Norma.uz
СБХ / 2019 йил / № 06 / Божхона

Инспекторнинг сергак нигоҳи остида

 

Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (12.04.2018 йилдаги ПФ-5414-сон) билан чегара божхона постларини катта ҳажмдаги замонавий сканер асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш божхона маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштиришнинг устувор вазифаларидан бири сифатида белгиланган. Божхона назоратининг бундай техник воситаларини қўллаш божхона тартиб-таомиллари ва республика божхона чегарасини кесиб ўтаётган транспорт воситаларини кўздан кечиришни тезлаштириш имконини беради, шунингдек, товарларнинг ноқонуний ҳаракатланишини самарали аниқлайди ҳамда гиёҳванд моддалар ва қурол-аслаҳалар контрабандасининг олдини олади.

 

 

Божхона хизмати инспекциявий-кўрик мажмуаларини қўллаш амалиётини кенг жорий этиш йўлидан изчил бораётир. 2018 йилда республиканинг 18 та божхона объекти сканерлар билан жиҳозланди. Уларнинг 11 таси автомобиль ўтказиш жойларида, 7 таси чегарадаги темир йўл постларида ўрнатилган.

Ўзбекистон Божхоначилари куни арафасида яна бир инспекциявий-кўрик мажмуаси ДБҚнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармасининг «Бекобод» темир йўл чегара постида ўрнатилди. Техник назоратнинг мазкур замонавий воситаси Хитой Халқ Республикаси томонидан Ўзбекистон божхона постларини грант маблағлари ҳисобидан жиҳозлаш лойиҳаси доирасида берилди. Уни «Nuctech Co Ltd» компанияси ўрнатди.

Мажмуани ўрнатиш тадбирида Тошкент вилояти ҳокими Ғуломжон Иброҳимов ва ДБҚ раиси Муротжон Азимов иштирок этишди.

Божхона хизматининг раҳбари катта ҳажмдаги юклар ва транспорт воситаларининг рентген тасвирини олиш учун ионлаштирувчи нурланишдан фойдаланиладиган сканерлар бугунги кунда божхона назоратининг энг самарали дастакларидан ҳисобланишини таъкидлади. Улар ёрдамида контейнер ва транспорт воситаларини очмаган ҳолда товарларни ҳужжатларда кўрсатилган маълумотлар билан солиштириш мумкин. Инспекциявий-кўрик мажмуалари таваккалчиликларни бошқариш тизимини амалиётда оптимал тарзда қўллаш, бу орқали божхона назорати самарадорлигини ошириш ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш имконини беради.

Қолаверса, ўтиш пунктларини бундай стационар мажмуалар билан жиҳозлаш товар ва транспорт воситаларининг давлат чегараси орқали узилишсиз ҳаракатини таъминлаган ҳолда ташқи иқтисодий фаолиятни осонлаштиради. Бунинг эвазига юкларнинг етказиб берувчидан олувчигача етказиб бериш муддатлари қисқаради ҳамда ТИФ иштирокчиларининг транспорт хизматларига харажатлари камаяди.

Божхона хизмати раҳбари ХХРнинг техник ёрдами учун хитойлик вакилларга миннатдорчилик билдирди. Божхона объектини ободонлаштиришдаги кўмаги учун Тошкент вилояти ҳокимлигига миннатдорчилик билдирди.

Расмий қисмдан сўнг юкларни очмаган ҳолда таркибини аниқлаш даражаси юқори бўлган «ўта ақлли» ускуналар намойиш этилди. Божхона пости ходимлари бошқа божхона назорати техник воситаларини ҳам намойиш этишди. «Ақлли» ускуналардан қайси вазиятларда ва қандай мақсадларда фойдаланилиши ҳақида ахборот берилди.

Сўнгги йилларда божхона амалиётида қўлланиладиган техника турлари кенгайтирилди. Мамлакатимизнинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишга кўмак берадиган бундай замонавий ускуналарга устувор аҳамият қаратиш божхона инфратузилмаси жадал равишда модернизация қилинаётганининг ёрқин намунасидир.

 

Материал ДБҚнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси Ахборот хизмати кўмагида тайёрланди.

 

Прочитано: 1173 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика