Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 6 / Биз яшайдиган уй

Смета ҳаракат йўналишларини белгилаб беради

Ишларни режалаштириш ҳамда даромадлар ва харажатлар сметасини ишлаб чиқиш бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Жой мулкдорларининг умумий мол-мулки, ХУМШнинг ер участкаси ва мол-мулки таъминотига доир ишлар режаси унинг ижроси харажатларини ҳам кўзда тутмоғи керак. Бунинг учун даромадлар ва харажатлар сметаси тузилади. Смета режалаштирилаётган ишларни қоплаши жоиз бўлган молия маблағлари ҳажмини баҳолайди. Булар режа билан бирга бағоят муҳим ҳужжатлар бўлиб, улар ХУМШнинг йил мобайнидаги ҳаракат йўналишларини аниқ қилиб қўяди. Агар улар билимдонлик билан тузилган бўлса, ширкат кейинги ишлардан чўчимаса ҳам бўлади.  

 

Таассуфки, кўпгина ХУМШларнинг бошқаруви сметани ишлаб чиқишга профессионаллик нуқтаи назаридан ёндашиш зарурлигига унча аҳамият бермайдилар. Улар ё смета тузишни хоҳламайдилар, ёки смета тузиш қўлларидан келмайди, ёхуд бу ишни қўл учида, пала-партиш қиладилар. Тўғри, бундай ширкатларда уй аҳли смета билан таништирилаётганда, ҳар бир позиция изоҳлаб берилаётганда, лойиҳа умумий йиғилишда тасдиқланаётганда ортиқча саволлар келиб чиқмайди. Буни, таъбир жоиз бўлса, кўзни юмиб тусмоллаб юришга ўхшатиш мумкин. Зотан, мулкдорларнинг бундай жамоаларида ҳеч қачон тартиб бўлмайди. Аммо бу ҳужжатларнинг қадрига етиб уларни ишлаб чиқишни хизмат кўрсатувчи ташкилотларга буюртма бераётган ХУМШлар ҳам бор.

 

СМЕТАНИ ХУМШнинг ЎЗИ ТУЗИБ ҚЎЯ ҚОЛАДИ

Уй-жой соҳасининг билимдон, оқил мутахассислари даромадлар ва харажатлар сметаси лойиҳасини икки вариантда тузадилар. Режани тузиш асносида бўлгани каби бунда ҳам биринчи вариант келаси йили уй учун керакли ишларнинг, шунингдек квартира мулкдорлари таклиф этган ишларнинг тўлиқ рўйхатини қамраб олади. Шундан кейин мазкур ишларнинг ижрочилари бобида бир тўхтамга келиш, демакки ишлар штатдаги ходимлар, профессионал ташкилот ёки бир галги шартнома асосида жалб этиладиган ходимлар кучи билан бажарилишини ойдинлаштириб қўйиш керак. (Масалан, тежамкорликка эришиш учун баъзи ширкатларда йўлакларни ва уйга туташ ҳудудни тозалаш-супуриш ишларини шу уйда яшайдиганларнинг ўзлари зиммага ола қоладилар.)

 

БУНИСИ МУҲИМ!

Кўпгина ширкатлар Қонуннинг 30-моддасида назарда тутилган қоидадан – айрим ҳолларда жой мулкдори томонидан мажбурий бадалларнинг бир қисмини тўлашнинг пул шаклини унинг умумий харажатлардаги иштирокининг бошқа турларига алмаштириш қоидасидан фойдаланадилар. Бундай имконият ширкат уставида мужассам топтирилган бўлиши керак. Бу хусусдаги қарор йиллик умумий йиғилишда қабул қилинади. ХУМШ аъзолари йиллик мажбурий бадалларнинг қандай қисми бошқа турдаги ишлар билан алмаштирилиши мумкинлигини аниқлаштириб олишлари даркор. Ана шу ҳажм даромадлар ва харажатлар сметаси ҳисоби қилинаётганда, шунингдек ойлик мажбурий бадалларни ҳисоблашда инобатга олинмоғи керак.

 

Ишларнинг тўлиқ рўйхатини бажаришга доир сарф-харажатлар ҳисоблаб чиқилгач, ширкат бошқаруви ХУМШ аъзолари уни ўз бадаллари билан қоплай олиш-олмасликларини аниқлаши керак. Бордию сарф-харажатлар жуда катта бўлса, табиийки, мажбурий бадал миқдори ҳам катта бўлади. Сметани арзонлаштириш учун қайсидир ишлар ундан чиқарилиб истиқболда қилинадиган юмушлар қаторига ўтказилади. Ана шунда ХУМШ аъзоларига фикрлари инобатга олинганлиги, аммо ишлар ҳажми ортиб кетганлиги учун ҳам тўлаётган бадаллари қоплай олмайдиган катта сарф-харажатлар оқибатида ҳозирча амалга оширила олмаслиги аён бўлади. Шундай бўлса-да, иш режага ва сметага киритилади ҳамда маблағ тушишига қараб бажарилади. Ишга бундай ёндашув одамлар ишончини оширади. Смета ҳаммага тушунарли, очиқ-ошкор бўлса, одамлар уни амалга оширишда ширкат бошқарувига албатта кўмакчи, мададкор бўладилар.

 

ХАРАЖАТЛАР ТАРКИБИ

Смета ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш харажатларини қамраб олиши даркор. Унга шунингдек захира жамғарма ҳам киритилади. Бу жамғарма кўзда тутилмаган вазиятлар, айтайлик, авария, мажбурий бадаллар тушуми кечикиб қолганда компенсациялаш ва шу сингариларда асқотади.

Ишлаб чиқариш харажатлари

Булар уйга ва унга туташ ҳудудга хизмат кўрсатиш, жорий ва капитал таъмирлаш, асосий воситалар ва номоддий активлар амортизацияси билан боғлиқ. Ишлаб чиқариш харажатлари техник ходимлар иш ҳақини; иш ҳақи фондидан ижтимоий тўловларини; майда хўжалик инвентари, асбоб-ускуна ва махсус кийим-кечак харажатларини; умумфойдаланадиган жойлардаги электр энергияси сарф-харажатларини; лифтларга хизмат кўрсатиш ҳамда супуринди-ахлатни олиб чиқиб кетиш тўловларини; санитария-эпидемиология йўли билан ишлов бериш харажатларини ўз ичига олади. Жорий ва капитал таъмирлаш харажатларини ҳисоблаш чоғида улар қайси усул билан, бинобарин, ўз кучлари, бошқарувчи ташкилот, пудратчилар ёрдамида амалга оширилишини аниқлаб олиш даркор. Ишлаб чиқариш соҳаси ходимлари (электрчилар, чилангарлар, тунукачилар, сантехниклар) иш ҳақи шундан келиб чиқиб ҳисобланади. Иш ҳақига доир ижтимоий суғуртани ҳисоблаш, капитал таъмирлаш учун керакли материаллар ва инвентарлар сарф-харажати ҳисоби ҳам шунга боғлиқ бўлади.

Ноишлаб чиқариш харажатлари

Буларга маъмурий харажатлар, яъни маъмурият ходимлари (бошқарувчи ёки раис, бухгалтер, иш юритувчи) иш ҳақи харажати; ижтимоий суғуртага ажратмалар; бошқа харажатлар (идора ашёлари, ҳужжатлардан нусха олиш, телефон ва Интернет учун ҳақ тўлаш, ширкат офисининг ижара ҳақи, ундаги коммунал хизматлар тўлови; банк томонидан хизмат кўрсатилиши билан боғлиқ харажатлар, кредитлар бўйича фоизлар) киради. Ноишлаб чиқариш харажатлари таркибида муайян операциялар билан боғлиқ харажатлар, хусусан, бюджетга мажбурий тўловлар (солиқлар ва йиғимлар); аудиторлик ва ахборотга оид хизматлар (газеталарга обуна, махсус адабиётлар сотиб олиш); ХУМШлар уюшмасига аъзолик бадаллари; кутилмаган таъмирлаш ҳолатлари ва сарф-харажатларга мўлжалланган захира жамғармаси бор.

 

СМЕТАНИНГ ДАРОМАД ҚИСМИ

Бу қисм ширкат аъзолари ва яшашга мўлжалланмаган жой мулкдорларининг ойлик мажбурий бадалларидан таркиб топади. Бошқа манбалардан келадиган даромадлар (ҳомийлик ёрдами, кредитлар) ҳам шунга киради. Бундан ташқари, ширкатнинг даромадлари яшашга мўлжалланмаган жойни ёки умумий мол-мулкнинг бир қисмини (шу жумладан, реклама жойлаштириш, уяли алоқа ускуналарини ўрнатиш учун бинонинг сирт қисмини ёки томини) ижарага беришдан келадиган тушумлардан таркиб топиши ҳам мумкин. Буни ХУМШнинг тадбиркорлик фаолияти деса бўлади. Ширкат ўз ускунасини (масалан, компрессорни) ёки автотранспортини қўшни ширкатга ижарага бериб туриши мумкин. Бу ҳам даромад қисми кўпайишини таъминлайди.

 

Прочитано: 6998 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика