Корхонамизда чет эллик ходимлар ишлашади. Уларга ватанларида берилган меҳнат дафтарчаларини тўлдиришимиз мумкинми?
КБ инспектори.
– Бундай қилишингиз керак эмас.
Меҳнат дафтарчаси ходимнинг меҳнат стажини тасдиқловчи асосий ҳужжат бўлиб, мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклидан қатъи назар корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда иш берувчи корхонада 5 кундан ортиқ ишлаган барча ходимларга меҳнат дафтарчасини тутиши шарт, ўриндошлик асосида ишловчилар бундан мустасно (Меҳнат кодексининг (МК) 81-моддаси; АВ томонидан 29.01.1998 йилда 402-сон билан рўйхатдан ўтказилган Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида йўриқноманинг 1.1-банди, бундан кейин – Йўриқнома).
Ўзбекистонда ходимларга меҳнат дафтарчалари юритилади (унинг намунаси ВМнинг 6.07.1995 йилдаги «Ўзбекистон Республикасида янги меҳнат дафтарчаларини жорий қилиш тўғрисида»ги 258-сон Қарори билан тасдиқланган, бундан кейин 258-сон Йўриқнома).
Иш берувчи хорижий намунадаги меҳнат дафтарчасига эга бўлган чет эллик ходимни ишга қабул қилганда унга Ўзбекистон Республикасининг меҳнат дафтарчасини юритиши керак. Бунда унга хорижий намунадаги меҳнат дафтарчасидан ёзувлар кўчирилмайди.
Янги меҳнат дафтарчаси (дубликати)ни беришда иш берувчи ходимдан қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақининг 10%игача миқдорда ҳақ олиш ҳуқуқига эга (Йўриқноманинг 5.1-банди).
«Кадрлар бўлими» рукнини экспертимиз Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ олиб боради.