48 ёшли ходимамиз вафот этди. Шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағида унинг маблағлари қолди. Унинг турмуш ўртоғи ушбу пулларни олиши мумкинми? Агар мумкин бўлса, қачон? Ходимамиз пенсия ёшига етмаган эди-да.
Бухгалтер.
– Фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларидан маблағларни тўлаш тартиби тўғрисида низомнинг* (бундан кейин – 595-сон Низом) 20-бандига мувофиқ фуқаро вафот этган тақдирда, унинг шахсий жамғариб бориладиган ҳисобварағида жамғарилган маблағлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда меросга ўтади ҳамда меросхўрга бир йўла ва тўлиқ ҳажмда тўланади. Меросхўр қонун бўйича ҳам, васият бўйича ҳам бўлиши мумкин.
Бироқ сизнинг ҳолатда мазкур меъёрни қўллаб бўлмайди, чунки «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг (2.12.2004 йилдаги 702-II-сон) 16-моддаси ва 595-сон Низомнинг 2-бандига мувофиқ жамғарилган пенсия тўловларини давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи юзага келган тақдирда олиш мумкин. Сизнинг ходимингиз эса, хатда қайд этилганидек, пенсионер эмас эди.
*ВМнинг 21.12.2004 йилдаги 595-сон Қарорига 3-илова.