Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 29 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликларига улар томонидан етиштирилган ва сотилган маҳсулотлар учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Чорвачилик тармоқларини давлат томонидан янада қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 3 мартдаги ­ПҚ-5017-сон, «Паррандачиликни ривожлантириш ва тармоқ озуқа базасини мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 14 июндаги ПҚ-5146-сон қарорларига мувофиқ, шунингдек, чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликларига улар томонидан етиштирилган ва сотилган маҳсулотлар учун субсидиялар ажратиш соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликларига улар томонидан етиштирилган ва сотилган маҳсулотлар учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликларига улар томонидан етиштирилган ва сотилган маҳсулотлар учун субсидия ажратиш шартлари;

чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликларига улар томонидан етиштирилган ва сотилган маҳсулотлар учун субсидия ажратишда талаб этиладиган ҳужжатлар, уларни кўриб чиқиш ҳамда субсидия ажратиш тўғрисида қарор қабул қилиш тартиби;

субсидия ажратишни рад этиш асослари ва субсидия ажратишни рад этиш тўғрисидаги қарор бўйича шикоят қилиш тартиби;

ажратилган субсидиядан субсидия олувчи томонидан мақсадли фойдаланишни назорат қилиш тартиби.

2. Чорвачилик маҳсулотлари учун субсидия ажратилишини самарали ташкил этишни таъминлаш бўйича туман (шаҳар) комиссияларининг намунавий таркиби 2-иловага** мувофиқ тасдиқлансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси Давлат солиқ қўмитаси ва Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликларига улар томонидан етиштирилган ва сотилган маҳсулотлар учун субсидия ажратиш жараёнида электрон ахборот тизими орқали маълумотлар алмашинувини йўлга қўйсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага** мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ш.М.Ғаниев ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Б.Т.Норқобилов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А.АРИПОВ.

Тошкент ш.,

2021 йил 12 июль

434-сон.

ЎзР ВМнинг 2021 йил 12 июлдаги 434-сон қарорига
1-ИЛОВА

ЧОРВАЧИЛИК, ПАРРАНДАЧИЛИК ВА БАЛИҚЧИЛИК ХЎЖАЛИКЛАРИГА
УЛАР ТОМОНИДАН ЕТИШТИРИЛГАН ВА СОТИЛГАН МАҲСУЛОТЛАР УЧУН
СУБСИДИЯ АЖРАТИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА
НИЗОМ

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Ушбу Низом чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликларига улар томонидан етиштирилган ва сотилган маҳсулотлар учун субсидиялар ажратиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

маҳсулотлар – хўжаликларнинг ўзида етиштирилган йирик ва майда шохли моллар гўшти, сути, парранда (товуқ, бедана, ўрдак, ғоз, курка ва туяқуш) тухуми, гўшти, интенсив усулда етиштирилган совуқ сув балиқлари (лосось, форель ва осётр) ҳамда қолган турдаги балиқлар;

контрагент – солиқ тўловчи билан хўжалик муносабатларида шартнома тузувчи тараф;

субсидия – чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик маҳсулотлари етиштириш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун юридик шахсларга ва якка тартибдаги тадбиркорларга қайтармаслик шарти билан бюджетдан ажратиладиган маблағ;

субсидия олувчилар – қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида солиқ органларида рўйхатдан ўтган ва қўшилган қиймат солиғидан қарздорлиги мавжуд бўлмаган, шунингдек, контрагентларни танлашда лозим даражада эҳтиёткор бўлган чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликлари ҳамда ушбу йўналишда фаолият кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркорлар;

чорвачилик субъектлари – йирик ва майда шохли моллар гўшти, сути, парранда (товуқ, бедана, ўрдак, ғоз, курка ва туяқуш) тухуми, гўшти, интенсив усулда етиштирилган совуқ сув балиқлари (лосось, форель ва осётр) ҳамда қолган турдаги балиқлар етиштирувчи тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи шахслар;

интенсив усулда балиқ етиштириш технологияси – сунъий сув ҳавзалари, кичик сув ҳавзалари, ёпиқ сув айланма тизими ва қафас (садок) мосламаларида интенсив усулда балиқ етиштириш технологияси;

йирик ва майда шохли моллар – жисмоний ва юридик шахслар томонидан сақланадиган (парваришланадиган) ва урчитиладиган уй ҳайвонлари – қорамол, қўй ва эчки;

қафас (садок) мосламаларида интенсив балиқ етиштириш технологияси – очиқ сув ҳавзаларида турли ўлчамдаги қафас мосламалари ўрнатилиб, сув ости қисми тўр билан ўралган ва ушбу тўрнинг сув устки қисми махсус мосламага (темир, пластик) маҳкамланган ҳолда 1 м3 ҳажмдаги сувда 10 кгдан кам бўлмаган балиқ етиштириш технологияси.

