ВАҚТ ИШЛАМАГАН ХОДИМЛАРГА ТАЪТИЛ бериш Қоидалари

Янги ходимларга ёки ишга биринчи бор тушган ходимларга таътил фақат 6 ой ишлагандан кейин берилади. Масалан, ходим, меҳнат шартномасига кўра, 2015 йил 5 майдан ишга тушган. 6 ой тугагандан кейин (2015 йил 6 ноябрда) у биринчи иш йили учун таътил олиш ҳуқуқига эгадир.

 

Диққат! Янги жойда биринчи меҳнат таътили фақат 6 ой ишлагандан кейин берилади.

 

Бироқ таътил айрим ходимларга истисно тарзида 6 ой ўтмасдан берилиши мумкин. Қуйидаги таътиллар ана шундай истиснолардир:

аёлларга – ҳомиладорлик ва туғиш таътили олдидан ёки ундан кейин;

I ва II гуруҳ ногиронларига;

18 ёшга тўлмаган шахсларга;

муддатли ҳарбий хизматдан резервга бўшатилган ва ишга жойлашган ҳарбий хизматчиларга;

ўриндошлик асосида ишлаётганларга – асосий иш жойидаги таътил билан бир вақтда, ўриндошлик асосида ишлаган вақтига мутаносиб равишда ҳақ тўлаган ҳолда;

ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда умумий таълим мактабларида, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларида, кадрларнинг малакасини ошириш, уларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш институтлари ва курсларида ўқиётганларга, агар улар ўзларининг йиллик таътилларини имтиҳонлар, синовлар (зачётлар) топшириш, диплом, курс, лаборатория ва бошқа ўқув ишларини бажариш вақтига тўғрилаб олишни хоҳласалар;

технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки ишлар хусусияти ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан ишдан озод этилган ходимларга (МКнинг 143-моддаси).

Агар биринчи йил ишлаётган ходим 6 ойдан кам ишлаган ва кейин ишдан бўшаш мақсади билан таътилга ариза берган бўлса, иш берувчи унга таътил беришдан бош тортиши мумкин (агар у меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига биноан 6 ой ўтмасдан таътил олишга ҳақли бўлган шахслар гуруҳига кирмаса, албатта). Бундай вазиятда ишдан бўшаётганда ходимга фойдаланилмаган таътил учун компенсация тўланади.

Иккинчи ва ундан кейинги иш йиллари учун асосий таътил иш йилининг исталган вақтида таътиллар жадвалига мувофиқ берилади. Таътил ҳар йили, у бериладиган иш йили тугашига қадар берилиши керак. Фақат жорий йилда таътилни ишлаб чиқариш тусидаги сабабларга кўра тўлиқ бериш мумкин бўлмаган истисно ҳоллардагина ходимнинг розилиги билан таътилнинг 12 иш кунидан ошадиган қисми кейинги иш йилига кўчирилиши мумкин, унинг мобайнида таътилдан албатта фойдаланиш керак.

 

Диққат! Ходимларнинг айрим тоифаларига иш берувчи таътил беришдан бош тортишга ҳақли эмас.

 

18 ёшга тўлмаган ходимларга йиллик таътил, шунингдек меҳнат жараёнида соғлиғига физикавий, кимёвий, биологик ва ишлаб чиқаришнинг бошқа зарарли омиллари таъсир этадиган ходимларга йиллик қўшимча таътиллар бермаслик тақиқланади (МКнинг 137, 143-моддалари).

Таътилдан қисмларга бўлиб фойдаланиш мумкин. Бунда таътилнинг бир қисми 12 иш кунидан кам бўлмаслиги лозим (МКнинг 146-моддаси). 12 кундан ошадиган қисмдан таътиллар жадвалини тузиш вақтида ва ходимга таътил бериш чоғида корхона раҳбари билан ходим ўртасида келишилган миқдор ва муддатда фойдаланиш мумкин.

 

ТАЪТИЛ МУДДАТИНИНГ ҲИСОБ-КИТОБИ

Таътил муддати унга ҳуқуқ берадиган иш куни (иш стажи)дан келиб чиқиб ҳисобланади. Иш йили календарь йилдан фарқланади ва ҳар бир ходимнинг ўзиш йили бўлади. Унинг бошланиши меҳнат шартномасига мувофиқ корхонадаги биринчи иш кунидан ҳисоблаб чиқарилади. Таътилни ҳисоблаб чиқариш учун стажга қуйидагилар киради:

иш йили давомида ҳақиқатда ишланган вақт;

ходим ҳақиқатда ишламаган бўлса ҳам, лекин унинг иш жойи (лавозими) сақланган вақт (малака ошириш курслари, хизмат сафари, йиллик меҳнат таътили, ҳомиладорлик ва туғиш таътили, меҳнатга қобилиятсизлик даври ва ҳоказо);

меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинганлиги ёки ходим ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилганлиги натижасида қилинган ҳақ тўланадиган мажбурий прогул вақти, башарти ходим кейинчалик аввалги ишига тикланган бўлса;

тармоқ келишувлари, жамоа шартномалари ва корхонанинг ўзга локал ҳужжатлари, меҳнат шартномасининг шартларида назарда тутилган бошқа даврлар.

Таътилларни ҳисоб-китоб қилиш учун стажга қуйидаги вақт киритилмайди:

ходим узрсиз сабаблар билан ишда бўлмаган вақт;

болани парваришлаш учун қисман ҳақ тўланадиган таътил;

иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган, муддати икки ҳафтадан кўп бўлган таътиллар (агар локал ҳужжатлар ёки меҳнат шартномасида бошқача қоида белгиланмаган бўлса).

 

МИСОЛ. 2014 йил 1 апрелда ишга қабул қилинган ходим 3 ой (1.08.2014 йилдан 31.10.2014 йилгача) корхона раҳбари билан келишувга кўра иш ҳақи сақланмайдиган таътилда бўлди. 2015 йил 1 майдан унга навбатдаги меҳнат таътили берилди.

Корхонанинг локал ҳужжатларида бошқа шарт бўлмаганда йиллик ҳақ тўланадиган таътил олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига 2 ҳафтадан кўп иш ҳақи сақланмайдиган таътилда бўлиш даври киритилмайди. Яъни ходимнинг иш йили 2 ҳафтадан кўп иш ҳақи сақланмайдиган таътилда бўлиш даврига узайтирилади. Шу тариқа, 2014 йил 1 августдан 14 августгача бўлган давр таътил пули ҳисобланганда стажга киритилади, 2014 йил 15 августдан 31 октябргача бўлган давр эса киритилмайди. Шу боис таътил 2014 йил 1 апрелдан 2015 йил 17 июнгача бўлган иш даври учун берилади.

 

Корхонада қандай иш режими (5 кунлик, 6 кунлик иш ҳафтаси, бошқача режим) ўрнатилганидан қатъи назар, таътилнинг муддати 6 кунлик иш ҳафтасидан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқарилади (МКнинг 139-моддаси).

 

МИСОЛ. Ходимга 2015 йил 3 августдан 15 иш кунига навбатдаги меҳнат таътили берилган. Корхонада 5 кунлик иш ҳафтаси белгиланган. Бироқ таътил муддати 6 кунлик иш ҳафтасидан келиб чиқиб белгиланади. Тегишинча, ходимга таътил 3 августдан 19 августгача берилади. 20 августда у ишга чиқиши керак.

Таътилнинг умумий муддатини ҳисоблаб чиқаришда қўшимча таътиллар йиллик асосий таътилга (15 иш куни) ёки узайтирилган асосий таътилга (у белгиланган ходимларда) қўшиб жамланади. Қонун ҳужжатлари билан белгиланган таътилларни жамлашда уларнинг умумий муддати қирқ саккиз иш кунидан ошиб кетиши мумкин эмас (МКнинг 140-моддаси).

 

МИСОЛ. Ишчи асосий таътил (15 кун) ва қонун ҳужжатлари билан белгиланган қўшимча таътил (36 кун) олиш ҳуқуқига эга. Улар жами – 51 иш куни (15 + 36) қонун ҳужжатлари билан белгиланган энг кўп муддатдан ошади. Шу сабабли ходимга фақат 48 иш кунига таътил берилади.

 

Диққат! Таътилларни жамлашдаги чеклов фақат энг кам муддати қонун ҳужжатлари билан белгиланган таътилларга татбиқ этилади. Агар бу тармоқ келишувлари, жамоа ёки меҳнат шартномасида назарда тутилган бўлса, ходимларга 48 иш кунидан ошадиган таътил берилиши мумкин.

 

Таътил даврига тўғри келадиган ишланмайдиган байрам кунлари таътил муддатини белгилаш чоғида ҳисобга олинмайди. Яъни якшанба ва ишланмайдиган байрам кунлари таътил кунлари ҳисоб-китобида инобатга олинмайди ҳамда ҳақ тўланмайди.

 

МИСОЛ. Ходимга меҳнат шартномасига биноан 24 иш кунига 2015 йил 24 августдан бошлаб йиллик меҳнат таътили берилган. Ушбу вақтга битта байрам куни – 1 сентябрь тўғри келади. Шу сабабли таътил бир кунга узайтирилади. Таътил даври – 24 августдан 21 сентябргача, ишга чиқиш – 22 сентябрдан.

 

Агар таътилнинг тугаши ёки ундан кейин ишга чиқиш куни ички меҳнат тартиби қоидаларига кўра дам олиш кунига тўғри келиб қолса, ходим дам олиш кунидан кейинги биринчи иш кунидан ишга тушиши керак.

 

МИСОЛ. Корхонада 5 кунлик иш ҳафтаси белгиланган. Ходимга меҳнат шартномасига биноан 2015 йил 27 майдан 21 иш кунига йиллик меҳнат таътили берилган. Таътил даври жума, 19 июнда тугайди, ишга чиқиш куни – душанба, 22 июнь.

 

Таътил муддатини, масалан, ходим ишдан бўшаётганда, ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқаришда унинг муддати ҳар бир тўлиқ таътил миқдорини 12 га бўлиб, сўнг тўлиқ ишланган ойлар сонига кўпайтириш йўли билан аниқланади (бунда 15 календарь кунга тенг ва ундан кўп бўлган кунлар бир ой деб яхлитланади, 15 календарь кундан ками эса чиқариб ташланади).

 

МИСОЛ. 8 ойу 20 кун ишлаган ходим ишдан бўшаяпти. Меҳнат шартномасида унга 15 иш кунига тенг бўлган асосий таътил белгиланган. Таътил муддати ишланган вақтга мутаносиб равишда 11 кунни (15 / 12 х 9) ташкил қилади.

 

МИСОЛ. Ходим 7 ойу 10 кун ишлаган. Меҳнат шартномасида унга асосий таътил – 15 иш куни ва қўшимча таътил – 3 иш куни белгиланган. Таътил муддати ишланган вақтга мутаносиб равишда 11 кунни (18 / 12 х 7) ташкил этади.

 

Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида ходимга таътил берилишини ҳужжат билан расмийлаштириш тартибига бирор-бир қаттиқ талаблар қўйилмайди. Ушбу тартибни ҳар бир корхона мустақил равишда белгилайди. Хусусан, иш берувчи таътиллар жадвалига ёки ходимнинг аризасига асосан таътил бериш тўғрисида буйруқ чиқариши мумкин. Улар бошланишига қадар таътиллар берилиши тўғрисида аризаларни янги қабул қилинган ва таътиллар жадвалига киритилмаган ходимлар албатта ёзадилар. Бундай аризалар эркин шаклда корхона раҳбари номига берилади. Виза қўйилган мурожаат асосида кадрлар хизмати ходими ёки бошқа ваколатли шахс тегишли буйруқ тайёрлаши керак.

Иш берувчи таътил бошланишидан кўпи билан 15 кундан кечиктирмай бу ҳақда ходимни хабардор қилиши керак (МКнинг 144-моддаси). Бунинг учун хабардор қилинаётган ходимга имзо қўйдириб йиллик таътил бошланиши тўғрисида билдирув варағи расмийлаштирилади.

 

ТАЪТИЛ ПУЛЛАРИ ҲИСОБ-КИТОБИ

Юқорида таъкидланганидек, меҳнат таътили даврида ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланади. Унинг ҳисоб-китоби Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш тартибининг (ВМнинг 11.03.1997 йилдаги 133-сон Қарорига 6-илова) 1-бандида белгиланган. Ҳисоб-китоб биринчи йил ишловчиларга ҳисоблаб чиқариш кунидаги тарификация бўйича белгиланган иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда уларни ўн иккидан бирга (олти ой тўлиқ ишлаганларга олтидан бирга; етти ой тўлиқ ишлаганларга еттидан бирга ва ҳоказо), тарификация бўйича белгиланган иш ҳақи ёки лавозим маошидан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқарилади. Уларга ишбай асосида ишлаб топилган қўшимча иш ҳақи, мукофотлар, қўшимча тўловлар, иш ҳақига қўшимча ҳақлар ва ижтимоий суғурта бўйича бадаллар ҳисобланадиган бошқа тўловлар (мажбурий суғурта тўловлари) киради.

Иш ҳақи (лавозим маоши)нинг тариф қисмидан ошадиган тўловларни белгилаш учун ҳисоб-китобга таътил бошланишидан аввалги 12 ойга тенг бўлган давр қабул қилинади. Агар ходим таътилга ой бошидан эмас, балки, масалан, 2015 йил 18 майдан чиқса, тарифдан ташқари тўловлар ҳисоб-китоби учун давр 12 ойдан аввални ҳисоблаган ҳолда жорий йилнинг апрелидан белгиланади, яъни 2014 йил май ойи ҳам киради. Ҳисоб-китоб даври доимо, таътил қандай даврга (ўтган йил, ундан аввалги йил ва ҳоказо) берилишидан қатъи назар, бир хил белгиланади, яъни таътил бошланишидан аввалги 12 ой олинади.

Биринчи йил ишлаётганларда ҳисоб-китоб даври 12 ойдан кам бўлиши мумкин, чунки таътилга ҳуқуқни улар 6 ой ишлагандан кейин оладилар. Тўлиқ 6 ой ишлаганларга таътил пуллари ҳисоб-китобига тарифдан ташқари тўловларнинг 1/6 қисми, 7 ой ишлаганларга уларнинг 1/7 қисми киритилади ва ҳоказо.

Ўртача иш ҳақи ҳисоб-китобида ходимларнинг Солиқ кодексининг 306, 307-моддаларига асосан фуқароларнинг суғурта бадаллари солинадиган меҳнат ҳақи тарзидаги даромадлари ҳисобга олинади (Солиқ кодексининг 172-моддаси). Уларга қуйидагилар киради:

ҳақиқатда бажарилган иш учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг қабул қилинган шакллари ва тизимларига мувофиқ ишбай нархлар, тариф ставкалари ва мансаб маошларидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган иш ҳақи;

илмий даража ва фахрий унвон учун устамалар (агар уларни корхона тўласа);

рағбатлантириш хусусиятига эга тўловлар (Солиқ кодексининг 173-моддаси);

компенсация тўловлари (Солиқ кодексининг 174-моддаси);

ишланмаган вақт учун ҳақ тўлаш (Солиқ кодексининг 175-моддаси);

юридик шахснинг бошқарув органи (кузатув кенгаши ёки бошқа шунга ўхшаш органи) аъзоларига юридик шахснинг ўзи томонидан амалга ошириладиган тўловлар;

мудофаа, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар вазирликларининг, Миллий хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари, ички ишлар органлари ҳамда Давлат божхона қўмитасининг оддий хизматчилари, сержант ва зобитлари таркибига кирувчи шахслар хизматни ўташ (хизмат вазифаларини бажариш) муносабати билан олган пул таъминоти, пул мукофотлари ва бошқа тўловлар суммалари.

 

Таътил пуллари ҳисоб-китобига қуйидагилар киритилмайди:

 иш берувчининг жисмоний шахслар даромади ҳисобланмайдиган харажатлари. Масалан, меъёр доирасида тўланган суткалик пуллар, дала таъминоти, шахсий автотранспортдан хизмат мақсадларида фойдаланганлик учун компенсация ва Солиқ кодекси 171-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган бошқа тўловлар;

 Солиқ кодексига биноан меҳнат ҳақи тарзидаги даромадларга кирмайдиган даромадлар:

мулкий даромадлар – дивидендлар, ижарадан олинган даромадлар ва Солиқ кодексининг 176-моддасига биноан бошқа даромадлар;

моддий наф тарзидаги даромадлар – совғалар, даволаш, йўлланмалар ҳақи, ходимнинг корхона олдидаги қарзини ҳисобдан чиқариш ва Солиқ кодексининг 177-моддасига биноан корхона маблағлари ҳисобига жисмоний шахснинг манфаатларини кўзлаб амалга оширилган бошқа тўловлар;

бошқа даромадлар, масалан, моддий ёрдам, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси, ишдан бўшатиш нафақаси ва Солиқ кодексининг 178-моддасида келтирилган бошқа тўловлар;

 Солиқ кодексининг 308-моддасига асосан суғурта бадаллари солинмайдиган меҳнат ҳақи тарзидаги даромадлар (имтиёзли), хусусан:

меҳнатда майиб бўлганлик ёки соғлиққа бошқача шикаст етганлиги билан боғлиқ зарарнинг ўрнини қоплаш учун Солиқ кодексининг 171-моддаси иккинчи қисми 9-бандида кўрсатилган миқдорлардан ортиқча олинган суммалар;

давлатлар, давлатларнинг ҳукуматлари, халқаро ва чет эл ҳукуматга қарашли ташкилотлар томонидан берилган грант маблағлари; Ўзбекистон ҳукумати томонидан белгиланадиган рўйхатга киритилган халқаро ва чет эл ноҳукумат ташкилотлари томонидан берилган грант маблағлари; Ўзбекистоннинг халқаро шартномалари доирасида берилган грант маблағлари ҳисобига олинадиган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар.

 

МИСОЛ. Ходим 2015 йил 1 июндан 15 иш кунига меҳнат таътилига чиқяпти. Ҳисоб-китоб даврида (2015 йил май–2014 йил июнь) лавозим маошидан ошадиган тўловлар 10 700 минг сўмни ташкил қилади, шу жумладан:

ойлик мукофотлар – 2 400 минг сўм;

шахсий автомобилдан фойдаланганлик учун компенсация – 5 300 минг сўм (улардан меъёр доирасида (3,5 ЭКИҲ) – 4 587,993 минг сўм, меъёрдан ортиқча – 712,007 минг сўм);

овқатланиш учун қўшимча тўловлар – 1 800 минг сўм;

моддий ёрдам – 500 минг сўм;

юбилейга совға – 700 минг сўм.

Юқорида саналган тўловлардан таътил пуллари ҳисоб-китобига қуйидагилар киритилмайди: шахсий автомобилдан меъёр доирасида фойдаланганлик учун компенсация – 4 587,993 минг сўм, у ходимнинг даромади сифатида қаралмайди (Солиқ кодексининг 171-моддаси иккинчи қисми 8-банди); моддий ёрдам (500 минг сўм) ва юбилейга совға (700 минг сўм, улар меҳнат ҳақи тарзидаги даромадларга киритилмайди.

Шу тариқа, ўртача иш ҳақи ҳисоб-китобида қуйидагилар ҳисобга олинади:

ойлик мукофотлар – 2 400 минг сўм;

овқатланишга қўшимча тўловлар – 1 800 минг сўм;

меъёрдан ортиқча компенсация – 712,007 минг сўм.

 

 

Ўртача ойлик иш ҳақи ҳисоб-китобидан кейин ўртача кунлик иш ҳақини белгилаш зарур. Бунинг учун ўртача ойлик иш ҳақи олти кунлик иш ҳафтасида 25,4 га тенг бўлган кунларда иш вақтининг ўртача ойлик муддатига* бўлинади. Таътил пуллари суммасини белгилаш учун ўртача кунлик иш ҳақи таътилдаги иш кунлари сонига кўпайтирилади.

МИСОЛ. Корхона ходимга 2015 йил 1 июндан 18 иш кунига (15 кун асосий ва 3 кун қўшимча) навбатдаги йиллик таътил берилди. Унинг иш ҳақи тарификация бўйича ҳисоб-китоб кунида 1 200 минг сўмни ташкил қилади, ҳисоб-китоб даври – 12 ой. 2015 йил июнида таътилга чиқишдан аввалги 12 календарь ой учун иш ҳақи:

(минг сўмда)

 

Ойлар

 

Иш ҳақи

 

Шу жумладан тариф бўйича

 

Суғурта бадаллари ҳисобланадиган тарифдан ортиқча тўловлар

 

2014 йил июнь

 

850

 

800

 

50

 

2014 йил июль

 

850

 

800

 

50

 

2014 йил август

 

850

 

800

 

50

 

2014 йил сентябрь

 

850

 

800

 

50

 

2014 йил октябрь

 

850

 

800

 

50

 

2014 йил ноябрь

 

850

 

800

 

50

 

2014 йил декабрь

 

850

 

800

 

50

 

2015 йил январь

 

1 250

 

1 200

 

50

 

2015 йил февраль

 

1 250

 

1 200

 

50

 

2015 йил март

 

1 250

 

1 200

 

50

 

2015 йил апрель

 

1 250

 

1 200

 

50

 

2015 йил май

 

1 200

 

1 200

 

-

 

Жами 12 ой учун

 

12 150

 

11 600

 

550

 

 

 

Ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақи 1 245,833 минг сўмни (1 200 + 500 / 12) ташкил этади. Ўртача кунлик иш ҳақи 49,049 минг сўмга (1 245,833 / 25,4), таътил пуллари суммаси 882,882 минг сўмга (49,049 х 18) тенг.

 

Диққат! Таътил пуллари ходимга жамоа шартномаси билан белгиланган муддатда, бироқ таътил бошланишидан олдинги охирги иш кунидан кечиктирмай тўланиши керак.

 

Таътил пуллари суммасини белгилаш учун ўртача иш ҳақи ҳисоб-китобига амалда ҳисоб-китоб даврида ҳисоблаб ёзилган мукофотлар, улар қайси даврга ҳисобланганидан қатъи назар, киритилади. Агар чораклик мукофот, гарчи ҳисоб-китоб даврига кирадиган ойлар учун бўлса-да, ҳисоб-китоб давридан кейин ҳисоблаб ёзилган бўлса ҳам, таътил пуллари учун ўртача иш ҳақи ҳисоб-китобида у инобатга олинмайди.

 

МИСОЛ. Ходимга 2015 йил 6 июлдан бошлаб муддати 24 иш куни бўлган навбатдаги меҳнат таътили берилган. Лавозим маоши 1 500 минг сўмга тенг. Ҳисоб-китоб даврида (2015 йил июнь–2014 йил июль) лавозим маошидан ошадиган тўловлар 3 800 минг сўмни ташкил қилди, шундан 800 минг сўми 2015 йил II чораги учун мукофот бўлиб, 30 июнда ҳисоблаб ёзилган.

Мукофот ҳисоб-китоб даврига киради, бинобарин, ўртача иш ҳақи ҳисоб-китобида инобатга олинади. Меҳнат таътилига ҳақ тўлаш учун ўртача ойлик иш ҳақи 1 816,667 минг сўмни (1 500 + 3 800 / 12) ташкил этади. Ўртача кунлик иш ҳақи 71,522 минг сўмга (1 816,667 / 25,4), таътил пуллари суммаси эса 1 716,528 минг сўмга (71,522 х 24) тенг.

 

Йиллик иш якунлари бўйича тақдирлашлар суммаси («ўн учинчи иш ҳақи») ва бошқалар ҳам худди шундай тарзда ҳисобга олинади.

Шунингдек таътил пуллари ҳисоб-китобида, агар у ҳисоб-китоб даврига тўғри келса, аввалги таътил учун таътил пуллари суммасидаги тарифдан юқори қисм ҳисобга олиниши керак. Яъни аввалги таътил пуллари суммасидан уларни ҳисоблаб ёзиш санасида амал қилган тариф қисми чегирилади.

Ўриндош ходимларга таътил пуллари ҳисоб-китоби ҳам умумий тартибда амалга оширилади. Улар таътилга (асосий ва қўшимча) асосий иш жойларидаги таътил билан бир вақтда чиқишга ҳақлилар (МКнинг 133, 143-моддалари; ВМнинг 18.10.2012 йилдаги 297-сон Қарори билан тасдиқланган Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида низом). Бунда асосий иш жойи бўйича таътил муддати ўриндошлик бўйича таътилдан кўп бўлса, ўриндошнинг илтимосига кўра иш берувчи унга муддатдаги фарқни ташкил этувчи кунларга ҳақ тўланмайдиган таътил бериши шарт.

Агар ўриндошлик бўйича ишда ходим биринчи иш йили олти ойдан кам ишлаган бўлса, асосий ходимлар билан бўлганидек, унинг таътилига ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳақ тўланади. Ички ўриндошлик ҳолатида ўртача иш ҳақи асосий иш жойи ва ўриндошлик бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоб-китоб қилинади.

 

МИСОЛ. 2014 йил 1 декабрда бухгалтер билан кадрлар бўйича инспектор лавозимида ўриндошлик бўйича ишлашга меҳнат шартномаси тузилган (ички ўриндошлик). 2015 йил 1 майдан унга асосий иш жойи бўйича муддати 18 иш куни, ўриндошлик бўйича – 15 иш куни бўлган навбатдаги таътил берилди. Ходимнинг аризасига кўра унга ўриндошлик бўйича иш ҳақи сақланмайдиган таътилнинг қўшимча кунлари берилган.

Ҳисоб-китоб кунида: асосий иш бўйича маош – 1 500 минг сўм, аввалги 12 ой учун мукофотлар суммаси – 2 500 минг сўм; ўриндошлик бўйича иш ҳақи – 600 минг сўм, қўшимча тўловлар амалга оширилмаган.

Ходим таътилда 18 иш куни (2015 йил 1 майдан 22 майгача) бўлади. Асосий иш жойи бўйича ушбу кунларга тўлиқ ҳақ тўланади. Ўриндошлик бўйича таътил муддати кадрлар бўйича инспектор лавозимида ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳисоб-китоб қилинади (чунки ўриндошлик муддати 6 ойдан кам). Ўриндошлик бўйича тўлиқ 5 ой ишланган (2014 йил декабрь–2015 йил апрель). Шу сабабли фақат 6 иш кунига (15 / 12 х 5) ҳақ тўланади.

Таътил пуллари суммаси асосий иш жойи бўйича 1 210,63 минг сўмни (1 500 + 2 500 / 12) / 25,4 х 18), ўриндошлик бўйича – 141,732 минг сўмни (600 / 25,4 х 6) ташкил этади. Таътил пулларининг умумий суммаси 1 352,362 минг сўмга (1 210,63 + 141,732) тенг.

 

Ходим меҳнат таътилида бўлган даврда тариф ставкалари, лавозим маошларининг миқдорлари ошган ҳолларда меҳнатга ҳақ тўлашнинг янги шартларидаги кунларга тўғри келадиган иш кунларининг амалдаги сони учун ҳақ қайта ҳисоб-китоб қилинади. Яъни иш ҳақи оширилган пайтдан бошлаб таътил тугашигача бўлган даврга тўғри келадиган ўртача иш ҳақи қисмига тузатиш киритилади. Шунингдек ЖШДС ва суғурта бадаллари суммалари қайта ҳисобланади.

 

МИСОЛ. 9 ой ишлаган ходимга 2015 йил 23 февралдан 11 мартга қадар муддати 15 иш куни (февралда 6 ва мартда 9 иш куни) бўлган таътил берилган. Таътил олдидан унинг иш ҳақи тариф бўйича 900 минг сўмни ташкил қилган. 2015 йил 1 мартдан бошлаб ходимнинг маоши 20%га кўпайган ва 1 080 минг сўмни ташкил этган. Ишланган давр учун унга қўшимча равишда 400 минг сўм мукофот ва 500 минг сўм моддий ёрдам ҳисобланган.

Ўртача ойлик иш ҳақи ҳисоб-китобида моддий ёрдам суммаси (500 минг сўм) ҳисобга олинмайди, чунки унга ижтимоий суғурта учун бадаллар ҳисоблаб ёзилмайди. Ўртача ойлик иш ҳақи 944,444 минг сўмни (900 + 400 / 9), таътил пуллари 557,743 минг сўмни (944,444 / 25,4 х 15) ташкил қилади.

1 мартдан бошлаб маош кўпайиши муносабати билан мартдаги таътилнинг 9 куни учун қайта ҳисоб-китоб қилинади. Таътил пуллари суммаси 398,425 минг сўмни (1 080 + 400 / 9) – 25,4 х 9) ташкил этади, аввал 334,646 минг сўм (944,44 / 25,4 х 9) ҳисоблаб ёзилган эди. Бинобарин, ходимга 63,779 минг сўмни (398,425 – 334,646) қўшимча ҳисоблаб ёзиш керак.

 

Агар ходимда ҳисоб-китоб даврида (ёки ҳисоб-китоб давридан ошадиган даврда) иш ҳақи ва ишланган кунлар бўлмаган, бироқ у таътил олиш ҳуқуқига эга бўлса, ўртача иш ҳақи вақтбай ишловчи ходимнинг лавозим маошидан (тариф ставкасидан) ёки ишбай ишловчи ходимнинг ишлари тегишли разряди тариф ставкасидан келиб чиқиб ҳисобланади.

 

МИСОЛ. Ходимага 2013 йил 15 мартдан бошлаб 126 календарь кунига тенг муддатга ҳомиладорлик ва туғиш таътили берилган. 2013 йил 20 майда у фарзандли бўлди. Ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугагандан кейин 2013 йил 5 июлдан бошлаб у бола 2 ёшга тўлгунча уни парваришлаш бўйича таътилни расмийлаштирди. Таътил тугагандан кейин у 2015 йил 21 майдан бошлаб унга йиллик меҳнат таътили беришларини сўраб ариза ёзди. Ходиманинг ҳисоб-китоб кунидаги лавозим маоши 700 минг сўмни ташкил қилади.

2015 йил 21 майдан бошлаб бериладиган таътилга ҳақ тўлаш учун ҳисоб-китоб даври бўлиб 2015 йил апрель–2014 йил май ойидаги давр ҳисобланади. Бироқ ушбу даврда ходима болани парваришлаш таътилида бўлган. Шу сабабли таътил пуллари ҳисоб-китоби учун фақат маош – 700 минг сўм олинади. Таътил муддати – 15 иш куни. Ўртача кунлик иш ҳақи 27,559 минг сўмни (700 / 25,4), таътил пуллари 413,385 минг сўмни (27,559 х 15) ташкил этади.

 

Тўлиқ бўлмаган иш вақтида (тўлиқ бўлмаган иш куни, ҳафтаси) йиллик асосий таътил муддати камаймайди (МКнинг 119-моддаси) ва таътил пуллари суммаси ишланган вақт ёки ишлаб чиқарилган маҳсулотга мутаносиб равишда тўланади.

 

МИСОЛ. Корхонада 8 соатлик иш куни белгиланган. Ходим ҳар куни 5 соат банд бўлади. Лавозим маоши – 1 500 минг сўм. Ҳақ ишланган вақтга, яъни 5 соатга мутаносиб тарзда тўланади. 8 июндан ходимга меҳнат шартномасига биноан 15 иш куни муддатига таътил берилган. Аввалги 12 ой учун тарифдан юқори қўшимча тўловлар тўланмаган.

Ҳисоб-китоб кунида лавозим маоши 937,5 минг сўмни (1 500 / 176 х 110), ўртача кунлик иш ҳақи 36,909 минг сўмни (937,5 / 25,4) ташкил қилди. Таътил пуллари суммаси 553,635 минг сўмга (36,909 х 15) тенг.

 

Таътил пуллари суммаларига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинади, улардан мажбурий суғурта бадаллари ушланади ва ягона ижтимоий тўлов ҳисоблаб ёзилади.

Фойда солиғи тўловчилари учун ходимларга йиллик асосий таътилнинг минимал кафолатланган муддатидан ошадиган таътилларга ҳам ҳақ тўлаш харажатлари чегириладиган харажатлар ҳисобланади (Солиқ кодекси 143-моддасининг 7-банди). ЯСТ тўловчилари харажатларни ҳисобга олмайдилар.

 

ТАЪТИЛНИ КЎЧИРИШ ВА УЗАЙТИРИШ

Қуйидаги ҳолларда таътилни бошқа муддатга кўчириш ёки узайтириш мумкин:

вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида;

ҳомиладорлик ва туғиш таътили муддати бошланганда;

йиллик меҳнат таътили ўқув таътилига тўғри келиб қолганда;

давлат ёки жамоат вазифаларини бажараётганда, башарти қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда бундай вазифаларни бажариш учун ходимни ишдан озод этиш назарда тутилган бўлса.

Ходим таътилдан бирор-бир сабабларга кўра фойдалана олмаса, бунинг сабаблари таътил бошланишига қадар юзага келган бўлса, унга таътилнинг янги муддати белгиланиши мумкин. Бироқ бу ҳолда албатта ходимнинг ҳам, иш берувчининг ҳам розилиги бўлиши керак.

Агар таътилдан фойдаланишга тўсқинлик қилувчи сабаблар таътил даврида келиб чиққан бўлса, таътил тегишли кунлар сонига узайтирилади ёки ходим билан иш берувчининг келишувига биноан таътилнинг фойдаланилмай қолган қисми бошқа муддатга кўчирилади (МКнинг 145-моддаси). Масалан, ходим таътил вақтида касал бўлиб қолса, меҳнатга қобилиятсизлик варақасини расмийлаштирса ва бундан иш берувчини хабардор қилса, таътил меҳнатга қобилиятсизлик кунлари сонига узайтирилиши мумкин. Таътил кўчирилганда таътил пуллари амалда фойдаланилган таътил кунлари учун қайта ҳисобланиши мумкин, касаллик кунлари учун эса вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси ҳисоблаб ёзилади.

 

МИСОЛ. Ходимга 2015 йил 2 февралдан 21 февралгача (18 иш куни) таътил берилди. Таътил тугагандан кейин у 11 февралдан 21 февралгача касал бўлганлиги тўғрисида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик варақасини тақдим этди. Февралда 6 иш куни ишланган (6 кунлик иш ҳафтасида).

Ходимнинг лавозим маоши 600 000 сўм, ҳисоб-китоб даври учун маошдан ортиқча тўловлар амалга оширилмаган. 600 000 сўм иш ҳақидан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи январь учун 41 616 сўмни ташкил этган, шу жумладан ШЖБПҲга ажратмалар – 4 816 сўм.

Ҳисоблаб ёзилган таътил пуллари – 425 197 сўм.

Касаллик варақаси бўйича тўлов иш ҳақининг 80%ига тенг.

Ходимнинг касаллиги муносабати билан таътил пуллари суммаси таътилнинг ҳақиқатдаги давридан келиб чиқиб қайта ҳисобланади, шунингдек вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси ҳисоблаб ёзилади.

Таътил пулларини ҳисобга олганда йил бошидан жами солиқ солинадиган даромад 1 025 197 сўмни (600 000 + 425 197), ЖШДС суммаси эса 113 899 сўмни (40 256 + (1 025 197 – 592 000) х 17%) ташкил этди. Таътил пулларидан ЖШДС – 72 283 сўм (113 899 – 41 616).

ШЖБПҲга бадал – 9 068 сўм (1 025 197 – 118 400) х 1%), таътил пулларидан – 4 252 сўм (9 068 – 4 816). Ҳисоблаб ёзилган таътил пулларидан суғурта бадаллари – 29 764 сўм.

Ходимга 323 150 сўм (425 197 – 72 283 – 29 764) таътил пули тўланган.

Амалда у 8 кун (2 февралдан 10 февралгача) таътилда бўлган. 8 кун учун таътил пули 188 976 сўмни (425 197 / 18 х 8) ташкил этади, яъни унинг суммаси 236 221 сўмга (425 197 – 188 976) камайтирилиши керак.

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси миқдорини белгилаш учун ойлик маошни меҳнатга қобилиятсизлик ойи жадвали бўйича барча иш кунлари сонига бўлиш йўли билан ўртача кунлик иш ҳақи ҳисобланади: 25 000 сўм (600 000 / 24), бу ерда 24 – 6 кунлик иш ҳафтасида февралдаги иш кунлари сони. Меҳнатга қобилиятсизликнинг 10 куни (6 кунлик иш ҳафтасида 11 февралдан 21 февралгача, 21 февраль ҳам киради) учун нафақа суммаси 200 000 сўмни (25 000 х 10 х 80%) ташкил этади.

Февралда ходимга ишланган 6 кун (23 февралдан 28 февралгача) учун 150 000 сўм ҳисобланган. Йил бошидан солиқ солинадиган даромад нафақани ҳисобга олганда 1 138 976 сўмни (600 000 + 188 976 + 200 000 + 150 000) ташкил этади. Ундан ЖШДС – 76 685 сўм ((1 132 976 – 236 800) х 8,5%), ШЖБПҲга бадал суммаси эса – 9 022 сўм ((1 138 976 – 118 400 х 2) х 1%).

ЖШДС суммаси февраль ойи якунлари бўйича 37 214 сўмга (76 685 – 113 899), ШЖБПҲга бадал суммаси эса 46 сўмга (9 022 – 9 068) камайтирилади. Февралдаги салбий сальдо кейин ЖШДС ва ШЖБПҲ ҳисоб-китоби чоғида ортиб борувчи якун билан тузатилади.

Суғурта бадаллари суммалари ҳам қайта ҳисобланади. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасига ижтимоий суғуртага ажратмалар солинмайди. Шу сабабли қайта ҳисоблаш февралда ҳисоблаб ёзилган иш ҳақини ҳисобга олган ҳолда таътил пулларидан амалга оширилади. Амалдаги таътил даври учун таътил пуллари ва февраль ойи учун иш ҳақидан суғурта бадали 23 728 сўмга ((188 976 + 150 000) х 7%) тенг. Тегишинча, илгари ушланган суғурта бадали суммаси 6 036 сўмга (23 728 – 29 764) камаяди.  

