Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 29 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Халқаро юк ташишларда электрон пломбаларни қўллаган ҳолда автотранспорт воситаларни кузатиб бориш тизимини жорий этиш тўғрисида»

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида» 2020 йил 5 июндаги ПФ-6005-сон Фармонига мувофиқ, шунингдек, халқаро юк ташишларда электрон пломбаларни қўллаган ҳолда автотранспорт воситаларини кузатиб бориш тизимини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва Транспорт вазирлигининг 2021 йил 1 сентябрдан 2021 йил охирига қадар Халқаро юк ташишларда электрон пломбаларни қўллаган ҳолда автотранспорт воситаларини кузатиб бориш тизими (кейинги ўринларда – масофавий кузатиб бориш тизими) бўйича тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Белгилансинки, масофавий кузатиб бориш тизими тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш даврида:

а) электрон пломбалар божхона назорати остидаги товарлар ортилган автотранспорт воситаларининг ҳаракатини масофавий назорат қилиш мақсадида уларнинг юк бўлимларига божхона хизмати органлари ходимлари томонидан жўнатувчи божхона постида қуйидаги ҳолларда ўрнатилади ва манзил божхона постида ечиб олинади:

Давлат божхона қўмитасининг хавфларни бошқариш тизими томонидан белгиланганда;

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва хорижий давлатлар божхона хизматлари ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан олдиндан олинган тезкор маълумотлар асосида;

божхона назоратининг техник воситаларини қўллаш якунлари бўйича амалдаги маълумотларнинг товарга илова қилинган ҳужжатларда кўрсатилган маълумотларга номувофиқлиги аниқланганда;

юк жўнатувчи, юк қабул қилувчи ёки ташувчининг талабига кўра;

б) божхона органлари томонидан электрон пломбалар ўрнатилган автотранспорт воситаларига бир вақтнинг ўзида бошқа турдаги махсус божхона пломбалари қўйилмайди, автотранспорт воситасига икки ёки ундан ортиқ пломбалар қўйилиши лозим бўлган ҳолатлар бундан мустасно;

в) божхона назорати остидаги товарлар ортилган автотранспорт воситаларини электрон пломбалар билан таъминлаш, хизмат кўрсатиш ҳамда кузатувни ташкил этиш учун Давлат божхона қўмитаси томонидан тайёрланган техник талаблар асосида манфаатдор ташкилотлар (миллий операторлар) жалб этилади;

г) электрон пломбалар тизими хизмат кўрсатувчи миллий операторлар томонидан беғараз асосларда фойдаланиш учун тақдим этилади;

д) электрон пломбалардан фойдаланганлик учун йиғим ундирилмайди.

3. Халқаро юк ташишларда электрон пломбаларни қўллаган ҳолда автотранспорт воситаларини кузатиб бориш тизимини жорий этиш тартиби тўғрисидаги вақтинча низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Масофавий кузатиб бориш тизими тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш даврида Халқаро йўлларда ташиш китобчасини қўллаган ҳолда юкларни халқаро ташиш тўғрисидаги божхона конвенцияси (Женева, 1975 йил) доирасида ташилаётган юкларга нисбатан қўлланилмайди, хавфларни бошқариш тизими томонидан аниқлаган ҳолатлар бундан мустасно.

5. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Транспорт вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 декабрга қадар масофавий кузатиб бориш тизими тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш якунларидан келиб чиқиб, ижобий ва салбий оқибатларнинг, харажатлар ва даромадларнинг ҳуқуқий эксперимент жараёнида эришилган ижтимоий-иқтисодий натижалар ҳақидаги маълумотлар билан асослантирилган прогнозни амалга оширсин ва мазкур йўналишда қонунчиликни такомиллаштириш ёхуд норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

6. Ушбу қарор 2022 йилнинг 1 январига қадар амал қилади.

7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А.Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси М.Б.Азимов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А.АРИПОВ.

Тошкент ш.,

2021 йил 8 июль

428-сон.

ЎзР ВМнинг 2021 йил 8 июлдаги 428-сон қарорига
ИЛОВА

ХАЛҚАРО ЮК ТАШИШЛАРДА ЭЛЕКТРОН ПЛОМБАЛАРНИ
ҚЎЛЛАГАН ҲОЛДА АВТОТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИ КУЗАТИБ БОРИШ
ТИЗИМИНИ ЖОРИЙ ЭТИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА
ВАҚТИНЧА НИЗОМ

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Мазкур Низом автомобилда халқаро юк ташишларда электрон пломбаларни қўллаган ҳолда транспорт воситаларини кузатиб бориш тартибини белгилайди.

2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

ахборот тизимининг дастурий таъминоти (кейинги ўринларда – дастурий таъминот) – транспорт воситаларининг жойлашуви, шунингдек, идентификация воситалари яхлитлигини назорат қиладиган GSM/GPRS ва GPS хизматлари ёки сунъий йўлдош тизимлари сигналлари ва маълумотларидан фойдаланган ҳолда ахборотларни қайта ишловчи дастурий таъминот;

жўнатувчи божхона пости – товарларнинг барча туркуми ёки унинг бир қисми учун ташув бошланадиган божхона пости;

кечиктириб бўлмайдиган тезкор тадбирлар – транспорт воситаларини қидириб топиш, товарларнинг бут ҳолатда манзил божхона постларига етказилишини таъминлаш юзасидан божхона ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳамкорликда амалга ошириладиган чора-тадбирлар;

манзил божхона пости – товарларнинг барча туркуми ёки унинг бир қисми учун ташув тугайдиган божхона пости;

миллий оператор – автомобилда халқаро юк ташишларда электрон пломбаларни қўллаган ҳолда транспорт воситаларини кузатиб бориш учун божхона хизмати органларига электрон пломба ва дастурий таъминотни тақдим этадиган Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтган юридик шахс;

мобил илова – фойдаланувчилар томонидан автотранспорт воситасининг ҳаракат йўналишини кузатиш имконини берувчи дастурий маҳсулот;

электрон пломбалар – автотранспорт воситасининг ҳаракат маршрути тўғрисида маълумотларни сақлаш ва тизимга узатиш, шунингдек, автотранспорт воситасининг юк бўлинмасига кириш имконини чекловчи ҳамда халқаро ташувларни амалга ошираётган автотранспорт воситасини онлайн кузатиб бориш имконини берувчи идентификациялаш воситаси.

3. Электрон пломбаларни ўрнатиш, ечиб олиш ва сақлаш тартиби ҳамда унга қўйиладиган техник талаблар Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси (кейинги ўринларда – Давлат божхона қўмитаси) томонидан белгиланади.

 

2-БОБ. БОЖХОНА ОРГАНЛАРИДА ЭЛЕКТРОН ПЛОМБАЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ

4. Электрон пломбалар Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кирилаётган, олиб чиқилаётган ёки транзит тартибида ҳаракатланаётган божхона назорати остидаги товарлар ортилган транспорт воситалари юк бўлимларига божхона хизмати органлари ходимлари томонидан жўнатувчи божхона постида ўрнатилади ва манзил божхона постида ечиб олинади.

5. Автотранспорт воситаларининг юк бўлимларига ўрнатилган электрон пломба фаоллаштирилгандан сўнг Давлат божхона қўмитаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармасининг Ситуацион маркази (кейинги ўринларда – Ситуацион марказ) ҳамда Давлат божхона қўмитасининг ҳудудий бошқармалари томонидан автотранспорт воситаларининг ҳаракатини масофавий назорат қилиш имконияти яратилади.

6. Товарлар ортилган автотранспорт воситаларининг юк бўлимларига ўрнатилган электрон пломбаларни ушбу автотранспорт воситаларидан товар ёки буюмларни тушириш, шунингдек, автотранспорт воситаларига бошқа товар ва буюмларни ортиш имкониятини истисно этиши лозим.

7. Товарлар ортилган автотранспорт воситаларини электрон пломба билан таъминлаш, хизмат кўрсатиш ҳамда доимий кузатувни ташкил этиш билан шуғулланувчи миллий оператор энг яхши таклифларни танлаш йўли билан Давлат божхона қўмитаси томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда тайёрланган техник талабга асосан аниқланади.

8. Жўнатувчи божхона органи томонидан автотранспорт воситаларига электрон пломбалар қуйидаги ҳолларда ўрнатилади:

Давлат божхона қўмитасининг хавфларни бошқариш тизими томонидан белгиланганда;

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва хорижий давлатлар божхона хизматлари ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан олдиндан олинган тезкор маълумотлар асосида;

божхона назоратининг техник воситаларини қўллаш якунлари бўйича амалдаги маълумотларнинг товарга илова қилинган ҳужжатларда кўрсатилган маълумотларга номувофиқлиги аниқланганда;

юк жўнатувчи, юк қабул қилувчи ёки ташувчининг талабига кўра.

9. Қуйидаги ҳолларда автотранспорт воситаларига электрон пломбалар ўрнатилмайди:

товар ва транспорт воситалари божхона ҳамроҳлигида кузатиб борилганда;

тирик ҳайвонлар ташилаётганда;

товарлар «Автоматлаштирилган тарзда чиқариб юбориш» ахборот тизими орқали экспорт божхона режимига расмийлаштирилганда (қўшимча равишда бошқа товарлар ортилган ҳолатлар бундан мустасно);

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ махсус божхона пломбалари қўйишнинг имкони бўлмаган бошқа ҳолларда.

10. Божхона органлари томонидан электрон пломбалар ўрнатилган автотранспорт воситаларига бир вақтнинг ўзида бошқа турдаги махсус божхона пломбалари қўйилмайди. Автотранспорт воситасига икки ёки ундан ортиқ пломбалар қўйилиши лозим бўлган ҳолатлар бундан мустасно.

11. Автотранспорт воситалари ҳаракатланиш йўналиши ва давомийлиги уларга ўрнатилган электрон пломбалар асосида Ситуацион марказ ҳамда Давлат божхона қўмитасининг ҳудудий бошқармалари томонидан махсус электрон дастур ёрдамида кузатиб борилади.

12. Қуйидаги ҳолларда автотранспорт воситаларини масофадан онлайн кузатиб бораётган божхона органи мансабдор шахси хабарига асосан божхона органлари кечиктириб бўлмайдиган тезкор тадбирлар амалга ошириши лозим:

электрон пломба ўттиз дақиқадан ортиқ вақт давомида махсус электрон дастурга маълумот жўнатмаслиги ҳолати аниқланганда;

автотранспорт воситаси жўнатувчи божхона пости томонидан белгиланган йўналишдан (республика аҳамиятидаги автомагистралдан) четга чиққанда;

электрон пломбаларга жисмоний шикаст етказилганда ва уни очишга уриниш ҳолатлари аниқланганда;

электрон пломбанинг аккумулятор қуввати даражаси 10 фоизгача ёки ундан паст кўрсаткични кўрсатаётганлиги маълум бўлганда.

13. Ушбу Низомнинг 12-бандида назарда тутилган ҳолатлар аниқланганда, Ситуацион марказ ходими ҳолат кузатилган ҳудудга энг яқин масофадаги ҳудудий божхона органини бу ҳақда хабардор қилади.

Хабар келиб тушган божхона органи автотранспорт воситасини қидириб топиш ва ҳолатга аниқлик киритиш чораларини кўради.

 

3-БОБ. ЭЛЕКТРОН ПЛОМБАЛАРДАН ФОЙДАЛАНГАНЛИК УЧУН ЙИҒИМ ВА ЭЛЕКТРОН ПЛОМБАЛАР ТАЪМИНОТИ

14. Электрон пломбалардан фойдаланганлик учун йигим ушбу турдаги пломба ўрнатилган автотранспорт воситаси ҳаракатланган масофасидан келиб чиққан ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорига нисбатан ҳисоблаб чиқилади.

Электрон пломбалардан фойдаланганлик учун йиғим миқдори ва унинг тақсимоти Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Электрон пломбадан фойдаланганлик учун ҳисобланган йиғим жўнатувчи божхона постида божхона органлари томонидан ташувчидан ундириб олинади.

15. Божхона органларида электрон пломбалардан фойдаланишда Давлат божхона қўмитаси электрон пломбалар ҳамда улардан фойдаланиш бўйича дастурий таъминот ва техник воситалар билан миллий оператор томонидан таъминланади.

Бунда миллий оператор:

Давлат божхона қўмитаси кўрсатмасига асосан электрон пломбаларни божхона постлари ўртасида тақсимлайди ва уларнинг таъминотини амалга оширади;

электрон пломбалардан фойдаланган ҳолда товарларни ташиётган автотранспорт воситаларини кузатиб бориш бўйича мобил илова хизматларини кўрсатади;

электрон пломбалардан фойдаланиш жараёнида дастурий таъминотда юзага келган техник носозликларни ўз вақтида бартараф этади, яроқсиз ҳолга келган электрон пломбаларни янгисига алмаштиради ва ушбу йўналишда доимий техник хизмат кўрсатади;

дастурий таъминотнинг доимий ишчи ҳолатда бўлишини ва ахборот хавфсизлигини таъминлайди;

дастурий таъминот ичидаги маълумотларни учинчи шахсларга ошкор қилмаслик чораларини кўради.

 

4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

16. Электрон пломбалардан фойдаланган ҳолда товарларни ташишда ташувчи томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган мажбуриятларнинг бажарилмаслиги ёки лозим даражада бажарилмаслиги оқибатида электрон пломбага етказилган зарар ташувчидан манзил божхона постида божхона органлари томонидан ундирилади.

17. Ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари автомобилда халқаро юк ташишларда электрон пломбаларни қўллаган ҳолда транспорт воситаларини кузатиб бориш жараёнида божхона органи қароридан норози бўлган тақдирда, шунингдек, божхона органи мансабдор шахсининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) бўйича белгиланган тартибда юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

18. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 9.07.2021 йилдан кучга кирди.

Прочитано: 89 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика