Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 20 / Олий Мажлис Қонунчилик палатасида

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг иккинчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборот

Тошкент шаҳрида 2015 йил 15–16 май кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг иккинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

 

Мажлисни Олий Мажлис Сенатининг Раиси Н.Йўлдошев олиб борди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ялпи мажлисининг биринчи кунида сенаторлар томонидан 10 та масала кўриб чиқилди.

Сенаторлар ишни «Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Қонунни кўриб чиқишдан бошладилар. Ушбу Қонун Президентимизнинг 2010 йил 26 ноябрда қабул қилинган «2011–2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида»ги қарорини ижро этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан парламентнинг қуйи палатасига киритилган.

«Умумий фойдаланишдаги ҳаво, темир йўл, ички сув ва автомобиль транспорти йўловчиларининг мажбурий шахсий суғуртаси тўғрисида»ги амалдаги Қонуннинг ўрнини босиши керак бўлган мазкур Қонун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида барча турдаги транспорт воситаларида ташувлар амалга оширилаётганда йўловчиларнинг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш орқали кафолатли равишда қоплашга қаратилганлиги қайд этилди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг сенаторлар қонунчилик ташаббуси тартибида Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган янги таҳрирдаги «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги Қонунни кўриб чиқдилар. Таъкидландики, Қонуннинг янги қоидалари қимматли қоғозлар эмиссияси билан боғлиқ ҳуқуқий тартиб-таомилларни, шу жумладан, янги молиявий воситаларни соддалаштиришга, уларнинг самарадорлигини оширишга қаратилган. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг сенаторлар янги таҳрирдаги «Электрон тижорат тўғрисида»ги Қонунни кўриб чиқдилар. Ушбу Қонун Ҳукуматнинг 2014 йил 17 январда бўлиб ўтган 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларига ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг устувор йўналишларига бағишланган мажлисида белгилаб берилган вазифаларни рўёбга чиқариш доирасида Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган. Қонун электрон савдога замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилишнинг ҳуқуқий механизмларини яратишга, битимлар тузиш тартиб-таомилларини янада осонлаштиришга, электрон тижорат иштирокчилари ҳуқуқларининг ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган бир қатор муҳим қоидаларни ўз ичига олади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сенаторлар «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги Қонунни кўриб чиқдилар ва маъқулладилар. Мазкур Қонуннинг асосий мақсади социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ва суд-ҳуқуқ соҳаларига оид амалдаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришдан иборат.

Шундан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикаси билан Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган бир қатор халқаро шартномаларни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунларни кўриб чиқдилар ва маъқулладилар.

Сенаторлар У.Муҳаммадиевни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) этиб сайлаш тўғрисидаги масалани ҳам кўриб чиқдилар. Мазкур масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

* * *

Ялпи мажлиснинг иккинчи кунини сенаторлар конституциявий ваколатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2014 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқишдан бошладилар.

Масалани муҳокама этиш чоғида сенаторлар Ҳисоб палатаси назорат тадбирларини кучайтириш ва самарадорлигини оширишга, молиявий ҳуқуқбузарликлар сонини қисқартириш ва келгусида такрорланишининг олдини олиш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўришга қаратилган ўз таклиф ва тавсияларини билдирдилар. Шунингдек, Давлат бюджетининг ижро этилиши устидан парламент назоратини амалга ошириш соҳасида Ҳисоб палатасининг Олий Мажлис билан ҳамкорлигини кучайтиришга, шунингдек, Олий Мажлис Сенатининг назорат-таҳлил тадбирларига Ҳисоб палатаси вакилларини жалб қилишга доир аниқ таклифлар ҳам ишлаб чиқилди.

Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг ҳисоботини ҳам тингладилар. Ҳисоботни муҳокама этиш чоғида Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2014 йилдаги фаолияти атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратининг самарадорлигини оширишга, табиатни муҳофаза қилиш фаолияти соҳасида тармоқлараро бошқарувни кучайтиришга, экология тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга қаратилганлиги қайд этилди.

Ҳисоботни муҳокама этиш чоғида сенаторлар Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг фаолиятини янада такомиллаштириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ҳаракат дастурини рўёбга чиқаришга қаратилган қўмита фаолиятининг самарадорлигини ошириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан самарали экологик назоратни амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар кўриш, экологик туризмни ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, шу жумладан, экологик хавфсизликнинг трансчегара таҳдидларига қарши курашиш юзасидан аниқ таклиф ҳамда тавсиялар бердилар.

Шундан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди таркибига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқдилар.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати тегишли қарорлар қабул қилди.

 

Олий Мажлис Сенатининг Матбуот хизмати материаллари асосида тайёрланди.

Прочитано: 2200 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика