Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 29 / Божхона

Қайта ишлашнинг айрим жиҳатлари яна бир интерактив хизмат

 

Қайта ишлаш билан анчадан буён шуғулланмаганман. Мазкур режимда қандай ўзгаришлар рўй бергани ҳақида билмоқчи эдим. Қайта ишлашнинг қайси параметрлари бекор қилинган ёки ТИФ иштирокчиларининг иш юритувига ўтказишган?

Рухсатнома олиш учун техник-иқтисодий асосни тақдим этиш керак эди. Божхона хизматида идентификация усули ва органини келишиб олиш керакми?

Божхона хизмати чиқиш нормаларини белгилар эди (ёхуд бу божхона билан келишилар эди). Эшитишимча, эндиликда чиқиш нормалари ТИФ иштирокчиси томонидан белгиланмоқда ва божхона органи билан келишилаётгани йўқ. Шу тўғрими? 

 

– «Божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш» божхона режимига тааллуқли масалалар Божхона кодексининг 8-боби билан тартибга солинади.

Божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш божхона режими шундай режимки, бунда Ўзбекистон товарлари божхона ҳудудидан ташқарига қайта ишлаш ва уларнинг қайта ишлаш маҳсулотларини кейинчалик божхона ҳудудига олиб кириш мақсадида олиб чиқилади.

Мазкур режимга мувофиқ олиб чиқилаётган товарга нисбатан божхона божлари ва солиқлар тўланишидан шартли озод этиш қўлланилади. Бу товарга нисбатан иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмайди, бундан БКнинг 54-моддасида назарда тутилган тақиқлар ва чекловлар мустасно. Товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштириш божхона органининг БК 21-бобининг қоидаларига мувофиқ бериладиган рухсатномаси асосида амалга оширилади (БК 42-м.).

 

Маълумот учун. Товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштириш учун декларант божхона органига БЮДни ва товарнинг кузатув ҳужжатларини тақдим этади.

Рухсат этиш хусусиятига эга тегишли ҳужжатлар бўлган тақдирда божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш амалга ошириладиган товарларга нисбатан божхона органларининг ахборот тизимида бундай ҳужжатларнинг мавжудлигини божхона органи мустақил равишда текширади (БК 45-м.).

 

Товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш талаблари ва шартлари

Аввало шуни таъкидлаш керакки, 3.10.2018 йилдаги ЎРҚ-494-сон Қонун билан устав фондида (устав капиталида) давлат улуши бўлган корхоналар учун қуйидаги талаблар бекор қилинди:

● товарни қайта ишлаш жараёнининг техник-иқтисодий асослари (ТИА) ваколатли орган билан келишиш;

● товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш Ўзбекистоннинг иқтисодий манфаатларига зарар етказмаслиги ҳақида ваколатли органнинг хулосаси мавжуд бўлса (БК 44-м.).

Умуман олганда, товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлашга қуйидаги талаблар ва шартларга риоя этилган ҳолда йўл қўйилади:

● олиб чиқилган товарни божхона органлари томонидан уни қайта ишлаш маҳсулотларида идентификациялаш мумкин бўлганда, бундан БК 46-моддасининг 4-қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно;

● агар товар ваколатли органлар томонидан назорат қилиниши лозим бўлса, божхона органларининг ахборот тизимида ушбу органларнинг рухсатномалари мавжудлиги;

● ТИА техник-иқтисодий асосларнинг ва амалдаги қайта ишлаш жараёнининг кўрсаткичлари бир-бирига мос бўлиши;

● товарни қайта ишлаш операцияларининг БК 43-моддаси талабларига мувофиқ бўлиши.

Қуйидаги ҳолларда божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш божхона режимидан фойдаланиш мумкин эмас:

● агар товарнинг олиб чиқилиши тўланган божхона божлари ва солиқлар суммасини қайтаришни, улардан озод қилишни ёхуд олиб чиқишда тақдим этиладиган тўловларни ундиришни талаб қилишга асос бўлса;

● божхона тўловларини тўлашдан шартли озод этилган ҳолда эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига илгари жойлаштирилган товарга нисбатан ушбу шартли озод этишнинг амал қилиш муддати тугагунига қадар, бундан шундай товарни таъмирлаш, шу жумладан уни тиклаш, модернизация қилиш, унинг бузилган ёки эскирган таркибий қисмларини (элементларини) алмаштириш ёки тиклаш, нуқсонларини бартараф этиш учун олиб чиқиш мустасно (БК 44-м.).

 

Маълумот учун. Контракт (шартнома, келишув) шартлари ёки қайта ишлаш жараёни ТИАнинг кўрсаткичлари ўзгарган тақдирда товарни божхона ҳудудида қайта ишлаш рухсатномасини бериш тўғрисида янги ариза берилиши керак. Бунда юридик шахс ўзгартирилганлиги, унинг номи ёки жойлашган ери (почта манзили) ўзгарганлиги, жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми ёки фаолият кўрсатадиган жойи ўзгарганлиги сабабли контракт (шартнома, келишув) шартлари ўзгарган тақдирда янги ариза бериш талаб этилмайди.