3. Экспортга сотилган чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик маҳсулотларига субсидия ажратилмайди.

 

2-БОБ. СУБСИДИЯ АЖРАТИШ ШАРТЛАРИ

4. Қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлган субсидия олувчиларга 2021 йил 1 июндан бошлаб республика бюджетидан қуйидаги миқдорда субсидия ажратилади:

паррандачилик хўжаликларига – ўз хўжаликларида етиштирилиб, реализация қилинган тухумнинг ҳар бир донаси учун 50 сўм ҳамда парранда гўштининг ҳар бир килограмми учун 1 000 сўм;

чорвачилик хўжаликларига – ўз хўжаликларида етиштирилиб, гўшт учун сотилган йирик ва майда шохли моллар тирик вазнининг ҳар бир килограмми учун 2 000 сўм ҳамда сутининг ҳар бир литри учун 200 сўм;

балиқчилик хўжаликларига – интенсив усулда етиштирилган совуқ сув балиқларининг (лосось, форель ва осётр) ҳар бир килограмми учун 3 000 сўм қолган турдаги балиқлар учун 1 000 сўм миқдорида.

5. Субсидия қўшилган қиймат солиғидан қарздорлиги мавжуд бўлмаган, шунингдек, контрагентнинг солиқ органларида қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтган тақдирда ажратилади.

6. Субсидия ажратишни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:

субсидия олувчи ушбу Низомнинг 4, 5, 10 ва 12-бандлари талабларига мос келмаса;

субсидия олувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларда чорвачилик маҳсулотлари учун субсидия ажратилишини самарали ташкил этишни таъминлаш бўйича туманлар (шаҳарлар) комиссияси (кейинги ўринларда – комиссия) томонидан ўтказиладиган ўрганишлар орқали ишончсиз ва нотўғри маълумотлар мавжудлиги ёки маълумотларни бузиб кўрсатиш ҳолатлари аниқланганда.

Ушбу бандда қайд этилганидан ташқари бошқа ҳолатларда, сотиб олувчига субсидия ажратишни рад этишга йўл қўйилмайди.

7. Субсидия олувчи субсидия ажратилишини рад этиш тўғрисидаги қарордан норози бўлган тақдирда, белгиланган тартибда юқори турувчи ташкилотга ёки судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

8. Чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик маҳсулотлари электрон ҳисобварақ-фактуралар ва «оn-line» касса аппаратлари орқали сотилганда, сотилган маҳсулот номи (товар коди) ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ электрон ҳисобварақ-фактуралар (савдо чеклар) шакллантирилади.

9. Маҳсулотларни нақд пул ёки банк картаси (тўлов терминали) орқали сотиш бўйича «оn-line» касса аппаратларини ўрнатиш субсидия олувчилар зиммасига юкланади.

10. Йирик ва майда шохли моллар гўшти (тирик вазндаги), парранда гўшти ва балиқ килограмм, сут литр, парранда тухуми дона ўлчов бирлигида ёзилади.

11. Йирик ва майда шохли молларнинг 1 килограмм тирик вазндаги гўштининг сўйим чиқими (суб маҳсулотларсиз) коэффициенти 55 фоиз ҳисобида ҳисобга олинади.

12. Чорвачилик хўжаликлари идентификация қилинган ҳамда ихтисослаштирилган сўйиш корхоналарида сўйилган йирик ва майда шохли молларнинг гўшт маҳсулотларини сотади.

 

3-БОБ. СУБСИДИЯ АЖРАТИШ УЧУН ТАЛАБ ЭТИЛАДИГАН ҲУЖЖАТЛАР ВА УЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ

13. Субсидия олувчилар ўз хўжалигида етиштирилган маҳсулотларни сотишдан олдин Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг «my.vetgov.uz» сайти орқали ҳудудий «Чорванасл» маркази туман вакилига (кейинги ўринларда – Вакил) ариза билан мурожаат қилади.

Вакил субсидия ажратиш билан боғлиқ ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларни кўриб чиқиш учун комиссияга тақдим этади.

14. Субсидия олувчилар томонидан тақдим этилган ариза ушбу Низомга 2-иловага*** мувофиқ схема асосида кўриб чиқилади.

15. Чорвачилик субъекти томонидан сотилган маҳсулотларга субсидия олиш учун ариза ушбу Низомга 3, 3а ва 3б-иловаларга*** мувофиқ топширилади.

16. Комиссия субсидия олувчининг аризасига кўра сотиладиган маҳсулотларни ўз хўжалигида етиштирилганлиги ва маҳсулотларнинг тегишли турлари бўйича беш иш кунида ушбу Низомга 4, 4а ва 4б-иловаларга*** мувофиқ хулоса беради ҳамда «my.vetgov.uz» сайти орқали электрон шаклда «Ўзбекчорванасл» агентлигига (кейинги ўринларда – Агентлик) тақдим этади.

17. Агентлик хулоса келиб тушган санада Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Давлат солиқ қўмитаси ўртасида интеграция қилинган маълумотлар базасидан электрон тартибда фойдаланади.

18. Субсидия олувчи ўз хўжалигида етиштирган чорвачилик маҳсулотларини сотгандан сўнг Агентлик комиссия хулосаси ва солиқ органларининг маълумотлари натижасига кўра субсидия ажратилиши ёки ажратилмаслиги юзасидан беш иш кунида ариза берувчига электрон шаклда жавоб хати юборади.

 

4-БОБ. СУБСИДИЯНИ АЖРАТИШ ТАРТИБИ

19. Агентлик календарь йил мобайнида чорвачилик субъектларига ажратиладиган субсидиялар тўғрисидаги маълумотларни Низомга 5, 5а ва 5б-иловалардаги*** шаклларда Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасига тасдиқлаш учун тақдим этади ва улар Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан уч иш кунида тасдиқланади.

20. Комиссия хулосаси ва солиқ органларининг маълумотлари ижобий бўлган тақдирда, электрон шаклдаги маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот тизими орқали Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигига юборилади.

21. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот тизими орқали келиб тушган Агентликнинг хулосасини олгандан сўнг бир иш кунида бюджетдан шу мақсадга ажратилган маблағлар доирасида тегишли субсидия суммасини субсидия олувчининг банк ҳисобварағига ўтказади.

22. Субсидия субсидия олувчи томонидан берилган аризага асосан кейинги ойнинг 25-санасига қадар ажратилади.

23. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги келгуси йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда субсидия олувчиларга субсидия ажратиш учун зарур маблағларни ҳисобга олади.

 

5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

24. Субсидия бериш бўйича юзага келадиган келишмовчиликлар томонлар ўртасида музокаралар ўтказиш орқали ҳал қилинади

Келишмовчиликларни музокаралар ўтказиш орқали ҳал қилишнинг иложи бўлмаганда, суд тартибида ҳал қилинади.

Комиссия ва солиқ органлари тақдим этган хулосаси ва маълумотларининг ҳаққонийлиги учун ўзлари жавобгар ҳисобланади.

25. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат молиявий назорати департаменти ажратилган субсидиялардан мақсадли фойдаланилишини назорат қилади.

26. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Низомга
1-ИЛОВА

ЭЛЕКТРОН ҲИСОБВАРАҚ-ФАКТУРАГА КИРИТИЛАДИГАН
МАҲСУЛОТЛАР РЎЙХАТИ

Т/р

 

Маҳсулот номи

 

Ўлчов бирлиги

 

Маҳсулот (хизмат)ларнинг Ягона электрон миллий каталоги бўйича идентификация коди

 

1.

 

Сигир сути

 

литр

 

04010402

 

2.

 

Эчки ва қўй сути

 

литр

 

0401209900

 

3.

 

Қорамол гўшти (тирик вазнда)

 

кг

 

0201300005

 

4.

 

Қўй ва эчки гўшти (тирик вазнда)

 

кг

 

0204230000, 0206809900

 

5.

 

Парранда тухуми

 

дона

 

0407210000

 

6.

 

Парранда гўшти (сўйилган вазнда)

 

кг

 

0207141009

 

7.

 

Балиқ (лосось, форель ва осётр)

 

кг

 

0303130000

 

8.

 

Бошқа турдаги балиқ

 

кг

 

0305697000

 

 

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 12.07.2021 йилдан кучга кирди.

**Қарорга 2–3-иловалар «СБХ»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

***Низомга 2–5б-иловалар «СБХ»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 103 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика