Солиқлар давлат бюджетининг асосий даромад манбаи эканлигини биламиз. Шундай экан, бугунги кунда соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар йиғилувчанлигининг зарур даражасини таъминлаш, хуфиёна секторда фаолият юритувчи шахслар фаолиятини легаллаштириш, солиқ тўловчиларнинг ўз солиқ мажбуриятларини ихтиёрий равишда бажаришига эришиш бюджет даромадларини оширишнинг асосий омиллари сифатида қаралади.
Президентимиз 2018 йил 28 декабрда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида фуқароларимиз солиқдан қочиш эмас, уни вақтида тўлашдан манфаатдор бўлиши кераклиги, янги таҳрирдаги Солиқ кодексида мамлакат тараққиётининг таянчи бўлган инсофли, ҳалол солиқ тўловчиларни рағбатлантириш, яширин фаолият юритадиганларни эса жазолаш кўзда тутилиши шартлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Солиқ тўлаш маданиятини ошириш бўйича олиб борилган илмий тадқиқотлар солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, уларга қарши курашиш ва олдини олишда назоратни кучайтириш, текширувлар сонини кўпайтириш катта молиявий харажатлар ва ресурсларни (инсон, вақт) сафарбар этишни талаб этиши, барча ресурсларни солиқларни тўлашдан бўйин товлаш ҳолларини аниқлашга сафарбар этишнинг имкони йўқлиги ва назоратни кучайтиришнинг самарадорлиги пастлигини кўрсатади.
Шу сабабли санкцияларни кучайтириш эмас, балки шахснинг ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тортилиши муқаррарлигини тушуниб етиши муҳим эканлиги англашилади.
Тадқиқотчилар томонидан солиқ тўлаш маданиятини ошириш бўйича кам харажат талаб этадиган бошқа чора-тадбирлар, хусусан, солиқ тўловчиларнинг ўз солиқ мажбуриятларини ихтиёрий равишда бажаришига эришиш, инсофли солиқ тўловчиларни рағбатлантириш механизмлари назарда тутилган.
Ривожланган хорижий давлатларнинг тажрибасидан келиб чиқиб, мамлакатимизда солиқларнинг йиғилувчанлигини ошириш ва солиқ маданиятини юксалтириш бўйича қуйидагилар таклиф қилинади:
Биринчидан, солиқ ислоҳотлари ва янги солиқ солиш тизимига ўтиш шароитида фуқароларнинг солиқларни тўлиқ ва тўғри тўлашини рағбатлантиришга қаратилган таъсирчан тарғибот технологияларидан унумли фойдаланиш зарур.
Иккинчидан, солиқ органлари, тадбиркорликни ривожлантириш йўналишидаги нодавлат нотижорат ташкилотлар, давлат органлари қошида ташкил этилган жамоатчилик кенгашлари ёрдамида мунтазам равишда мамлакатдаги солиқ сиёсати ва маъмуриятчилигига солиқ тўловчиларнинг муносабатини ўрганишга қаратилган сўров ва тадқиқотлар ўтказиш, солиқ маданиятини юксалтириш бўйича кўпроқ илмий тадқиқотлар ўтказиш ва уларни рағбатлантириш зарур.
Учинчидан, давлат солиқ хизмати органлари, «Солиқ-сервис» ДУК ва унинг жойлардаги ҳудудий марказлари томонидан кўрсатиладиган хизматларнинг стандартлари ҳамда солиқ тўловчи билан муносабатларнинг принципларини белгилаш лозим. Шунингдек, мазкур стандартларни солиқ органлари фаолиятини баҳолашнинг асосий мезони сифатида белгилаш, мазкур стандартларга қай даражада риоя қилинишига оид ҳисоботларни, солиқ органларининг рейтингларини ҳар чоракда эълон қилиб бориш мақсадга мувофиқ.
Тўртинчидан, янги солиқ солиш тизимига ўтиш шароитида соҳада юзага келаётган ноаниқликлар, тушунмовчиликлар ёки ҳуқуқий тартибга солинмаган масалалар бўйича солиқ ва бошқа мутасадди идораларнинг тезкор қарорлар қабул қилиш ва тушунтиришлар бериш каби механизмларидан самарали фойдаланиш зарур.
Бешинчидан, солиққа оид ҳуқуқбузарликларни фош этиш ва бартараф этишда солиқ тўловчининг иштироки даражасига қараб жавобгарлик ва жазо чораларини табақалаштириш, солиқ ҳуқуқбузарлигини фош этишда солиқ органлари билан ҳамкорлик қилганлик, солиққа оид ҳуқуқбузарлик тўғрисида ихтиёрий арз қилиб, уни тўлиқ бартараф этганлик учун санкцияларни янада либераллаштириш таклиф қилинади.
Олтинчидан, солиқ ҳуқуқбузарликлари учун муқобил санкцияларни жорий этиш таклиф қилинади. Солиқ тўлашдан бўйин товлаган ёки қарзи маълум бир миқдордан ошган солиқ тўловчиларни обрўсизлантириш мақсадида уларни ҳар чоракда қарздорлар рўйхатида эълон қилиш амалиётини жорий этиш таклиф қилинади.
Еттинчидан, хуфиёна фаолият юритаётган шахслар тўғрисида аноним тарзда ёхуд аризачининг шахси сир сақланишини таъминлаган ҳолда турли воситалар ёрдамида электрон, оғзаки ёки ёзма шаклда мурожаат қилиш имкониятларини кенгайтириш, бунда нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг иштирокини кенгайтириш орқали жамоатчилик назорати механизмларидан самарали фойдаланишни рағбатлантириш таклиф қилинади.
қаерда қандай
Жаҳон банкининг бизнесни юритиш соҳасидаги рейтингида солиқларни тўлаш кўрсаткичи бўйича юқори ўринларни эгаллаган давлатлар тажрибаси келтирилган.
Ирландия
Ирландияда солиқ органлари томонидан мунтазам равишда соҳани такомиллаштириш юзасидан тадқиқот ва сўровлар ўтказиб келинади. Унинг натижаларига кўра, психологик омиллар (ўзаро ёзишмаларда автоматик шакллантириладиган хатлар эмас, шахсийлаштирилган хатлар, тақдим этиладиган ҳисобот шаклларини соддалаштириш, қаттиқ оҳангда ёзилган хатларга қараганда «юмшоқроқ ёзилган» мактублар) тўловларни тўлашга ижобий таъсир қилиши қайд этилган.
Хуфиёна иқтисодиётга қарши курашишда жамоатчилик назорати механизмлари ва инсофли солиқ тўловчилар ёрдамига таянилади. Бунда солиқдан қочиш ва носоғлом рақобат ҳоллари ҳақида фуқаролар, тадбиркорлар, жамоат бирлашмалари, касаба уюшмаларига турли воситалар ёрдамида электрон, оғзаки ёки ёзма шаклда, шу жумладан аноним тарзда хабар бериш имконияти берилган ва мурожаатчиларнинг шахси ошкор қилинмайди.
Мамлакатда солиқ ҳуқуқбузарлиги учун жавобгарликка тортиш тизими солиқ тўловчиларнинг ўз мажбуриятларини бажариши ва ҳуқуқбузарликларни ихтиёрий бартараф этишига қаратилган. Айни бир ҳуқуқбузарлик учун санкциялар солиқ органлари билан ҳамкорлик қилганлик, туртки берилмасдан (солиқ маъмуриятчилиги текшируви ҳақида огоҳлантириш бермасдан) ёки туртки берилиши натижасида бартараф этганлик (текшириш тўғрисида огоҳлантирилгандан сўнг текшириш бошлангунга қадар солиқ ҳуқуқбузарлигининг), умумий солиқ мажбуриятининг қанчасини тўламаганлиги (15 фоизгача ёки ундан юқори), ҳуқуқбузарлик такрорланиши даражасига қараб табақалаштирилади.
Ирландияда жазо чораси сифатида солиқ тўлашдан бўйин товлаган ёки солиқларни тўламаганлар рўйхати ҳар чоракда эълон қилиб борилади.
Сингапур
Мазкур Шарқ мамлакатида хабар берувчиларнинг шахсини сир сақлаган ҳолда улар берган маълумот бўйича аниқланган ва ундириб олинган сумманинг 15 фоизи, бироқ 100 000 доллардан кўп бўлмаган миқдорда мукофот берилади.
Солиқ тўловчилар солиқ қонунчилиги билан тартибга солинмаган, аниқ белгиланмаган ёки шунга ўхшаш масалалар юзасидан мурожаат қилганда, унинг натижаси бўйича солиқ маъмуриятчилиги томонидан қабул қилинган қарор, тушунтириш ва шарҳлар чоп этиб борилади. Келгусида бошқа солиқ тўловчилар ҳам ушбу масала билан тўқнаш келганда мазкур қарорга асосланиши мумкин.
Мамлакатда солиқ идораси томонидан кўрсатиладиган хизматларнинг стандартлари белгиланган. Мазкур стандартларда «call-марказ» томонидан телефон қўнғироқларига жавоб беришдан тортиб, ортиқча тўланган тўловларни қайтариш муддатларигача белгиланган. Масалан, мазкур стандартларда 85 фоиз телефон қўнғироқларига бир дақиқа ичида, 80 фоиз электрон хатларга 5 иш куни ичида, солиқ идорасига ташриф буюрган барча (100 фоиз) солиқ тўловчиларга 15 дақиқа ичида хизмат кўрсатиш, барча ортиқча тўланган солиқларни 30 кун ичида қайтариш мезонлари белгиланган.
Солиқ сиёсати ва маъмуриятчилигига баҳо бериш ва уни янада такомиллаштиришда холис ва мустақил тадқиқот муассасаси томонидан ҳар икки йилда бир марта солиқ тўловчилар ўртасида сўров ўтказиш, бизнес ҳамжамият вакиллари, жамоатчилик кенгашлари, солиқ агентлари билан мулоқот, маслаҳатлашув ва қайта алоқа механизмларига алоҳида эътибор қаратилади.
Бундан ташқари, ҳар йили солиқ тўловчиларнинг маълум бир соҳадаги сегменти ёки гуруҳига оид тадқиқот ва ўрганишлар амалга оширилади, натижаси бўйича уларнинг солиқларни тўлаш даражасини ошириш, солиқдан қочиш йўлларини бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар (қонунчиликни такомиллаштириш, ўқув семинарлари ташкил этиш, қўлланмалар ишлаб чиқиш) кўрилади.
Сингапурда солиқларни тўламаган шахсларнинг мамлакатдан чиқишига чекловлар қўйиш белгиланган.
АҚШ
Океан орти мамлакатида солиқдан салмоқли қарзи бор (51 000 АҚШ долларидан юқори) шахслар қарздорлигини бартараф этмаса, уларга паспорт берилмайди ёки алмаштирилмайди ёхуд берилган паспорт бекор қилинади. Шунингдек, шахснинг солиқ қарзи борлиги тўғрисида барча кредиторларга эълон қилинади. Оқибатда бундай шахсларга иш, кредит, ижарага берувчилар ўз хизматларини тақдим этишни рад этиши мумкин.
Айрим мамлакатларда қонунга итоаткор солиқ тўловчилар «Инсофли солиқ тўловчи – мамлакат бунёдкори» деган номга сазовор топилади.
Бобир ТУРДИЕВ, Бош прокуратура Академияси ўқитувчиси.