 

Т/р

 

Хўжалик операцияси мазмуни

 

Сумма (сўм)

 

Ҳисобварақлар корреспонденцияси

 

дебет

 

кредит

 

1

 

18 иш куни учун таътил пуллари ҳисобланди

 

425 197

 

9420

 

6710

 

2

 

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ушланди

 

72 283

 

6710

 

6410

 

3

 

ШЖБПҲга ажратмалар ҳисобланди

 

4 252

 

6410

 

6530

 

4

 

Таътил пулларидан суғурта бадали ушланди

 

29 764

 

6710

 

6520

 

5

 

Кассадан таътил пуллари тўланди

 

323 150

 

6710

 

5010

 

6

 

Таътил пуллари суммаси камайтирилди

 

-236 221

 

9420

 

6710

 

7

 

Ҳисоблаб ёзилди: вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси ва иш ҳақи

 

200 000

150 000

9420

 

6710

 

8

 

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи камайтирилди

 

-37 214

 

6710

 

6410

 

9

 

ШЖБПҲга бадал камайтирилди

 

-46

 

6410

 

6530

 

10

 

Суғурта бадали суммаси камайтирилди

 

-6 036

 

6710

 

6520

 

 

Агар ходим таътилнинг бошланиши ҳақида белгиланган муддатда хабардор қилинмаган (МКнинг 144-моддасига кўра – таътил бошланишидан аввал 15 кундан кечиктирмай) ёки унга таътил бошланишига қадар таътил пуллари тўланмаган бўлса, таътил ходимнинг аризасига кўра бошқа муддатга кўчирилиши мумкин. Ушбу ҳолда таътилни бошқа вақтга кўчириш корхона раҳбарининг буйруғи билан расмийлаштирилиб, айни вақтда таътиллар жадвалига ўзгартиришлар киритилади.

Ходимнинг жорий иш йилида таътилга чиқиши ташкилотда ишларнинг боришига нохуш таъсир кўрсатадиган ёки ходимни таътилдан чақириб олиш зарурати юзага келадиган тақдирдагина раҳбар ходимнинг розилиги билан таътилни кўчириши мумкин.

 

ТАЪТИЛДАН ЧАҚИРИБ ОЛИШ

Ходимни фақат унинг розилиги билан МКнинг қуйидаги талабларига риоя этган ҳолда таътилдан чақириб олиш мумкин:

таътилнинг фойдаланилмаган қисми шу таътил берилаётган иш йили тугагунга қадар бошқа вақтда берилиши лозим;

таътилнинг 12 иш кунидан кўп қисмини кейинги йилга кўчиришни фақат фавқулодда ҳолларда ходимнинг розилиги билан амалга ошириш лозим. Кейинги иш йилида у кўчирилган қисмдан албатта фойдаланиши керак;

18 ёшга тўлмаган ходимларга йиллик таътил, шунингдек ноқулай шароитларда ишлаш муносабати билан йиллик қўшимча таътиллар бермаслик тақиқланган.

Таътилдан чақириб олиш ташаббускори ким бўлишидан қатъи назар, у буйруқ билан лозим тарзда расмийлаштирилиши керак. Ходимнинг розилиги мустақил ариза билан тасдиқланиши ҳам, таътилдан чақириб олиш тўғрисидаги буйруқда акс эттирилиши ҳам мумкин. Ходим муддатидан аввал таътилдан чиққанда иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси таътиллар жадвалига ўзгартиришлар киритиб, унда ходим томонидан таътилнинг қолган қисмидан асл ҳолида фойдаланилиши назарда тутилиши керак (МКнинг 145-моддаси). Чақириб олиш тўғрисидаги буйруқда иш берувчи ходимга таътилнинг қолган қисмини берадиган вақт ҳам кўрсатилади. У мазкур иш йили мобайнида бошқа вақтда берилиши ёки кейинги иш йили учун таътилга қўшилиши керак.

Таътилдан чақириб олинган ходимга ишнинг биринчи кунидан бошлаб иш ҳақи ҳисобланиши, илгари унга ҳисобланган ва тўланган таътил пуллари суммалари белгиланган тартибда ҳисобга киритилиши лозим.

 

АГАР ТАЪТИЛ «БЎНАКЛИ» БЎЛСА

Агар таътилдан «бўнак» тарзида фойдаланган ходим иш йили охиригача ишламай ишдан бўшаб кетса, у иш берувчига ишланмаган кунлар учун таътил пуллари суммасини қоплаши керак. Бироқ МК 164-моддаси иккинчи қисмининг 4-бандида назарда тутилган ҳолларда улар қопланмайди.

 

МИСОЛ. 2014 йил 2 июнда ишга тушган ходимга, 6 ой ўтгандан кейин, 2014 йил 4 ноябрдан бошлаб 24 иш кунига меҳнат таътили берилган. 800 минг сўмлик маошда (мукофотлар ва бошқа тўловлар йўқ) унга 755 906 сўм (800 000 / 25,4 х 24) таътил пули ҳисобланган. 2015 йил мартда ходимни армия хизматига чақиришди, шу муносабат билан у билан меҳнат шартномаси 3 мартда бекор қилинди.

Ходим 3 ой учун (иш йили – 2014 йил июнь–2015 йил май) 188 977 сўм (755 906 / 12 х 3) миқдоридаги таътил пулини ишлаб бермаган. Бироқ у ҳарбий хизматга чақирилганлиги муносабати билан ишдан бўшаганлиги муносабати билан таътилнинг ишлаб берилмаган кунлари учун таътил пуллари суммаси ушланмаслиги керак (МК 164-моддаси иккинчи қисмининг 4-банди).

 

*Ушбу муддат ЎзР Меҳнат вазирлиги ва Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Кенгашининг 15.12.1993 йилдаги 1312/12-05/652-сон 40 соатлик иш ҳафтасини ва иш вақти балансини ҳисоблаш тартибини жорий этишга доир тушунтиришда белгиланган.

 

«Norma Ekspert» мутахассислари тайёрладилар 

Прочитано: 28587 раз(а)

Комментарии к статье (3)

Ошибка: Xbb_Tags_Color не найден.Ошибка: Xbb_Tags_A не найден.
2018-09-17 13:21:53, Гость_:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!
2019-08-02 11:13:11, Гость_:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!
2020-06-26 16:15:30, Гость_:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика