Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 6 / Биз яшайдиган уй

Нима, қачoн, қаерда?

– ХУМШ аъзоларининг умумий йиғилишини қандай ўтказиш лозим?

– «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонуннинг (12.04.2006 йилдаги ЎРҚ-32-сон, бундан кейин матнда Қонун деб юритилади) 20-моддасида белгиланишича, ширкат аъзоларининг умумий йиллик йиғилиши йилига камида бир марта ширкат уставида белгиланган тартибда чақирилади. Ширкат аъзоларининг ҳар йилги умумий йиғилиши молия йили тугаганидан кейин олтмиш кундан кечиктирмай, яъни 1 мартга қадар чақирилади.

 

– Умумий йиллик йиғилишда қандай масалалар кўриб чиқилади?

– ХУМШ аъзоларининг умумий йиғилишида ўтган йилги иш режаси, даромадлар ва харажатлар сметаси ижроси юзасидан ҳисобот; келгуси йил учун мўлжалланган ширкат ишлари режаси, даромадлар ва харажатлар сметаси; ширкат аъзоларининг, нотурар жойлар мулкдорларининг мажбурий бадаллари миқдори; ширкат тафтиш комиссиясининг ХУМШ молия-хўжалик фаолияти юзасидан ўтказган текширувлари ҳақидаги ҳисобот тасдиқланади (Қонуннинг 27-моддаси; Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати намунавий уставининг* 8.4-банди), ХУМШ фаолиятининг бошқа муҳим масалалари кўриб чиқилади.

 

– Ширкат аъзолари ҳисоботдек муҳим ва жиддий ҳужжатларни эшитиш асносида унинг мазмунини теран англаб олишлари қийин бўлса керак (ХУМШнинг жорий йилдаги фаолияти эса ана шу ҳужжатларга боғлиқдир). Бу масала қонун ҳужжатларида қай тахлит тартибга олинади?

– Қонуннинг 20-моддасида назарда тутилганидек, ширкатнинг умумий йиғилиши юқорида номлари санаб ўтилган ҳужжатларни кўриб чиқиб, муҳокама қилиш ва тасдиқлаш чоғида ширкат бошқаруви умумий йиғилиш ўтказилгунига қадар ХУМШ аъзоларига мазкур ҳужжатларнинг лойиҳалари билан танишиб чиқиш имкониятини таъминлаши шарт.

 

– ХУМШ бошқаруви ширкат аъзоларини ишлар режаси, даромадлар ва харажатлар сметаси лойиҳалари, ўтган йил юзасидан тайёрланган ҳисобот билан қай йўсинда олдиндан танишиб чиқиш имкониятини таъмин этиши мумкин?

– Ширкатнинг ўтган йилги даромадлар ва харажатлар сметасида ҳисоботлар ва лойиҳа ҳужжатларидан нусха кўчириш харажатлари назарда тутилган бўлса, ширкат бошқаруви бу ҳужжат нусхаларини ширкатнинг ҳар бир аъзосига юборади. Умумий йиғилиш ҳужжатлар билан танишиб чиқишнинг бошқа усулларини ҳам белгилаши мумкин. Бундай ҳолларда бўлажак умумий йиғилиш тўғрисидаги хабарномада ширкат аъзолари юқоридаги ҳужжатлар билан танишиб чиқиши мумкин бўлган жой ва вақт кўрсатилади (Намунавий уставнинг 8.6-банди). Масалан, улар ХУМШ идорасида исталган пайтда ҳужжатлар билан танишиб чиқиши ёки уй қўмитасидан (йўлакбошидан) ҳисобот ва ҳужжатларнинг лойиҳалари нусхаларини олиши ёхуд лойиҳаларнинг электрон ифодасини ўрганиб чиқиши мумкин.

 

– ХУМШ бир неча кўп қаватли уйда яшайдиган мулкдорларни бирлаштирган бўлса, унда умумий йиллик йиғилиш ўтказишнинг ўзига хос жиҳатлари борми?

– Тўғри, ширкат бир неча уйдан ташкил топган бўлса, ҳамма одамларни умумий йиғилишга жамлаш осон бўлмайди. Биринчидан, бунча одам сиғадиган жой топиш мушкул. Энг муҳими эса, ҳар уйда турфа одамлар яшайди – ҳаммасининг қизиқиши, ташвишлантираётган муаммоси ҳар хил, шунинг учун ҳам уларни умумий йиғилишда муҳокама қилишда қийинчиликлар келиб чиқиши мумкин. Ҳар бир уй аҳлининг манфаатларини имкон қадар тўлиқроқ инобатга олиш учун Қонуннинг 23-моддасида белгиланганидек, ХУМШ аъзоларининг ҳар йилги умумий йиғилиши ўтказилгунига қадар ширкатдаги ҳар бир уйнинг жой мулкдорлари йиғилишлари ўтказилиши шарт. Мазкур уйларнинг техник ҳолати ҳар хил бўлиши мумкин, шу сабабли қонун ҳужжатларида ҳар бир уйдаги умумий мол-мулкни сақлаш ишларига ўзига хос тарзда ёндашув, ҳатто бадаллар миқдорини ҳар хил белгилаш таомили назарда тутилган. Шу сабабли, кўп қаватли ҳар бир уйдаги квартира мулкдорларининг йиғилиши дастлаб ширкатга қарашли уйлардаги умумий мол-мулкни сақлаш ишлари режасининг бир қисми сифатида ҳар бир уйдаги умумий мол-мулкни сақлаш ишлари режасини; ширкатнинг даромадлар ва харажатлар сметасининг бир қисми сифатида умумий мол-мулкни сақлаш билан боғлиқ даромадлар ва харажатлар сметасини; ҳар бир уй бўйича умумий мол-мулкни сақлаш ишлари режаларининг, даромадлар ва харажатлар сметаларининг ижросига доир ҳисоботни тасдиқлайди.

 

– Келгуси йил учун мўлжалланган ишлар режаси, даромадлар ва харажатлар сметаси лойиҳаларида ХУМШ аъзоларининг фикр-мулоҳаза ва истаклари қай йўсинда инобатга олиниши мумкин?

– Ширкат бошқаруви буни:

йил мобайнида одамлардан ХУМШ бошқарувига тушган шикоят ва мурожаатларни таҳлил этиш йўли билан;

уй аҳли ўртасида квартирама-квартира ёзма сўров ўтказиш орқали;

квартира мулкдорлари билан мунтазам равишда учрашувлар ўтказиб, умумий мол-мулк ҳолатига тааллуқли муаммоларни аниқлаш йўли билан;

жой мулкдорлари таклифларини йиғиш, шу мақсадда таклифлар учун мўлжалланган қути осиб қўйиш йўсинида амалга ошириши мумкин.

 

Йиллик умумий йиғилиш ўтказиладиган сана, вақт ҳақида ҳамда ҳужжатлар лойиҳалари ва ҳисоботлар билан танишиш тартиби тўғрисида ширкат бошқаруви ширкат аъзоларини қай тартибда хабардор этиши мумкин?

– Ширкат ўз аъзоларини бу ҳақда умумий йиғилиш ўтказиладиган санадан камида 10 кун аввал огоҳлантиради. Ширкат аъзолари умумий йиғилишининг қарорига кўра умумий йиғилиш ўтказилиши ҳақида белгиланган жойларда эълонлар осиб қўйиш (уйнинг йўлакларида, уй атрофидаги ҳудудда); огоҳлантириш варақасига имзо чектириш орқали оғзаки ёки ёзма огоҳлантириш; ХУМШ аъзоси кўрсатган манзил бўйича почта жўнатмаси (буюртма хат) жўнатиш орқали ёзма огоҳлантириш усуллари қўлланилиши мумкин (Намунавий уставнинг 11.4.5-банди).

 

– ХУМШ аъзоларининг умумий йиллик йиғилишида кворум масаласи қай йўсинда ечим топади?

– Қонуннинг 20-моддасида белгилаб қўйилишича, ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши, агар йиғилишда ХУМШ ­аъзоларининг ёки улар вакилларининг эллик фоизидан кўпроғи ҳозир бўлса, ваколатли ҳисобланади. Шуниси ҳам борки, биттадан ортиқ уйдаги жой мулкдорларини бирлаштирган ширкатлардаги йиғилишда кўп квартирали ҳар бир уйдаги жой мулкдорларининг ёки улар вакилларининг камида эллик фоизи ҳозир бўлиши керак.

 

– Умумий йиллик йиғилиш ўтказилаётганда кворум етарли бўлмаса, нима қилиш лозим?

– Ширкат аъзолари умумий йиғилишини ўтказиш учун кворум етарли бўлмаган тақдирда, ХУМШ бошқаруви ширкат ­аъзолари умумий йиғилиши ўтказиладиган янги сана ва вақтни белгилайди, бу ҳақда ХУМШнинг барча аъзолари қўшимча равишда огоҳлантирилади. Янги белгиланган умумий йиғилиш илгари қолдирилган умумий йиғилишдан 10 кундан кечиктирмай ўтказилади (Намунавий уставнинг 11.5-банди).

 

*ВМнинг 30.05.2006 йилдаги 100-сон Қарорига 1-илова.

Прочитано: 3909 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика