Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 29 / Мутахассис жавоб беради

Онлайн-НКМ чеки ва Payme

 

Мижозлар учун қулайликни таъминлаш мақсадида компания тўловларни мобил тўлов иловалари (Click, Payme ва бошқа) орқали қабул қилишни ташкил этишни режалаштиряпти. Бу ҳолда харидорга онлайн-НКМ чекини бериш шартми? 

 

 

Саволга ДСҚ Солиқ солиш бўйича маслаҳат бўлими бошлиғи Азиз УМИРЗАҚОВ жавоб берди:

– Тадбиркорлик субъектининг мижозлар билан ҳисоб-китоб қилиш учун мобил тўлов тизимларига уланиши савдо шохобчасини онлайн-НКМ ёки виртуал кассани ўрнатиш ва касса чекларини товар (хизматлар) учун тўловни қабул қилганда чек бериш заруратидан озод қилмайди.

Илова орқали ҳисоб-китоб қилиш жисмоний шахс – харидор карточкасидан жисмоний шахс – сотувчи карточкасига пул ўтказишни назарда тутмайди. Пуллар тадбиркорлик субъектининг ҳисобрақамига келиб тушиши керак. Мобил илова билан шартнома тузган тадбиркорлар бундай илованинг «Жойида тўлов», «Хизматлар учун тўлов», «Интернет-сервислар» ва бошқа бўлимларда қайд этилган.

Солиқ органи мобил тўлов иловалари орқали ўтказилган тўловни банк карталари ёрдамидаги тўлов сифатида кўриб чиқади. Агар харидор банк картаси ёрдамида тўлаётган бўлса, унда сотувчи онлайн-НКМ ёки виртуал касса чекини уриши шарт (6.09.2019 й. ПФ-5813-сон Фармон 5-б.; Низом 6-б., 23.11 2019 й. 943-сон ВМҚга 1-илова 6-б.).

Бугунги кунда мобил тўлов тизимлари онлайн-НКМ чекини чиқариш ёки юборишни амалга оширмайди. Бироқ бу – бундай чекни бермаслик учун асос эмас.

Агар мобил илова ёрдамидаги ҳисоб-китоб савдо шохобчасида амалга оширилаётган бўлса, НКМ чекини чиқариб, харидор қўлига беришга сотувчига ҳеч нима ҳалал бермайди. Курьер орқали етказиб бериш ҳолатларида ҳам масала осон ҳал бўлади. Тадбиркор курьерларни онлайн-НКМ билан таъминлаши шарт. Вариант сифатида – курьер товар (хизмат)ни тайёр урилган онлайн-НКМ ёки виртуал касса чеки билан бирга етказиб бериши керак. Тўғри, бу ўзаро ҳисоб-китобларда ноқулай бўлиши мумкин, масалан, агар харидор буюртманинг бир қисмидан воз кечса.

Ечим мобил иловалар ёрдамидаги ўзаро ҳисоб-китоблар ҳолатида ҳам топилади. Мижоз хизматларга тўловни масофадан туриб амалга оширган ёки муддатли тўловга олинган товарнинг қиймати ёки кредитини сўндирган ҳолатлар ҳам шулар жумласидан. Яъни, мижоз ва сотувчи пул бериш пайтида учрашмайдиган ҳолларда ҳам масаланинг ечимини топса бўлади. Ҳозирда онлайн-НКМ барча чеклари QR-код билан таъминланган, бу эса чекнинг ҳақиқийлигини текшириш имконини беради. Демак, чекни харидорга электрон почта, мессенжерлар ва бошқа йўл билан электрон шаклда етказиш мумкин. Бундай ҳолатларда виртуал кассалар технологияларидан фойдаланган маъқул. Чунки уларни исталган вақтда харидорга чекларни шакллантириш ва етказишга созлаб қўйиш мумкин.

Давлат солиқ қўмитаси келгусида мобил тўлов тизимлари ва тадбиркорлар билан мобил иловалар орқали ҳисоб-китоб қилишда онлайн-НКМ (вируал касса) чекларини ўз вақтида уриш имконини берувчи замонавий технологияларни жорий этиш масалаларида иш олиб боришни режалаштирмоқда.

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.

Прочитано: 351 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика