Norma.uz

Коммунал хўжалиги: шикоятлар нимадан далолат бермоқда?

Давлат рақобат қўмитасининг (бундан кейинҚўмита) реклама фаолиятини назорат қилиш ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоялаш бошқармасига 2015 йил биринчи чорагида келиб тушган мурожаатларнинг аксарияти уй-жой-коммунал соҳа билан боғлиқ. Қўмитага мурожаат қилган фуқаролар умумий миқдори (1 268 нафар) шикоятларининг 64%и мазкур соҳага тўғри келади. Ҳуқуқ бобида уй-жой-коммунал хўжалиги энг тартибга солинган соҳалар қаторига киради. Шикоятлар миқдори бўйича унинг доимий ўзгармас ўринда бўлиб келишини эса аҳолининг ўз ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида ҳуқуқий жиҳатдан етарлича хабардор эмаслиги билан тушунтириш мумкин. Бошқа томондан эсакоммунал хизматлар таъминотчилари белгиланган қонун ҳужжатлари меъёрларига қатъий риоя қилмайдилар. Ушбу йўналишда кўп саъй-ҳаракат қилинаётганига қарамай, юқоридаги сабаблар оқибатида шикоят билан мурожаат қилиш рейтингида уй-жой-коммунал хўжалигининг (УКХ) позицияси ўзгармаяпти.  

 

УКХ корхоналари иши хусусидаги барча шикоятларнинг ярмидан кўпи газ таъминоти (54%), 24%и электр таъминоти, 8%и иссиқлик таъминоти, 5%и ХУМШ фаолияти, 4%и совуқ сув таъминоти, 5%и бошқа соҳаларда истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ.

Кейинги йилларда газ таъминоти даъво-эътирозлар борасида барқарор равишда биринчиликни эгаллаб келиши нима билан боғлиқ? 2014 йилда Аҳолига коммунал хизматлар кўрсатиш қоидалари тасдиқланди (ВМнинг 15.07.2014 йилдаги 194-сон Қарори). У иссиқлик таъминоти, сув таъминоти ва сув чиқариш, қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни йиғиш ҳамда олиб чиқиб кетиш соҳасида истеъмолчилар ва таъминотчиларнинг ўзаро муносабатлари тартибини ўз ичига олади. Аҳолини электр билан таъминлаш соҳасига жиддий қўшимчалар киритилди (ВМнинг 1.11.2013 йилдаги 295-сон Қарори). Аниқ-равшан регламент тарафларнинг муносабатларида ижобий акс этди. Бу ҳол Қўмитага қилинадиган мурожаатлар сонининг қисқаришига олиб келди.

Аҳолини газ билан таъминлашга келсак, бугунги кунда у ҳуқуқий жиҳатдан етарлича тартибга солинмаган соҳа ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турмушда газдан фойдаланиш қоидалари1 1997 йилда қабул қилинган. Ўша пайтдан бери тармоқда катта ўзгаришлар юз берди. Тармоқнинг ўзи ҳам ўзига хос жиҳатларга эга. Бозор иқтисодиёти шароитида ишлаш, УКХ ислоҳоти тақозо этган янги ҳолатлар, уй-жой соҳасида мулк ҳуқуқининг ўзгариши газ таъминотчилари ва истеъмолчиларининг ўзаро муносабатларида янги ёндашувлар, механизмларни ишлаб чиқишни талаб қилади. Улар қонун ҳужжатлари билан мустаҳкамланиши керак. Уларнинг мавжуд эмаслиги турли хил ҳуқуқбузарликлар ва суиистеъмолликлар учун қулай замин яратади.

Истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ҳимояланиши тўғрисидаги қонун ҳужжатлари амалга оширилиши устидан назорат қилувчи Давлат рақобат қўмитаси учун фуқароларнинг шикоят ва мурожаатлари устида ишлаш меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштиришга эътиборни қандай йўналишда жамлаш кераклиги хусусида ўзига хос йўл кўрсаткичдир. Бундан ташқари, Қўмита турли соҳаларни, шу жумладан истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилиши ҳоллари кўп учрайдиган УКХни ўрганиб боради. Ҳуқуқбузарларга нисбатан кўрсатмалар юборилади, жарима жазолари қўлланади, суд даъволари қўзғатилади. Ушбу ишнинг якунлари бўйича республика Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа идораларга коммунал хизматлар фаолиятини яхшилаш, қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир таклифлар юборилади. Уларнинг кўпи аҳолига коммунал хизматлар кўрсатишнинг янги қоидалари, бошқа қонун ҳужжатларида ўз аксини топди. Газ таъминоти шикоятлар бўйича «рекорд» қўяётганлиги ва ушбу тамойил кейинги йилларда барқарор тус олаётганлигини ҳисобга олганда, бу – истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ишининг устувор жиҳатларидан биридир. Хусусан, 2014 йилда Газни ҳисобга олиш приборларини текширувдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом2 (бундан кейин – Низом) қабул қилинди, уни ишлаб чиқишни Қўмита қатъият ва изчиллик билан талаб қилиб келган эди. Заруратини Давлат рақобат қўмитаси қайд этган ва олға сурган ғоятда муҳим талаб ҳам ҳужжатга киритилди. Низомнинг 5-бандида назарда тутилишича, газ таъминоти корхонаси газни ҳисобга олиш приборини даврий текширувдан ўтказишнинг амал қилиш муддати тугашидан 30 кун олдин истеъмолчини уни даврий текширувдан ўтказиш зарурлиги ҳақида ёзма равишда огоҳлантириши шарт. Туман газ таъминоти корхонаси раҳбари бундан истеъмолчиларни ўз вақтида огоҳлантириш учун масъулдир.

УКХ соҳасида 2015 йилнинг биринчи чорагидаги назорат ишининг асосий йўналишлари тўғрисида Давлат рақобат қўмитасининг реклама фаолиятини назорат қилиш ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоялаш бошқармаси бошлиғи Дилшод АЗИМОВ ҳикоя қилади.

 

«БИР ДАРЧАДА» ТЕКШИРИШ

– Аҳолининг газ таъминоти соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг аксарияти, таъминотчиларнинг фикрича, истеъмолчилар ҳисоблагичларни ўз вақтида қиёслашдан ўтказмаганлиги туфайли вужудга келадиган асоссиз қарзлар билан боғлиқ. Шунга асосланиб газ таъминотчилари фуқароларни катта тўловларни тўлашга мажбур этадилар. Бу мажбурий ёзма огоҳлантиришларсиз қилинади.

Газ таъминотчилари ахборот базаси билан кўнгилдагидек ишламасликлари туфайли муаммо вужудга келади. Айтайлик, истеъмолчи газ ҳисоблагичини қиёслашдан ўтказди. Унга қиёслашни тасдиқлайдиган Ўзстандарт сертификати берилди. Бироқ инспектор ушбу маълумотларни ахборот базасига киритмаган. Натижада 3 йил учун жуда катта қарз юзага келади. Бундай мурожаатларни кўриб чиққандан кейин биз истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилганлигини қайд этамиз. У сохта қарзни тўламаслиги керак. Газ таъминоти ташкилоти ходимлари бунга қўшиладилар, қайта ҳисоб-китоб қиладилар, унга қарзнинг йўқлиги тўғрисида маълумотнома берадилар. Бироқ бир-икки йилдан кейин яна ушбу сумма юзага чиқади. Оператор яна маълумотларни базага киритишни унутган, қарз эса ошиб борган бўлиб чиқади. Қарз энди 3 млн эмас, балки 4 млн сўмни ташкил этиши мумкин.

Бундай вазиятларни кўриш вақтида ёқангни ушлайсан киши. Истеъмолчи таъминотчига қиёслаш ўтказилганлиги тўғрисида сертификат тақдим этади, у эса гўё кўр ва кардек: «Бизда бу ҳақда маълумотлар базасида ахборот йўқ, шу сабабли тўлаш керак», – деб тураверади. Бироқ инспекторингиз ахборотни тезкорлик билан операторга бермаганлиги ёки у маълумотни ўз вақтида компьютерга киритмаганлиги учун ким жавобгар? Қонун ҳужжатлари бузилганлиги боис биз бунинг учун таъминотчиларга жарима соламиз. Бироқ бир оз муддат ўтгач, улар яна гўё ушбу фуқаро ҳисоблагични қиёслашдан ўтказмаганлиги учун қатъият билан унга тўлов ҳисоблаб ёзадилар. Яна ҳаммаси бошидан бошланади: «Истеъмолчи тўлаши шарт, у маълумотлар базасида йўқ».

Истеъмолчи ўз хизмат вазифаларини бажармаган туман газ идорасининг масъулиятсиз ходими учун тўлаши керак эмас. Низомда аниқ қилиб ёзилишича, газ таъминоти ташкилоти вакили қиёсдан ўтказилган ҳисоблагични ўрнатиш пайтида газ тармоғига улаш тўғрисида далолатнома тузади ва уни туман газ идорасига топшириши керак. Биз бундай можаролар хусусида «Трансгаз» АКга кўп маротаба мурожаат қилганмиз. Газ таъминоти ташкилотларининг ходимлари учун қиёслашдан ўтказиш билан боғлиқ ички регламент ишлаб чиқилган. Бироқ бу соҳада кадрларнинг қўнимсизлиги даражаси жуда юқори, натижада ҳеч қандай жавобгарлик ва тегишли назорат йўқ, механизм ишламайди.

Юзага келган вазиятдан чиқиш йўли қандай? Биз газ ҳисоблагичларини қиёслашдан ўтказиш тўғрисидаги маълумотларни газ таъминотчиларига истеъмолчилар эмас, балки «Ўзстандарт» агентлиги ходимлари, бунинг устига электрон шаклда беришларини таклиф қиламиз. Бунда муаммолар бўлмаслиги керак. Бугунги кунда биз рақамли ахборот технологияларининг ягона тармоғига қўшиляпмиз. Моҳиятга кўра, истеъмолчи газ идораси, бошқа коммунал хизматлар ҳузурига бормаслиги керак. У ўзининг шахсий ҳисобварағи ҳолати тўғрисидаги барча ахборот қайд этилган ўз персонал кабинетига таъминотчининг сайтидан кириши керак. Таъминотчи ҳисоблагични қиёслашдан ўтказиш оралиғидаги интервал тугаганлиги тўғрисида уни sms ёки e-mail га хабар юбориб огоҳлантириши мумкин. Бу – келажакдаги иш, биз бунга албатта эришамиз.

Биз коммунал хизматларнинг барча таъминотчилари учун қиёслаш таомилларини бирхиллаштиришни ҳам талаб этяпмиз. У имкони борича қулай ва истеъмолчи учун оғир бўлмайдиган механизм бўлиши керак. Бугунги кунда таъминотчилар уни сарсон қиладилар, шу боис қиёслашдан ўтказиш малол келувчи ортиқча ташвиш бўлиб қолди. Ўзингиз баҳо беринг: аввал истеъмолчи ҳисоблагични жойидан олиш учун газ таъминоти ташкилотига ариза билан мурожаат қилиши керак. Кейин асбобни метрология хизматига олиб боради, сўнгра олиб келади. Яна туман газ идорасига уни ўрнатиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилади. Қанча вақт, асаб, сарсонгарчилик... Бу ерда «бир дарча» тизими ишлаши керак. Истеъмолчида танлаш ҳуқуқи бўлиши лозим: ё у ҳисоблагични ўзи қиёслашдан ўтказсин ёки ушбу хизматни таъминотчига (туман газ идораси ваколат берган бошқа тузилмага) буюртирсин. Ижро этувчи буюртмани расмий тарзда белгиланган ҳақ эвазига тўла-тўкис бажариши керак.

 

ПЛОМБА ОЛИБ ТАШЛАНДИ. ҲИСОБЛАГИЧГА ЯХШИ УСТА КЕРАК

Коммунал хизматлар ҳар бир таъминотчисининг қонун ҳужжатларини бузиш бобида ўз «имзо»си бор. Агар газ таъминотчилари асоссиз қарзларни ҳисоблаб ёзиш мақсадида ҳисоблагични қиёслашдан ўтказишни рўкач қилсалар, электр энергияси таъминотчилари ҳисоблагичдаги пломбанинг олинганлигини сабаб қилиб кўрсатадилар. Бугунги кунда бу – электр таъминотидаги жиддий муаммолардан биридир. Қисман бу иш текширувчиларнинг ўз қўли билан қилиниши истисно эмас.

Қонун ҳужжатларида белгиланишича, агар ҳисоблагичда пломба йўқ бўлса, бунга истеъмолчининг дахлдорлигини исботлаш зарур. Одатда ҳисоблагичнинг ишига унинг кўрсатмаларини камайтириш мақсадида аралашадилар. Бироқ агар у техник жиҳатдан соз бўлса, бу Ўзстандарт органларида тасдиқланади, бошқа сабаб ҳам бўлиши мумкин. Бироқ таъминотчи буни ҳеч қачон аниқлаб ўтирмайди. Пломба йўқ бўлса, ҳар доим истеъмолчи айбдор ҳисобланиб, унга 3 йиллик тўлов ҳисоблаб ёзилади. Бироқ нима учун ҳудудий электр тармоқлари корхонаси (ҲЭТК) ходимлари пломба бир йил, икки ёки бир ярим йил аввал эмас, 3 йил аввал олиб ташланганлигига ишончлари комил. «3 йил – даъво муддати» деб жавоб беришади. Бироқ бу вазиятга ўзбошимчалик билан ёндашишдир.

Бунда муҳим бир жиҳат бор. Давлат рақобат қўмитаси Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларига3 «қиёслаш» ва «айланиб чиқиш» тушунчалари киритилиши керак деб ҳисоблайди. Назоратчилар қанча вақт оралиғида айланиб чиқиш усулини қўллашлари, ҳисоблагичнинг кўрсатмаларини қайд этишлари, уларнинг созлигини текширишлари керак, деган савол туғилади. Қўмитанинг талаби билан Маиший истеъмолчилар учун электр таъминоти шартномасининг (бундан кейин – Шартнома) 5.4-бандига айланиб чиқиш чоракда 1 марта ўтказилиши белгиланадиган қўшимчалар киритилди. Бу талаб жуда муҳим, чунки қайта ҳисоб-китоб қилинган миқдор охирги қиёслашдан ўтказиш санасига боғлиқдир. Истеъмолчига 3 ойлик тўлов ҳисоблаб ёзиш қаердаю, 3 йил учун бир неча миллион сўм ҳисоблаб ёзиш қаерда. Агар текширувчи айланиб чиқиш даврийлигини, яъни ўзининг хизмат вазифаларини бузса, истеъмолчи унинг хатоси ёки масъулиятсизлиги учун ўз ҳамёнидан тўламаслиги керак.

Шартномада ушбу талаб қайд этилганлигига қарамай, таъминотчилар уни бажаришни хоҳламайдилар. «Яшовчилар олдига ҳар 3 ойда келиб туриш учун бизда шунча вақт ва назоратчилар мавжуд эмас», – дея эътироз билдирадилар. Ахир, аслини олганда, улар истеъмолчилар электр энергияси учун ўз вақтида ҳақ тўлашлари, ўғирликларга йўл қўйилмаслиги, пломбалар олиб ташланмаслигидан манфаатдор бўлишлари керак. Шундай экан, чоракда бир маротаба ҳисоблагичлар ишини назорат қилинг. Абонентлик базасига кира олишингиз учун сизга смартфонлар тақдим этилган. Бундан ташқари, фуқаролар ўз электр ҳисоблагичларини йўлакларга олиб чиқишган. Ўзларининг эмас, балки сизнинг қулайлигингиз учун, ваҳоланки, бу истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини бузишдир. Бироқ таъминотчилар каттагина суммани ҳисоблаб ёзиш учун бир неча йил ўтишини кутадилар. Кейин, айтайлик, ҳисобланган ҳақ миқдорининг 30%ини тўлаб муаммони ҳал этишни таклиф этишади ва масала ҳал бўлади. Биз ушбу суиистеъмолчиликларни йўқотиш учун ҳам айланиб чиқиш даврийлиги чоракда бир маротаба бўлишини талаб этдик. Бунда кўп нарса истеъмолчиларнинг ўзларига ҳам боғлиқ. Баъзилар монополиячи билан сан-манга боришни хоҳлашмайди, бошқалар пломбанинг олиб ташланганлигига ўзларининг дахлдор эмасликларини исботлашлари мумкинлигига ишонмайдилар. Учинчилар эса низо қимматга тушади деб ҳисоблаб, қаллоб текширувчиларнинг тизгинига бўй эгадилар. Истеъмолчиларнинг ушбу муаммога муносабатини ўзгартирмасак, энг такомиллашган қонун ҳужжати ҳам бунда ёрдам бермайди. Ҳозирда биз электрон электр ҳисоблагичларга ўтяпмиз, улар ЭИҲНАТ тизимига интеграцияланади. Пломба олинганда ушбу тизим унинг ишидаги барча нуқсонларни қайд этиши керак.

Фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашдан ташқари, 2015 йилнинг биринчи чорагида электр ва газ таъминоти соҳасида аҳолига хизмат кўрсатишга оид 308 та ҳолатни ўргандик. Ушбу иш якунлари бўйича 1,5 млрд сўм миқдоридаги тўлов асоссиз ҳисобланганлиги аниқланди. Электр таъминотига келсак, унинг миқдори 195 млн сўмни ташкил этди.

Ушбу ишни амалга ошириш вақтида минтақаларда коммунал хизматлар ҳақи истеъмолчиларнинг иш ҳақидан ноқонуний ушлаб қолиниши муаммосига тўқнаш келдик. Агар бу уларнинг аризаларига асосан ихтиёрий равишда қилинса, бунда ҳеч қандай ҳуқуқбузарлик мавжуд эмас. Бироқ истеъмолчига босим ўтказилса ва унинг хоҳишидан қатъи назар тўлов ўтказилса, бу – қонун ҳужжатларини бузишдир. Сохта қарзлар бўйича яна бир қанча кўп учрайдиган мисолларни келтириш мумкин. Минтақаларда кўпинча электр энергияси ўчириб қўйилади, ҳақи эса (ҳисоблагичсиз) суткада 24 соат учун ҳисоблаб ёзилади. Ёки электр энергияси истеъмоли қоидалари бузилганда иситиш асбоблари, электр жиҳозлари ва бошқаларни ҳисобга олган ҳолда ёритиш лампаларининг қувватига қараб қайта ҳисоб-китоб амалга оширилади. Таъминотчиларнинг айёрлиги текширув давомида аниқланиб, улар учун қимматга тушди. Масалан, эски кондиционерни истеъмолчи 3 ой ишлатади, қайта ҳисоб-китоб қилишда эса у 12 ой ёқилган бўлиб чиқади. Ёки тежамли ёруғлик диод лампалари қуввати бўйича чўғланма лампалар каби ҳисобланади.

 

ДЕМОНТАЖни ҚОНУНИЙ ЙЎЛ БИЛАН ҚИЛСА БЎЛАДИМИ?

Кўпинча истеъмолчилар: «кўп квартирали уйда иссиқлик ускунасини демонтаж қилса бўладими?», – дея савол беришади. Яқин вақтгача етарлича ҳуқуқий тартибга солинмагани туфайли бу саволга аниқ жавоб йўқ эди. Натижада квартиралари йиллар давомида иситилмаган кўп фуқаролар иссиқлик таъминоти хизматларига ҳақ тўлашни тўхтатган ва кераксизлиги туфайли радиаторларни олиб ташлаган вазиятлар вужудга келган эди. Таъминотчилар фойдаланилмаган хизмат учун уларга тўловларни ҳисоблаб ёзишда давом этаверганлар. Қўмитанинг талабига кўра далолатномалар тузилиб, улар асосида истеъмолчиларга қайта ҳисоб-китоб қилинди. Кейинги йилларда иссиқлик таъминотчилари демонтаж қилинган иситиш тизимларини тиклашни талаб қила бошладилар.

Иссиқлик таъминоти ташкилотларининг позицияси кўп квартирали уй-жой фондимизда яхлит марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизими устун туришига асосланган. Иситиш ускунасининг демонтаж қилиниши эса уй ичи тармоқларини иссиқлик ва гидравлик жиҳатдан бошқариб бўлмасликка олиб келади.

Ўтган йили Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидалари4 тасдиқланди, у уй ичидаги тизимдан иситиш асбобларини демонтаж қилишни тақиқлайди. Агар уйда иссиқлик бўлмаса, таъминотчи эса уни пастки қаватгача тўлиқ ҳажмда етказса, ХУМШ иссиқлик таъминотчилари билан биргаликда уй ичи тармоқларидан сабабни излаши ва иситишни тиклаш чораларини кўриши керак.

Тўғри, бугунги кунда бажариш керак бўлган ҳужжат мавжуд. Бироқ истеъмолчиларнинг радиаторларни демонтаж қилиш билан боғлиқ мурожаатлари асосга эга. Биз бутун дунёда иссиқлик таъминотининг замонавий муқобил манбаларидан фойдаланилаётган XXI асрда яшаяпмиз. Кичик, ихчам «қутичалар» бутун уйни иситади. «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг (26.04.1996 йилдаги 221-I-сон) 4-моддаси истеъмолчининг эркин танлаш ва товар (иш, хизмат)нинг лозим даражадаги сифатга ҳуқуқини белгилайди. Қисқа қилиб айтганда, агар унга сифатсиз хизмат кўрсатилса, ундан воз кечиши ва иссиқлик таъминотининг бошқа манбаини танлаши мумкин.

Ушбу масалани бошқа мамлакатларда ҳал этиш амалиёти ижобий ечим топаяпти. Демонтаж қонуний бўлган жойларда истеъмолчи таъминотчи билан шартномани бекор қилиш ва уй ичи тармоқларидан узишларини талаб қилиш ҳуқуқига эгадир. Бунда у бир қатор белгиланган тадбирлар ва шартларни бажариши лозим, токи уйнинг иссиқлик таъминоти тизимига аралашув бошқаларга зарар етказмасин. Масалан, марказий иситишдан бутун уйни узган тақдирдагина яшовчиларга имкони бериладиган амалиёт мавжуд. Масала оддий эмас, албатта. Фикримча, келгусида истеъмолчимиз ҳам иссиқлик таъминоти манбаларини танлаш имконига эга бўлади ва у марказлаштирилган иситиш монополиясидан қутула олади. Ушбу йўналишда иссиқлик таъминотчилари билан ишлашни мўлжаллаяпмиз.

Кейинги вақтда иссиқлик энергияси таъминотчилари иссиқлик энергияси истеъмоли учун бир-икки фуқаронинг қарзи туфайли бутун уйга иссиқ сув узатишни тўхтатиб қўймоқдалар. Бундай ҳоллар – истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини жуда қўпол равишда бузишдир. Бирорта қонун ҳужжати қарздорлар туфайли кўп квартирали уйда ўз вақтида коммунал хизматлар ҳақини тўлайдиган ҳалол фуқаролар азият чекишларига йўл қўймайди. Қарздорлар билан ҳуқуқий майдон доирасида ишлаш: уларга кўрсатмаларни тақдим этиш, масалаларни суд тартибида ҳал этиш, суд ижрочилари билан ҳамкорлик қилиш ўрнига жуда «осон» йўл топиб олишди.

 

ТОМДАН ЧАККА ЎТСА, КИМ АЙБДОР?

Аҳолининг ХУМШ ишининг қониқарсизлиги билан боғлиқ мурожаатлари кўп квартирали уйларни тутиб туришга доир қонун ҳужжатларини тушунтириш бўйича ахборий-маърифий ишни кучайтириш зарурлигидан далолат бермоқда. Уйнинг ҳолати ёмон бўлса, ким айбдор? Одамлар аввалгидек ширкатни қандайдир устқурма деб ҳисоблайдилар: ўзлари бир томон, ХУМШ раҳбарлари ва ходимлари эса бошқа томон деб биладилар. Аввалгидек уларнинг уйларини яхшилаш тўғрисида кимдир ғамхўрлик қилиши, қарорлар қабул қилиши керак деб ишонадилар. Бундай фикрлашга барҳам бериш осон эмас. Фуқаролар турар жойларнинг эгалари эмас, балки ижарачилари бўлган, кўп квартирали уй-жой фонди эса давлат мулки ҳисобланган хусусийлаштиришдан аввалги даврда шаклланган қолип ҳали жуда кучли. Ўша даврда давлат ЖЭКлар тимсолида уларни сақлаб туриш билан шуғулланган. Хусусийлаштириш пайтидан бошлаб 20 йилдан кўпроқ вақт ўтди. Яшовчилар ўз квартираларининг, айни вақтда ўз ҳисобларидан биргаликда сақлашлари керак бўлган умумий мол-мулкнинг мулкдорига айландилар. Агар улар бошқарувнинг, раиснинг ишидан норози бўлишса, умумий йиғилишда уларни қайта сайлашлари, уйни тартибга келтириш учун биргаликда ҳаракат қилишлари керак.

Кўпинча кўп квартирали уй-жойларнинг қониқарсиз аҳволи квартира эгаларининг тегишли тўловларни тўламасликларига боғлиқдир. Кишилар ширкатдан кўп нарсани талаб қиладилар, ўзлари эса йиллар давомида ҳақ тўламайдилар. ХУМШда бундай ҳолда ушбу ишларни бажаришга маблағ бўлмайди. Баъзан ишлар ширкат ходимларининг билимлари камлиги туфайли тўхтаб қолади. Масалан, уйда иссиқлик йўқлиги сабабли одамлар таъминотчилардан шикоят қиладилар. Ишни ўрганганимизда иссиқлик энергияси кўп қаватли уйнинг пастки қаватига етказилаётган, барча мезонларга риоя қилинганлиги маълум бўлади. Муаммолар уй ичида, ҳамма сантехниклар ҳам буни билмайди. Бугунги кунда турар жой хизматлари бозорида уй-жой фондига хизмат кўрсатувчи профессионал ташкилотлар ишлаяпти, уларга шартнома асосида хизматларни буюртириш мумкин. Бироқ бунинг учун ХУМШ аъзолари умумий йиғилишда умумий мол-мулкни бошқариш усули тўғрисида қарор қабул қилишлари керак.

Бугунги кунда ширкатларда серхаражат мукаммал таъмирлашни тижорат банкларининг кредит маблағлари ҳисобига бажариш имконияти бор. Яшовчиларнинг ишларни сифатсиз бажариш, қарз маблағларидан самарасиз фойдаланиш билан боғлиқ мурожаатлари келиб туша бошлади. Масалан, мукаммал таъмирлашдан кейин ҳам томдан чакка ўтаяпти, таъмирдан кейин кўпроқ чакка ўта бошлади. Ширкат эса кредитни сўндириш учун бадал миқдорини кўпайтирди. Кишилар савол берадилар: «Кредит маблағлари қаерга йўқолди? Нима учун биз том билан боғлиқ муаммолар ҳал бўлмаганига қарамай, қарзни тўлашимиз керак? Бунинг учун ким жавоб бериши керак?». Кредитни ўзлаштириш учун масъулият ХУМШ раҳбарлари, унинг аъзолари, қарз маблағларидан фойдаланганлик мониторингини ўтказиши шарт бўлган банк тузилмалари зиммасига тушади. Қонун ҳужжатларида ХУМШ аъзолари томонидан умумий йиғилишда қарз олиш тўғрисида қарор қабул қилинишидан бошлаб (бундай қарорсиз банклар кредит маблағларини бермасликлари керак) кредит шартномасини тузиш, пудратчини танлаш, материалларни харид қилиш, ишлар бажарилиши устидан назорат қилиш, уларни қабул қилишга қадар ҳаракатларнинг аниқ механизми белгиланган.

УКХ соҳаси ҳар биримизга дахл этади. Шу боис фуқаролар ўз ҳуқуқларининг бузилишига кескин муносабат билдирадилар. Қонун ҳужжатлари уларнинг манфаатларини ҳимоя қилади, бироқ истеъмолчилар ҳам четда турмасликлари керак. Қонун ҳужжатлари ижро этилиши учун фаол фуқаролик позицияси, принципиаллик, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги керак.

 

1Коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 14.10.1997 йилда 370-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

2«Ўзстандарт» агентлиги ҳамда Ўздавнефтгазинспекциянинг АВ томонидан 30.07.2014 йилда 2604-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

3ВМнинг 22.08.2009 йилдаги 245-сон Қарорига 1-илова.

4ВМнинг 15.07.2014 йилдаги 194-сон Қарорига 1-илова.

Прочитано: 2860 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика