Мен ишловчи пенсионерман. 54 ёшга етганимда, 2013 йил мартида менга пенсия тайинланди, чунки умумий стажим 35 йилни ташкил этган эди. Пенсия жамғармаси бўлимига барча зарур ҳужжатларни (меҳнат дафтарчаси, кейинги 10 йил учун иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома, жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаси, бола туғилганлиги тўғрисида гувоҳнома) тақдим этдим. Бироқ 2015 йил февралида уйимга имтиёзни тасдиқлаш мақсадида 20 йил учун иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномани тақдим этишим кераклиги хусусида хат келтиришди. Ахир меҳнат дафтарчаси стажни тасдиқламайдими? Нимага пенсия расмийлаштирилаётган вақтда ушбу маълумотномалар талаб қилинмай, эндиликда уларни тақдим этишим кераклиги сўраляпти?
Р.Кадрилеева,
«Ўзбеккўмир» АЖ «Ер ости ишлари» филиалининг моддий бўлими катта бухгалтери.
– Бунга ўхшаш саволлар таҳририятимизга кўп келади. Кишилар нима учун маълум вақт ўтганидан кейин ўз меҳнат стажларини исботлашлари ва айнан Пенсия жамғармасининг ўзи тайинлаган тегишли пенсияларини «жанжал билан олишлари» кераклигини тушунтириб беришимизни сўраб бизга мурожаат қиладилар.
Афсуски, пенсионер ҳар доим ҳам ушбу олишувда ғолиб бўлавермайди. Бунга сабаб – талаб қилинаётган ҳужжатларни топишнинг мумкин эмаслиги. Бунда ҳам пенсионернинг айби йўқ. Чунончи, Мария Константиновна Р. ташкилотда деярли 11 йил ишлаган. Меҳнат дафтарчасида бу ҳақдаги ёзувлар тўлиқ битилган. Ташкилот тугатилганидан кейин барча ҳужжатлар йўқолиб кетган. Тўғриси, уларни архивга талаб қилинганидек топширишмаган. Кимгадир бу – оддий расмиятчилик, Мария Константиновна Р. учун эса бу – реал ҳаётий фожиа. Зеро энди қайта ҳисоб-китоб қилинганда пенсияси сезиларли равишда қисқарибгина қолмай, бироқ тўланган «ортиқча» сумма янги тайинланган пенсиядан ундирилади, бу эса – 50% босиб қолинади деганидир.
Мария Константиновна Р.га иш стажини Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомнинг (ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон Қарорига 1-илова) 74-бандида қайд этилганидек суд тартибида тасдиқлатишни маслаҳат беришди. Афсуски, бунинг учун гувоҳлар керак. Шунча йил ўтганидан кейин собиқ ҳамкасбларни топиш бир қатор ҳолатлар туфайли унчалик енгил бўлмади.
Ушбу ва бошқа шу каби саволларни шарҳлашни сўраб бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Тошкент шаҳар бошқармасининг пенсия ва нафақалар тайинланишини таҳлил қилиш ҳамда мониторингини олиб бориш бўлимига мурожаат қилдик. Бизга бўлим бошлиғи Абдурашид ИСМОИЛОВ шундай жавоб берди:
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 30 декабрдаги «Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-4161-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси зиммасига фуқароларнинг давлат пенсия таъминотини ташкил қилиш, фуқароларга пенсиялар, ижтимоий нафақалар, компенсация тўловларини тайинлаш, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда пенсияларнинг миқдорлари қайта ҳисоблаб чиқилишини таъминлаш, пенсияларни тўлиқ ҳажмда молиялаштириш ва тўланишини ташкил қилиш, шунингдек пенсиялар тайинланиши ва қайта ҳисоблаб чиқилишини тизимли асосда доимий таҳлил қилиш ва мониторингини олиб бориш, фуқароларнинг пенсия таъминотига йўналтириладиган маблағлардан қатъиян мақсадли фойдаланилишини таъминлаш юклатилган.
Қўйилган вазифани бажариш мақсадида жойлардаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимлари тўланаётган пенсияларни қайта текшириш ва мониторингини олиб бориш билан доим шуғулланмоқдалар.
Шунингдек «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 37-моддасига асосан фаолият тури, мулк ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш, агар у Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлса, иш стажига қўшиб ҳисобланади.
Ходим томонидан суғурта бадаллари тўланганлиги далили иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар асосида белгиланади, чунки меҳнат дафтарчасида суғурта бадаллари, шунингдек касаллик варақалари, ҳақ тўланмайдиган таътиллар ва бошқа даврларда суғурта бадаллари тўланмаганлиги хусусидаги маълумотлар қайд этилмайди.
Юқорида баён этилганлардан кўринадики, Пенсия жамғармасининг тўланадиган пенсияларни қайта текшириш ва мониторингини олиб бориш иши ҳар қандай пенсионер юзасидан юритилиши мумкин. Навбатдаги тасдиқнинг зарурлиги тўғрисидаги хат почта қутингизга келиб тушиши ҳеч гап эмас.
Модомики, меҳнат дафтарчасида суғурта бадаллари тўғрисида маълумотлар мавжуд эмас экан, унда ушбу устунни назарда тутиш ва ҳар бир ёзув остида «Бадаллар тўланган» махсус белгисини қайд этиш мантиқан тўғри бўлар. Худди ўша меҳнат дафтарчасида суғурта бадаллари тўланмаган даврларни (касаллик ва ҳақ тўланмайдиган таътил вақти) қайд этиш мумкин бўлар эди. Шу билан айрим ходимларнинг бепарволиги учун пенсионер жавобгар бўлишдан халос бўларди. Зеро унинг хатоси учун пенсионер ўзининг ҳалол ишлаб топган пенсиясидан ҳақ тўлайди.