Кўп йиллик амалиётнинг кўрсатишича, божхона расмийлаштируви масалаларида ҳозирча ишини воситачиликсиз битираётганлар кўп эмас. Бу, асосан, ўз штатида тегишли бўлимларга эга бўлган йирик компаниялар ва ташқи савдо фаолиятида салоҳиятли тажрибага эга бўлган хусусий тадбиркорлардир. ТИФнинг бошқа иштирокчилари эса ўзларини ортиқча даҳмазалардан озод этган ҳолда ҳалигача божхона брокерларининг хизматларига мурожаат қилмоқдалар.
Божхона расмийлаштируви – ўзига яраша нозик соҳа ҳисобланиб, бунда брокернинг тажрибасизлиги, одатда, буюртмачининг лойиҳаси муваффақиятли якунланишини хавф остида қолдиради. Шу маънода божхона брокерларини ҳуқуқшунос ва молиячиларга ўхшатса бўлади. Мазкур соҳалардаги профессионализм брокернинг ишончлилиги ва мижоз учун натижанинг олдиндан таъминланганлиги кафолати ҳисобланади, пировардида брокернинг хизматига талаб ошади.
2018 йилда Ўзбекистон Божхона брокерлари уюшмаси (ББУ) ҳар жиҳатдан инқилобий қарорни қабул қилиб, ўзининг одатдаги фаолияти принциплари чегараларидан ташқарига чиқди: мижознинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида божхона брокерлари миллий ишбилармонлик амалиёти ва қонунчилигига мувофиқ келувчи профессионал амалиётнинг стандартларини ўрнатишди. Ушбу принципни рўёбга чиқариш учун ББУ Марказий Осиё минтақаси Божхона брокерлари уюшмаларининг раҳбарлари (вакиллари) Минтақавий кенгашининг «Божхона брокерларини баҳолашнинг рейтинг тизимини киритиш асослари тўғрисида»ги қарори ҳамда ББУнинг «Ўзбекистонда божхона брокерларини баҳолашнинг рейтинг тизими тўғрисида»ги низом асосида илк бор 2018 йилнинг Рейтинг-варақасини шакллантиришди. Бу иш ҳозирда яхши анъанага айланган.
Таъкидлаш керакки, ЎзР ББУ Адлия вазирлиги томонидан 18.09.2009 йилда 114-сон билан юридик шахслар уюшмаси сифатида рўйхатдан ўтказилган. Уюшманинг янги таҳрирдаги устави 22.11.2017 йилда қайта рўйхатдан ўтказилган.
ББУнинг Минтақавий кенгаши ҳақида
Марказий Осиё минтақаси Божхона брокерлари уюшмаларининг ҳамкорлиги узоқ йиллик тарихга эга. 2017 йилнинг 13 ноябрида Остона шаҳрида Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ББУлари ўртасида ахборот алмашинуви масалаларига доир ҳамкорлик қилиш нияти тўғрисидаги баённома имзоланган бўлиб, у минтақа уюшмаларининг ҳамкорлиги ва ўзаро алоқаларини расмий тарзда шакллантиришга тамал тошини қўйди. Ўша вақтда Марказий Осиё минтақаси Божхона брокерлари уюшмаларининг раҳбарларининг (вакилларининг) Минтақавий кенгаши ташкил этилган эди.
2018 йил 17 майда Минтақавий кенгашнинг Баённома ва қарорларига Тожикистон божхона брокерлари уюшмаси расмий тарзда қўшилди. 2019 йилда Беларусия божхона вакиллари уюшмаси кузатувчи сифатида қўшилди.
Мана бу йил ҳам Қарор ва Низомда кўрсатилган тартиб-таомиллар ўтказилгандан кейин Ўзбекистон ББУ 2021 йилнинг Рейтинг-варақасини шакллантирди. Уюшманинг 20 нафар аъзоси ўз иштирокини тасдиқлади. Божхона брокери сифатидаги иш тажрибаси, асосий хизматларни кўрсатиш самарадорлиги ва аризачиларнинг солиққа оид қонунчиликка риоя этиши баҳоланди. Рейтинг тизимининг барча иштирокчилари ушбу параметрлар бўйича юқори кўрсаткичларни намойиш этишди.
Баҳолаш жараёнида Божхона брокерлари уюшмасига аъзолик муддатига ҳам жиддий эътибор қаратилди, зеро, ББУнинг барча аъзолари – бу юқори даражадаги ижтимоий жавобгарликни кўрсата олган, қолаверса уларнинг умумий манфаатлари рақобатли муносабатлардан кўра улуғроқ туришини намойиш этган тадбиркорлик субъектлари ҳисобланади. Бундан ташқари Уюшма аъзолари доимо ББУнинг ахборот, услубиёт ва маслаҳат кўмагидан фойдаланиш имкониятига эгадир.
Лекин рейтинг тизими иштирокчисининг асосий кўрсаткичи баҳолаш учун очиқлиги бўлди. Шуни таъкидлаш керакки, рейтинг тизимида иштирок этиш ББУ аъзоларининг аризаларига кўра ихтиёрий тарзда амалга оширилди, шунинг учун Уюшма раҳбарияти ва рейтинг комиссияси Рейтингни шакллантириш учун ўзининг молиявий ва статистик маълумотларини очиб берган ББУнинг рейтинг тизими барча иштирокчиларига ўз миннатдорлигини билдирди.
Сўзимизнинг сўнгида ТИФ иштирокчилари, энди иш бошлаётган импортчи ва экспортчиларга ўз маслаҳатимизни тортиқ қилмоқчимиз: агар сиз ҳалол-покиза ва масъулият билан ишлайдиган юқори малакали божхона брокерига эҳтиёж сезсангиз, 2021 йилнинг Рейтинг-варақаси билан танишиб чиқинг. Профессионализм – 100 фоизга кафолатланади.
Божхона брокерлари уюшмасининг раиси Арсен Айрапетьянц таъкидлаганидек, ББУ божхона брокерининг профессионализмини, унинг мижоз билан тузган шартномаси шартларини бажаришда ҳалоллиги ва батартиблилигини тасдиқлайди.