 

Олиб чиқилаётган товарни идентификациялаш

Товарнинг ва қайта ишлаш бўйича амалга ошириладиган операцияларнинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш учун олиб чиқилаётган товарни уни қайта ишлаш маҳсулотларида идентификациялаш қуйидаги усуллардан бири ёки бир нечтаси ёрдамида амалга оширилиши мумкин:

● қайта ишлаш учун олиб чиқилаётган товарга ваколатли шахс ва (ёки) божхона органи томонидан муҳрлар қўйиш ва, зарур бўлган ҳолларда, штамплар қўйиш, рақамли ва (ёки) бошқа турда тамғалаш;

● қайта ишлаш учун олиб чиқилаётган товарни батафсил тавсифлаш, уни суратга тушириш ёки бошқа ўлчамларда тасвирлаш;

● қайта ишлаш учун олиб чиқилаётган товарнинг олдиндан олинган намуналарини ёки нусхаларини ва уни қайта ишлаш маҳсулотини тадқиқ этиш натижаларини қиёслаш;

● қайта ишлаш учун олиб чиқилаётган товарнинг завод ва серия рақамлари тарзида мавжуд бўлган тамғалашдан ёхуд бошқача тамғалашдан фойдаланиш.

Олиб чиқилаётган товарни идентификациялаш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа усулларда ҳам амалга оширилиши мумкин.

Ваколатли шахснинг сўровига ва божхона органининг розилигига кўра, олиб чиқилаётган товарни божхона мақсадида идентификациялаш ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган хом ашё, материаллар ва бутловчи қисмлар ҳақида, шунингдек қайта ишлаш маҳсулотларини ишлаб чиқариш технологияси тўғрисида тақдим этилган батафсил маълумотларни тадқиқ этиш йўли билан таъминланиши мумкин.

Олиб чиқилаётган товарни уни қайта ишлаш маҳсулотларида идентификациялаш қуйидаги ҳолларда талаб этилмайди, агар:

● улар БКнинг 49-моддасига мувофиқ қайта ишлаш учун олиб чиқилган товарга эквивалент бўлган товарни қайта ишлаш натижасида олинган бўлса;

● қайта ишлаш учун ишлаб чиқаришнинг узлуксиз циклларига тааллуқли технология жараёнидан фойдаланилаётган бўлса (БК 46-м.).

 

Маълумот учун. Божхона мақсадлари учун эквивалент чет эл товари деганда олиб чиқилган товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш натижасида олинган қайта ишлаш маҳсулотига ўз тавсифи, сифати ва техник хусусиятлари бўйича мос келувчи чет эл товари тушунилади. У олиб кирилаётганда ушбу боб қоидаларига мувофиқ унга олиб чиқилган товарнинг қайта ишлаш маҳсулоти сифатида қаралади.

Эквивалент компенсация чоғида эквивалент чет эл товарини олиб киришга товар қайта ишлаш учун божхона ҳудудидан олиб чиқилгунига қадар йўл қўйилади (БК 49-м.).

 

Қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормаси

Божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормаси ваколатли шахс томонидан аниқланади ва товарни қайта ишлашни амалга оширишнинг ҳақиқий шароитларидан келиб чиққан ҳолда, товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш рухсатномаси берилаётганда божхона органи томонидан белгиланади.

Қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормасини белгилашда божхона органлари қайта ишлашнинг ваколатли шахс томонидан тақдим этилган технологик жараёни тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ҳужжатларга ҳамда ваколатли органнинг ва (ёки) ваколатли ташкилотларнинг (шу жумладан божхона лабораторияларининг) қайта ишлашнинг аниқ технологик жараёнига асосланган хулосаларига таянади.

Қайта ишлаш маҳсулотларининг тавсифи, миқдори, сифати қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормаси белгиланганидан кейин аниқланади (БК 48-м.).

 

Маълумот учун. Товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлашга рухсатнома олган шахс олиб чиқилиб, қайта ишланмаган товар қолдиғини БКда белгиланган шартлар асосида тегишли божхона режимларига жойлаштирган ҳолда, БКнинг 47-моддасига мувофиқ белгиланган товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш муддати тугайдиган кундан кечиктирмай тасарруф этиши керак.

Олиб чиқилиб қайта ишланмаган товар қолдиқларига божхона расмийлаштируви мақсадида божхона ҳудудига реимпорт қилинадиган товарлар сифатида қаралади.

 

Товарни қайта ишлаш натижасида ҳосил бўлган чиқиндилар қайта ишланганидан кейин олиб кирилган тақдирда, божхона божлари ва солиқлар тўлашдан озод этилади (БК 51-м.).

Прочитано: 446 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика