Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 6 / Биз яшайдиган уй

Бадал нималардан таркиб топади

Кўп квартирали уйдаги умумий мол-мулк таъминоти, асралиши учун мўлжалланган мажбурий бадаллар нималардан таркиб топиши масаласи кўпгина ХУМШларда унинг аъзолари учун тушунарсиз, ноаён бўлиб қолмоқда. Бадал миқдори борасида одамларда норозилик оҳангидаги гап-сўзлар келиб чиқиши сабаби ҳам шунда бўлса керак. Улар бадал миқдори ҳаддан зиёд ошириб юборилган деб ҳисоблаб, ширкат бошқаруви билан ихтилофгача борадилар. Ширкат бошқарувидагилар эса бадалнинг шаклланиш тартиботини тузукроқ тушунтириб бера олмайдилар, одамлар эътиборига жўяли тарзда етказиб бера олмайдилар ҳам. Бунинг устига, кўпгина ширкатлар раҳбарларининг ўзи бадаллар қай тартибда ҳисоблаб чиқарилиши ҳақида аниқ тасаввурга эга эмас. Бадал миқдорини осмондан олиб ёки қўшни ХУМШлардагидан мўлжал қилиб белгилайдиганлар ҳам учрайди. Маълумки, қаерда очиқ-ошкоралик бўлмаса, бадаллар нималардан таркиб топиши аниқ асослаб берилмаса, одамлар нимага пул харжлаётганларини билмайдилар ва ўз-ўзидан уларда: «Пулларимиз қаерга сарфланмоқда?» қабилидаги саволлар келиб чиқади. Айни шу сабабли бадалларнинг мўлжал қилинаётган сарф-харажати моддама-модда кўрсатилмоғи муҳимдир. Квартира мулкдорлари сарфиёт ўрнини билмагач, бадалларни асоссиз равишда ошириб юборилган деб ўйлайдилар-да, уларни тўлашга рағбатлари бўлмайди. Бордию, сметанинг ҳар бир позицияси, шу жумладан бадал қай тартибда шакллантирилиши уларга муфассал тушунтириб берилса, моҳият англашилади ва улар ширкат таклифига кўна қоладилар. Шу боис қонун ҳужжатларида мажбурий бадал миқдорини умумий йиғилишда тасдиқлаш ХУМШ аъзоларининг мажбурияти тариқасида белгилаб қўйилган. Шу билан бирга мулкдорларга бадал миқдорига таъсир кўрсатиш ҳуқуқи берилган.  

 

Бадални ҳисоблаб чиқишда ва уни умумий йиғилиш тасдиғига киритишда ширкат бошқаруви нималарни назарда тутмоғи лозим? – Энг аввало ХУМШ аъзолари умумий мол-мулк таъминоти харажатлари билан даромадлар (тушумлар, бадаллар) ўртасида мувозийликка риоя этилиши зарурлигидан воқиф бўлишлари даркор. Зотан харажатлар даромадлардан кўп бўлиши мумкин эмас. Улар ўртасида тенглик сақланмоғи керак. Агар жой мулкдорлари ўзлари яшаётган кўп қаватли уй учун нималарнидир исташсаю, лекин бунинг учун пул тўлашни хоҳлашмаса, уй ўша-ўша аҳволда, яъни томдан чакка ўтадиган, квартиралар яхши исимайдиган, йўлаклар ифлос, ертўлалар тизза баравар сувга тўлган ҳолатда қолаверади. Шу сабабли ҳам кўп қаватли уйда яшайдиган ҳар бир одам ўзига иш пулга яраша бўлади, иш бадаллар билан қопланмоғи лозим деган қоидани сингдириши лозим.


Мажбурий бадал миқдори қандай аниқланади? – Йил мобайнида режалаштирилаётган харажатлар суммасини кўргазмали бўлиши учун ХС, даромадлар суммасини ДС, ХУМШ аъзоларининг мажбурий бадаллари суммасини Мбс, бадаллар истисно этилган ҳолдаги режалаштирилаётган даромадлар суммасини ДС* деб белгилаймиз. Ана шунда ХС = ДС ёки ХС < ДС бўлади. Режалаштирилаётган даромадлар суммасини қуйидаги формула билан ифодалаш мумкин: ДС = Мбс + ДС*.

Агар ойлик мажбурий бадаллар миқдорини квартира умумий саҳнининг 1 квадрат метри учун Бл* деб қабул қиладиган бўлсак, у ҳолда уйдаги барча турар жой ва яшашга мўлжалланмаган жойлар умумий саҳнининг суммасини МСумум деймиз. Бадал миқдорини қуйидаги тартибда ҳисоблаб чиқиш мумкин: Бл* = (ХС – ДС*) / МСумум х 12. Бундай ёндашув бир уйдан таркиб топган ширкатлар учун мақбулдир.

 

Ширкат таркибида бир неча уй бўлса, уларнинг ҳар бири учун ҳар хил бадаллар белгилаш жоизми? – Бир ширкат таркибидаги турли уйларнинг техник ҳолати бир хил бўлиши мумкин эмас. Улардан бирида томни капитал таъмирлаш масаласи кескин бўлиб турган бўлса, бошқасини иситиш билан боғлиқ муаммо қийнайди, бу уйнинг ички тизими тезкорлик билан алмаштирилмоғи лозим. Бошқа бир уйда эса электр хўжалиги ишдан чиққан – ҳеч нарсага ярамайди. Кучланиш баланд-паст бўлиб турганлиги оқибатида рўзғор техникаси пайдар-пай ишдан чиқмоқда. Шу сабабли ҳам кўп қаватли ҳар бир уй учун ишларнинг турлари ҳам, ҳажми ҳам ҳар хил режалаштирилади. Харажатлар эса уларнинг ижросидан келиб чиқиб белгиланади. Бадаллар ҳам шундай. Битта ХУМШ таркибига кирадиган уйларга якка тартибда, яъни алоҳида ёндашув Қонуннинг 23-моддасида назарда тутилган.

Амалда ширкатларнинг аксарият қисми Қонуннинг бу нормасини бажармайди-да, барча уйлар учун бир хил миқдорда бадал белгилаб қўя қолади. Бунга баъзиларнинг қўшимча ҳужжатлар ва ҳисоботлар устида бош қотиришни истамаслиги сабаб бўлса, бошқалар уни тўғри ҳисоблай олмайди. Қарабсизки, одамларда норози кайфият, тарафлар ўртасида можаро-низо тинмайди. Одамлар бадалларнинг шаклланиш механизмини билмаганликлари сабабли ҳам ХУМШ раҳбариятини бадални ошириб юборганликда айблаб, кўпинча бадал тўламасликка ўтиб оладилар.

 

Бир ширкат таркибидаги уйларнинг техник ҳолати ҳар хил бўлганда бадал қай йўсинда ҳисоблаб чиқарилади? – Бундай ҳолларда бадал икки қисмдан иборат бўлади. Бири муайян уй учун мўлжалланган ишларни бажариш билан боғлиқ махсус харажатлар қисмидир. Иккинчиси эса барча уйларга тааллуқли харажатларни ўз ичига оладиган умумий қисмдир. Буларга ширкатнинг маъмурий ва ишлаб чиқариш ходимлари (хизмат кўрсатувчи ташкилот) учун мўлжалланган харажатлар, маъмурий харажатлар, ҳудудни ободонлаштириш харажатлари ва шу сингарилар киради. Бизда ҳисобни ҳар бир уй бўйича алоҳида-алоҳида олиб бораётган ва бадалларни ҳам шу тартибда ҳисоблаётган ширкатлар бор. Бундай ёндашув ўзини оқламоқда.

Европадаги баъзи мамлакатларда бир уйдан таркиб топган катта ширкатларда ҳам алоҳида-алоҳида бадаллардан фойдаланмоқдалар. Айтайлик, уй аҳли йўлакларни таъмирлаш ишларини ўтказмоқчи. Йўлаклардан бирида деворларни шунчаки оқлаб ва мойлаб қўяқолишди. Бошқа йўлакда эса деворларга нақш, расм ишлатишди, бу ишга мутахассисни жалб этишди. Учинчи бир йўлакда эса мозаика бўлишини хоҳлаб қолишди. Шак-шубҳасиз, ҳар учала йўлакдаги таъмирлаш харажатлари ҳар хил бўлади. Ҳар бир йўлак бўйича тўлов алоҳида-алоҳида ва бири иккинчисидан фарқ қиладиган тарзда бўлади. Бу биз учун ҳам қизиқарли тажриба. Ширкатдаги ҳар бир уйга индивидуал тарзда ёндашув адолатли эканлигидан далолат беришидан ташқари, у ўз-ўзини бошқариш принципларига жавоб беради, тарафларнинг ўзаро хайрихоҳлигига, одамларнинг ХУМШ ишларида иштирок этиш иштиёқи ва манфаатдорлигига таянади.  

Прочитано: 5782 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика