Турмушга чиқишим муносабати билан фамилиямни ўзгартирдим. Энди қизлик фамилиям кўрсатилган жамғариб бориладиган пенсия дафтарчамни ўзгартиришим керакми?
Самохова.
Ангрен шаҳри.
– Жамғариб бориладиган пенсия дафтарчангизни ўзгартириш керак эмас. Бироқ, Халқ банки томонидан фуқароларни жамғариб бориладиган пенсия тизимида шахсан ҳисобга олишни юритиш тартиби тўғрисида низомнинг* (бундан кейин – Низом) 13-бандига асосан жамғариб бориладиган пенсия тўловларини олувчининг ҳисобга олиш пайтидаги фамилияси, исми, отасининг исми, шунингдек мавжуд бўлган паспортининг серияси ва рақами ўзгарганда шахсий ҳисобга олиш маълумотларига тегишли қўшимчалар киритилади. Бунда фуқаролар ўзининг ШЖБПҲдаги мавжуд маълумотлар ўзгарганлиги ҳақида ўз вақтида иш берувчига ёки бевосита Халқ банкининг филиалига маълум қилишга мажбурдир (Низомнинг 26-банди).
*ВМнинг 21.12.2004 йилдаги 595-сон Қарорига 1-илова.