Norma.uz
СБХ / 2019 йил / № 06 / Божхона

Якунлар чиқарилди, режалар белгиланди

Якунланган 2018 йил божхона органлари тизими учун эсда қоларли ўзгаришларга бой бўлди.

 

Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (12.04.2018 йилдаги ПФ-5414-сон) давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштиришни муҳим босқичга олиб чиқди. Хусусан, 1 июлдан бошлаб, товарларни божхона режимларига жойлаштиришда, шунингдек, хорижий автоташувчиларнинг республикамиз ҳудуди бўйлаб ҳаракатланиш йўналишларини ўзгартиришга божхона органлари томонидан бериладиган рухсатномалар бекор қилинди. Бир ташқи савдо шартномаси доирасида айнан бир хил товарларнинг божхона расмийлаштируви даврий декларацияларни тақдим этиш орқали амалга оширилиши белгиланди.

Шунингдек, товарларнинг «эркин муомалага чиқариш (импорт)» режимига божхона расмийлаштируви учун товарларни давлат тилида мажбурий маркировка қилиш божхона органлари томонидан талаб этилмаслиги белгиланди. Давлат божхона қўмитасининг веб-сайтида ҳар бир товарга мос равишда божхона тўловлари ставкалари, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўлган бошқа маълумотларни реал вақт режимида бепул асосда олиш имконини берадиган «Интеграциялашган тариф» интерактив хизмати жорий этилди.

Республикамиз божхона постларини катта ҳажмдаги сканер қурилмалари билан жиҳозлаш лойиҳаси доирасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, 2018 йилнинг август ойида темир йўл вагонларини сканер қилувчи инспекцион-кўрик мажмуаси Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг «Чуқурсой техник идора» темир йўл чегара божхона пости тасарруфига топширилди. Аввалроқ юк автотранспорт воситаларини сканер қилувчи инспекцион-кўрик мажмуаси «Арк булоқ» ТИФ божхона пости тасарруфига топширилган эди.

 

Божхона соҳасида тадбиркорларга яратилган қулайлик ва енгилликлар ҳақида сўз кетар экан, Президентимизнинг «Мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори (17.10.2018 йилдаги ПҚ-3978-сон) хусусида алоҳида тўхталиб ўтиш жоиздир. Мазкур ҳужжат билан эндиликда экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотлари божхона кўригидан ўтказилмаяпти. Давлат дастури доирасида мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинишига кўмаклашиш ҳамда божхона расмийлаштируви вақти ва молия харажатларини қисқартириш мақсадида Россия, Белорусь, Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистон божхона хизматлари билан «Соддалаштирилган божхона йўлаги» ташкил қилиш тўғрисида битимлар имзоланди. Бу эса Ўзбекистондан экспорт қилинаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун соддалаштирилган божхона таомиллари амал қилинишини кўзда тутади.

 

Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, унга кўра эндиликда божхона брокери ўз фаолиятини тегишли рухсатнома олмасдан амалга ошириши мумкинлиги белгиланди. Шу билан бирга, ТИФ қатнашчиларининг божхона расмийлаштируви бўйича операцияларни амалга оширишда ҳуқуқлари доираси янада кенгайтирилди. Айни пайтда янги таҳрирдаги Божхона кодексининг лойиҳаси устида қизғин ишлар олиб борилмоқда.

 

Ўзбекистон Республикасининг «Давлат божхона хизмати тўғрисида»ги Қонуни янги таҳрирда қабул қилинди. Унга кўра, қонунийлик, ягоналик, очиқлик ва шаффофлик, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш божхона органларининг фаолиятининг асосий принциплари этиб белгиланди. Эндиликда товар ва транспорт воситалари учун ҳам божхона назоратида махсус йўлаклар жорий этилди: 2018 йил 1 декабрдан бошлаб «сариқ» ва «қизил» йўлаклар ишга туширилган бўлса, 2019 йил 1 мартдан бошлаб «яшил» ва «кўк» йўлаклар жорий этилади. Ушбу тизим товарлар божхона чегараси орқали олиб ўтилаётганда божхона операцияларининг ўтказилишини тезлаштиради. Шу билан бир қаторда, божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишларини аниқлаш, прогноз қилиш ва уларнинг олдини олишда муҳим роль ўйнайди.

 

Пойтахтимиз божхона ходимлари томонидан амалга оширилган тезкор тадбирлар натижасида 1 623 та божхонага оид ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, 43 млрд сўмлик товар-моддий бойликлар ашёвий далил сифатида ушлаб қолинди. Хавфни бошқариш тизими 1 декабрдан амалиётга жорий этилиши муносабати билан қарийб 2 млрд сўмлик қўшимча божхона тўловлари ундирилишига эришилди.

 

Маълумки, 1 июлдан бошлаб ТИФ қатнашчилари БЮДни божхона брокерларига мурожаат қилмасдан Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида божхона органларига тақдим этиб келмоқда. Бунинг натижасида 10 мингдан ортиқ БЮД бошқарманинг божхона постларига тўғридан-тўғри тақдим этилиб, ТИФ қатнашчиларининг вақти ва маблағлари тежалди.

Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, божхона органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, бизнесни ривожлантириш йўлида бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилашга қаратилган ислоҳотлар 2019 йилда ҳам изчил давом эттирилади. Хусусан жорий йилнинг 1 февралидан бошлаб, ТИФнинг ҳалол қатнашчиларига соддалаштирилган божхона тартиб-таомилларидан фойдаланиш ҳуқуқини тақдим этишни назарда тутувчи халқаро стандартларга мувофиқ ваколатли иқтисодий операторлар институти иш бошлади.

 

Президентимизнинг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасидаги вазифа ва талаблардан келиб чиқиб, 2019 йилда бошқармамиз томонидан бир қатор устувор вазифаларни амалга ошириш белгиланди. Жумладан, божхона тўловларидан давлат бюджетига тушумлар ортиғи билан туширилишини таъминлаш, ТИФ йўналишидаги хуфиёна иқтисодиёт элементларини фош этиб, уларга чек қўйиш чоралари кўрилади. Контрабанда ва божхона қонунбузилиши ҳолатларининг олдини олиш ҳамда унга қарши курашиш кескин кучайтирилади. Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, инновацион технологияларни қўллаган ҳолда «Сирғали», «Тошкент-товар» ва «Чуқурсой» ТИФ божхона постларида замонавий қулайликлар яратилади. Ушбу жойларда рухсатнома ҳужжатларини берувчи идоралар (Ўзстандарт, соғлиқни сақлаш, ветеринария, экология ва карантин), банк, логистика ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакилларининг «бир дарча» тамойили асосида доимий фаолият юритиши йўлга қўйилади.

 

Ботир ДАДАМАТОВ,

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси бошлиғи.

 

Прочитано: 294 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика