Norma.uz

Масъулиятсизлик учун жавобгарлик

2012 йил ноябрида квартира сотиб олдик. Олди-сотди битимини расмийлаштириш чоғида нотариус бизга аввалги уй эгаларининг коммунал тўловлар бўйича қарзи йўқлиги, шунингдек квартирада газ, совуқ ва иссиқ сувни ҳисобга олиш асбоблари, электр ҳисоблагичнинг мавжудлиги тўғрисидаги маълумотномаларни кўрсатди. Квартира калитларини олишимиз билан коммунал хизматларни етказиб берувчи корхоналарнинг вакиллари кела бошлашди. Биз уларга олди-сотди тўғрисидаги ҳужжатнинг, паспортчининг квартирада ҳеч ким прописка қилинмаганлиги тўғрисидаги маълумотномасининг нусхаларини бердик.

2 йилдан кейин (2015 йил февралда) газ таъминоти ташкилотининг янги инспектори келиб, газ истеъмоли учун 179 минг сўм миқдорида қарзим борлиги тўғрисида маълум қилди. Аниқланишича, аввалги назоратчи квартиранинг янги соҳиби тўғрисидаги, шунингдек унга ҳеч ким прописка қилинмаганлиги тўғрисидаги маълумотларни компьютерга киритмаган экан.

Бизни туман газ идорасига чақириб, квартира харид қилинишига қадар (17.12.2011 йил) Тошшаҳаргазнинг ҳисобга олиш асбобини қиёслаш муддати тугашига қадар газ истеъмоли учун абонент билан ҳисоб-китобларни меъёрлар бўйича амалга оширишни назарда тутадиган қарори қабул қилинганлигини маълум қилишди. Квартиранинг аввалги соҳиблари 17.12.2012 йилда ўз вақтида қиёслашдан ўтказганлар, бу сертификат билан тасдиқланган. Инспекторнинг талабига кўра улар маълумотларни компьютерга киритиш учун унинг нусхасини туман газ идорасига тақдим этганлар. Ҳужжатнинг асл нусхаси бизда.

Бироқ ҳисоблагич қиёслашдан ўтказилганлиги ва қарзнинг йўқлиги тўғрисидаги ахборотни ҳам газ таъминотчилари ахборот базасига киритмаганлар. Ҳисобга олиш асбобининг қиёслашлараро интервали ҳали тугамаган. Бизни асоссиз равишда пул тўлашга мажбур этишяпти, ҳолбуки ҳисоблагичнинг бугунги кундаги кўрсатмалари бўйича газ истеъмоли учун ҳақни ортиғи билан тўлаганмиз. Қарзсиз квартирани сотиб олиб, энди негадир қарздор бўлиб қолдик.

Туман газ идорасининг ахборот базасига абонент томонидан газ истеъмолига ҳақ тўланганлиги, ҳисоблагичнинг қиёслашдан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотлар киритилган-киритилмаганлигини қандай қилиб аниқлаш мумкин? Истеъмолчи уларнинг компьютерга ўз вақтида киритилишини назорат қилиши керакми? Буни «унутганликлари» учун газ таъминоти ташкилотининг ходимлари жавобгар бўладиларми?

С.Нурмуҳамедова,

бухгалтер.

 

«КОММУНАЛ АМНЕЗИЯ»

– Кейинги вақтда газ таъминотчилари истеъмолчиларга ўз вақтида ўтказилмаган қиёслаш билан ҳам боғлиқ асоссиз ҳисобланмаларни талаб қилиш ҳоллари кўпайди, бироқ бунда ўзлари уни ўтказиш тартибини бузадилар. Қиёслашни ўтказгандан кейин ҳисоблагични ўрнатган таъминотчи корхона ходими у ҳақдаги маълумотларни компьютерга киритишни «унутадиган» ҳол анча кўп учраяпти. Бундай «коммунал амнезия» ривожланиб бориб, сурункали шаклга ўтиши мумкин деб хулоса қилишга асос яратаяпти.

Газни ҳисобга олиш приборларини текширувдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга1 (бундан кейин – Низом) кўра газни ҳисобга олиш приборлари жисмоний шахслар учун 4 йилда 1 марта даврий текширувдан ўтказилади (Низомнинг 3-банди). Агар квартиранинг аввалги соҳиби таъминотчига 2012 йилда қиёслашдан ўтказилганлиги тўғрисидаги сертификатни берган бўлса, газ таъминоти ташкилоти турар жойнинг янги соҳибларига гўё ҳисоблагич қиёсланмаганлиги учун тўлов ҳисоблаш ва бунинг учун ҳақ талаб қилиш ҳуқуқига эга эмас.

Низомнинг 29-бандида назарда тутилишича, газни ҳисобга олиш прибори қиёсланган ва ўрнатилгандан сўнг, газни ҳисобга олиш прибори рўйхатга олинади (таъминотчининг вакили томонидан) ва фойдаланилган газ ҳисобга олиш приборининг кўрсаткичига мувофиқ ҳисобланади. Ушбу маълумотлар туман газ идорасининг маълумотлар базасига киритилади. Агар газ таъминоти ташкилоти ходими буни ўз вақтида қилмаган бўлса, истеъмолчи эмас, балки масъулиятсизлиги учун ўзи жавоб бериши керак. Абонентга асоссиз ҳисобланмалар тўғрисида талаб қўйиш – қонун ҳужжатлари ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини бузишдир.

«Коммунал амнезия»ни қандай даволаш керак? Истеъмолчиларнинг принципиал позицияси билан ва қонун ҳужжатларига таянган ҳолда, албатта. Низомнинг 30-бандида белгиланишича, Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.

 

ИСТЕЪМОЛЧИНИ «ШОК БИЛАН ДАВОЛАШ»

Таъминотчилар кўпинча абонентларга нисбатан «шок билан даволаш» усулини қўллайдилар. Унинг дастакларидан бири – ўтган бир неча йиллик коммунал маҳсулотнинг истеъмоли учун бирйўла асоссиз ҳисобланмалар қилиш. Ҳеч нарсадан бехабар фуқаролар коммунал хизматлар учун ўз вақтида ҳақ тўлайдилар, кимдир бўнак билан тўлайди, кутилмаганда миллион сўмга яқин салмоқли сумма юзага чиқади. Ҳалол тўловчини бу билан талвасага солиб қўйиш ҳам мумкин.

Нима учун таъминотчи истеъмолчини қарз (ҳақиқий ёки сохта) тўғрисида ўз вақтида хабардор қилмаган, деган савол туғилади. Газ етказиб бериш шартномасида (бундан кейин – Шартнома) абонентнинг олинган газ учун ҳақни ҳар бир ой тугаганидан кейин 10 кун мобайнида тўлаши кераклиги назарда тутилган (Шартноманинг 6.2-банди). Белгиланган муддатда тўланмаган тақдирда таъминотчи истеъмолчини тўлаш зарурлиги ҳақида хабардор қилиши керак (Шартноманинг 6.3-банди). Агар у истеъмол қилинган газ қийматини хабарнома олгандан кейин 3 кун мобайнида тўламаса, у газ таъминоти тармоғидан узиб қўйилиши керак (Шартноманинг 6.4-банди). Бироқ 2 йил мобайнида абонент таъминотчидан на оғзаки, на ёзма хабарнома олмаган. Бунда асоссиз, сохта қарз ва ҳатто таъминотчи корхонанинг инсофсиз вакили хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш орқали тамагирлик қилаётгани тўғрисида сўз бораётган бўлиши истисно этилмайди. Шу сабабли таъминотчи ҳисобланмалар тўғрисидаги талабни ёзма равишда баён этишини сўранг (маълумотнома, хабарнома ёки шу сингариларни берсин).

 

ИШОНЧИНГИЗ АСОСЛИ БЎЛСИН

Етказиб берувчининг ахборот базасига газ истеъмоли учун тўлов, ҳисоблагич қиёслашдан ўтказилганлиги ҳақидаги ва бошқа маълумотларни киритган-киритмаганлигини назорат қилиш истеъмолчининг вазифасига кирмайди. Бироқ, газ таъминоти ташкилоти билан муаммолар юзага келишига йўл қўймаслик учун бунга ишонч ҳосил қилинг. Шу сабабли ҳам абонентларга туман газ идорасида тўловларни вақти-вақти билан солиштириш тавсия қилинади.

Бироқ мазкур ҳолда истеъмолчи ҳам ўз мажбуриятларини бажармай, бу билан Шартномани бузган. Аниқроғи, уни ўз қўли билан тузмасдан, бунинг учун ҳужжатлар ва маълумотномаларни текширувчи орқали берган. Шартноманинг 6.8-бандида белгиланишича, ҳар бир алоҳида истеъмолчига газ таъминоти ташкилоти шахсий ҳисобварақ очиб, унда абонентнинг маълумотлари, шунингдек газни ҳисобга олиш асбобининг техник тавсифлари – охирги қиёсловнинг даврийлиги ва санаси, қиёсловдан сўнг ҳисоблагич пломбаланганлиги далолатномаси, охирги кўрсатмаларнинг санаси ва ҳажмини кўрсатади. Истеъмолчи буни ўз вақтида қилганда муаммолар юзага келмаслиги ҳам мумкин эди.

1997 йилда тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турмушда газдан фойдаланиш қоидалари2, шунингдек Шартномада, мисол учун, яқинда қабул қилинган коммунал хизматлар кўрсатиш қоидалари3 сингари, турар жой мулкдори ўзгарганда янги квартира соҳиби учун регламент келтирилмаган. Уларда (сўз иссиқлик таъминоти, сув таъминоти ва сув чиқариш тўғрисида боряпти) айтилишича, турар жой мулкдори ўзгарганда янги квартира соҳиби турар жой соҳиби ўзгарган кундан бошлаб 7 кунлик муддатда сув ва иссиқлик таъминоти корхоналари билан шартнома тузиши шарт. Газ таъминоти шартномасининг 4.2-бандида эса истеъмолчи фақат яшаш жойи ўзгаргандагина уни тармоқдан узиш тўғрисида ёзма ариза бериши шартлиги назарда тутилган.

Истеъмолчида юзага келган муаммони ҳал этиш учун туман газ идораси раҳбарига ариза билан мурожаат этиб, унга квартира олди-сотдиси шартномаси; собиқ соҳиб ва ўзининг тўлов ҳужжатлари; газ ҳисоблагичи қиёсловдан ўтказилганлиги сертификатининг нусхаларини; квартирада прописка қилинган фуқаролар сони тўғрисидаги маълумотномани илова қилиш керак. Нотариуслар собиқ соҳибнинг коммунал хизматлар учун тўловлар бўйича қарзи йўқлигини, шунингдек коммунал маҳсулотлар истеъмолини ҳисобга олиш асбобларининг мавжудлигини тасдиқлайдиган маълумотномалар бўлмаса, олди-сотди битимини расмийлаштирмайдилар. Агар сизга ҳисоблаб ёзилган, сиз сохта деб ҳисоблаган қарзга дахлдор эмаслигингизни исботламоқчи бўлсангиз, собиқ уй соҳибининг нотариал идорага тақдим этган маълумотномаларининг нусхалари талаб қилинади. Агар газ таъминоти (туман, шаҳар) ташкилотига мурожаатингиз натижа бермаса, прокуратура, Монополияга қарши қўмита, судга мурожаат қилинг.

Амалиёт коммунал маҳсулотлар истеъмоли учун ҳисоб-китоб қилиш чоғида кўпинча иккала тараф зиддиятларнинг сабабчиси бўлиши хусусида гувоҳлик беради. Ҳатто ҳалол тўловчилар кўпинча ҳуқуқий билимсизлигини намоён этишади. Баъзан нима учун қарз юзага келганлигини аниқлаш ўрнига таъминотчининг вакиллари билан «келишиш»ни афзал кўришади. Ана шунда масъулиятсизликнинг йўли очилиб, жавобгарликка олиб келишига умид қолдирмайди.

Муаммоларнинг олдини олиш учун истеъмолчи йилда бир неча маротаба бевосита таъминотчининг офисида коммунал хизматлар ҳақи тўланганлигини солиштириши керак.

Қиёсловдан ўтган ҳисоблагич ўрнатилганидан кейин истеъмолчи таъминотчининг офисида қиёслов тўғрисидаги маълумотлар ахборот базасига киритилган-киритилмаганлигини аниқлаштириши керак.

Таъминотчи томонидан истеъмолчи асоссиз деб ҳисоблаган қарз ҳисоблаб ёзилганда у қарзни ёзма шаклда асослаб беришини талаб қилинг.

 

1«Ўзстандарт» агентлиги ҳамда Ўздавнефтгазинспекциянинг АВ томонидан 30.07.2014 йилда 2604-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

2Коммунал хизматлар кўрсатиш вазирлиги томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 14.10.1997 йилда 370-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

3ВМнинг 15.07.2014 йилдаги 194-сон Қарори билан тасдиқланган.

Прочитано: 2376 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика