15–16 июль кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этиш учун Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби Куниа Микурия Ўзбекистонга келди. Конференция давомида у оммавий ахборот воситалари вакилларига интервью бериб, хусусан, шундай деди:
«Юқори даражада ташкил этилаётган мазкур конференция келгусида минтақанинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади ҳамда халқаро муносабатларнинг янада мустаҳкамланишига хизмат килади. Хусусан, Ўзбекистон ва Покистон божхона идоралари ўртасида Товарлар тўғрисида олдиндан ахборот алмашиш бўйича идоралараро баённоманинг имзоланиши Ўзбекистоннинг денгиз портларига чиқиши имкониятларини кенгайтиради, бу эса мамлакатнинг экспорт географияси ва салоҳиятини янада оширади.».