Norma.uz

Эгаллаб турган лавозимингиз... эртадан тугатилса

Лойиҳа менежери бўлиб ишлайман. Мен эгаллаб турган лавозим 1 октябрдан эътиборан қисқартирилди. Аммо мени штат қисқартирилиши муносабати билан ишдан бўшатилган деб кўрсатишни хоҳлашмаяпти. Ўз хоҳишим билан бўшаш тўғрисида ариза ёзишни ёки тарафларнинг келишуви тўғрисидаги шартномани имзолашни таклиф этишмоқда. Кадрлар билан ишлаш бўлими бошлиғи мени лавозим қисқариши ҳақида олдиндан хабардор этмаганлиги боис, воқеадан содир бўлгандан кейингина воқиф бўлдим. Менга оғзаки равишда бошқа бўш иш ўрнини тавсия этишди, лекин у менга мақбул эмас. Нима қилишим керак?

Барно Н.

 

– Иш берувчининг бундай ҳаракатлари қонунга хилоф. Ходимлар сонини ва (ёки) штатини қонунда белгиланган тартибда қисқартириш учун иш берувчи бир туркум ҳаракатларни ва тўловларни амалга оширмоғи лозим.

Биринчидан, меҳнат шартномасини бекор қилиш нияти ҳақида у қисқартириш қамровига тушиб қолган ходимни тегишли тадбирлар ўтказиш бошланишидан камида 2 ой олдин ёзма равишда (имзо чектириб) огоҳлантириши шарт (Меҳнат кодекси (бундан кейин – МК) 102-моддаси биринчи қисмининг 1-банди).

Иккинчидан, иш берувчи қисқартириладиган ходимлар рўйхатини ўз хоҳишича белгилай олмайди. МКнинг 103-моддасида бундай кезлари ходимлардан кимлар ишда қолдиришда имтиёз ҳуқуқига эга эканлигини аниқлаш мезонлари назарда тутилган. У, энг аввало, малакаси ва меҳнат унумдорлиги юқорироқ бўлган ходимларга тааллуқли.

Учинчидан. МКнинг 92-моддасига биноан агар объектив сабабларга кўра (МК 100-моддаси иккинчи қисмининг 1-банди) меҳнат шартномасида белгилаб қўйилган меҳнат вазифаси доирасида ишни давом эттириш мумкин бўлмаса, иш берувчи ходимга мутахассислиги ва малакасига мувофиқ келадиган бошқа ишни, бундай иш бўлмаган тақдирда эса – корхонада мавжуд бўлган бошқа ишни таклиф этиши шарт. Лавозими қисқартирилаётган ходим бошқа ишга ўтишдан бош тортган ёки корхонада унга мувофиқ келадиган иш бўлмаган тақдирда, меҳнат шартномаси умумий асосларда бекор қилиниши мумкин.

Тўртинчидан, МКнинг 67, 102, 109, 110 ва 151-моддаларига мувофиқ ишдан бўшатилаётган:

ходимлар билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан назарда тутилган огоҳлантиришнинг 2 ойлик муддати пуллик компенсация билан алмаштирилиши мумкин;

ходимларга миқдори ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган ишдан бўшатиш нафақаси тўланади;

ходимлар билан тегишли ҳисоб-китоб меҳнат шартномаси бекор қилинган куни амалга оширилади;

ходимларга фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация тўланади;

ходимларнинг иш қидириш даврида 2 ойдан ортиқ бўлмаган давр мобайнида ўртача ойлик иш ҳақи сақланиб қолади, бунда уларга меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин тўланган бир ойлик ишдан бўшатиш нафақаси ҳам қўшиб ҳисобга олинади.

Агар ходим меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан эътиборан 10 календарь кун мобайнида Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтган бўлса, Марказ берган маълумотномага биноан у учинчи ой учун ҳам олдинги иш жойидан ўртача иш ҳақи олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Меҳнат муносабатларини бошқа асосларга кўра (МК 97-моддасининг 1-банди, 99-моддаси) бекор қилган ходимларга меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ҳисоб-китоб қилиш (МКнинг 110-моддаси) ҳамда фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пул компенсацияси тўлашдан (МКнинг 151-моддаси) бўлак юқорида айтиб ўтилган тўловлар амалга оширилмайди.

Афтидан, сизнинг меҳнат ҳуқуқларингиз бузилган. Улар ҳимоя этилишини сўраб Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекциясига ёки иш берувчи турган жойдаги туман прокуратурасига мурожаат қилишингиз мумкин.

 

Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ, эксперт-юристимиз.

Прочитано: 2520 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика