Norma.uz
СБХ / 2019 йил / № 06 / Божхона

Ўзбекистон божхона қоидалари: жисмоний шахсларнинг товарларни олиб кириши

 

Сўнгги пайтда жисмоний шахслардан Ўзбекистон ҳудудига кириш чоғидаги божхона қоидаларига оид кўп саволлар келиб тушмоқда. Уларни асосан валюта ва ўз эҳтиёжлари учун товарлар олиб кириш масалалари қизиқтирмоқда.

 

● Республикага кириш чоғида халқаро аэропортлар орқали қиймати 2 000 АҚШ долларигача, темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали 1 000 АҚШ долларигача, автойўл (йўловчи) ўтказиш пунктлари орқали 300 АҚШ долларигача бўлган товарларни бож тўламай олиб кириш мумкин. Бу ҳолда уларни божхона декларациясида кўрсатиш талаб этилмайди (6.02.2018 йилдаги ПҚ-3512-сон қарорнинг 1-банди «а» кичик банди);

● Бироқ айрим товарларни божсиз олиб киришга доир чекловлар белгиланган. Хусусан, алкоголь, шу жумладан пивони 2 л доирасида; ҳар хил турдаги тамаки маҳсулотларини 10 қутидан кўп бўлмаган миқдорда; одеколон ҳамда қимматбаҳо металлар ва тошлардан ясалган заргарлик буюмларини 65 граммдан ортиқ бўлмаган миқдорда олиб киришга рухсат берилган. Ушбу товарлар қиймати жисмоний шахслар томонидан олиб кириладиган, божхона божлари солинмайдиган товарларнинг чекланган нормаларига киритилади (Нормалар, ПҚ-3512-сон қарорга 1-илова);

● Ўзбекистонга гиёҳванд ва психотроп моддалар, прекурсорлар; портловчи ва пиротехника воситалари; давлат ва ижтимоий тузумни қўпоришга, ҳудудий яхлитликни бузишга, сиёсий мустақиллик ва давлат суверенитетига қарши қаратилган, урушни, террорчиликни, зўравонликни, миллий мутлақликни ва диний нафратни, ирқчилик ва унинг турлари (антисемитизм, фашизм)ни тарғиб қилувчи матбаа маҳсулотлари, қўлёзмалар, клишелар, расмлар, фотосуратлар, фотоплёнкалар, негативлар, кино-, видео– ва аудио маҳсулотлар, грампластинка ёзувлари, овоз материаллари, шунингдек, порнографик мазмундаги материалларни олиб кириш тақиқланади. Шунингдек этил спирти, портатив лазер нурли кўрсаткичлар, учувчисиз учиш аппаратлари, пул ютуғи билан боғлиқ ўйин автоматлари, фойдаланишда бўлган «М2», «М3» ва «N2» тоифасидаги автотранспорт воситалари, «Евро-3» экологик синфи талабларига мувофиқ келмайдиган янги автотранспорт воситаларини олиб кириш ман этилган. Бундан ташқари, «G» ва «F» синфидаги энергия самарадорлигига эга маиший электр асбоблари, шунингдек 40 Вт дан ортиқ қувватга эга чўғланма лампаларни олиб кириш мумкин эмас.

● Озон қатламини бузувчи моддалар ва таркибида улар бўлган маҳсулотлар; маданий бойликлар; ўқотар қурол-яроғ ва патронлар; ёввойи ўсимликлар, уларнинг қисмлари, мевалари ва ботаника коллекциялари; ёввойи ҳайвонлар, уларнинг қисмлари ва зоология коллекциялари, ҳаётий фаолиятига оид, ов предметлари, уларнинг тухумлари; экологик хавфли предметлар ва чиқиндиларни олиб кириш учун ваколатли органларнинг махсус рухсатномаси талаб этилади.

● Жисмоний шахслар чекланмаган миқдорда нақд хорижий валютани олиб киришга ҳақли. Бироқ сумма 2 000 АҚШ долларидан (эквивалентда) ошганда уни божхона декларациясида кўрсатиш зарур (Қоидалар, ВМнинг 30.01.2018 йилдаги 66-сон қарорига 1-илова).

● Жисмоний шахсларга ЭКИҲнинг 50 бараваридан ошмайдиган нақд миллий валютани олиб киришга ҳам рухсат берилган. Агар олиб кирилаётган миллий валюта суммаси энг кам иш ҳақининг 50 бараваридан ошса, уни ҳам божхона декларациясида кўрсатиш лозим (АВ томонидан 16.03.2004 йилда 1326-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом).

Божхона қоидалари ҳақида етарлича маълумотга эга бўлмаганлар божхона пости ходимларига тегишли тушунтириш беришни сўраб мурожаат қилишлари мумкин.

Божхона кодекси ва Президентнинг ПҚ-3512-сон қарорига мувофиқ Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасининг автойўл (йўловчи), темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни олиб ўтишнинг миқдор нормалари (ВМнинг 22.06.2018 йилдаги 463-сон қарори билан тасдиқланган) белгиланган.

Товарларни божхона тўловлари тўламасдан олиб ўтишнинг миқдор нормалари жисмоний шахс ЎзР Давлат чегарасининг ўтказиш пунктидан 6 календарь ой давомида фақат биринчи марта ўтишида қўлланилади. Чегара хизматлари органлари томонидан жисмоний шахснинг божхона органига тақдим этиладиган паспортига қўйиладиган белги ўтказиш пунктидан ўтишини аниқлаш учун асос ҳисобланади. Ҳар қандай товар белгиланган норма ва/ёки даврийликдан ортиқ олиб ўтилганда белгиланган тартибда божхона тўловлари ундирилади.

Божхона органи жисмоний шахслар божхона чегараси орқали товарларни қандай мақсадда олиб ўтаётганини аниқлаётганда уларнинг сонини ҳисобга олади. Товарларни олиб ўтаётган шахснинг ва унинг оила аъзоларининг эҳтиёжидан ортиқ миқдордаги бир турдаги товарларга, агар товарларни олиб ўтаётган шахс бунинг аксини исботламаса, тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун олиб кириладиган товарлар деб қаралади.

Жисмоний шахслар товарларни тадбиркорлик фаолияти учун олиб кирсалар, олиб кирилаётган товарларнинг бутун суммасига нисбатан қонунчиликда белгиланган божхона расмийлаштирувининг умумий қоидалари қўлланилади.

Олиб кирилаётган товарлар миқдори жисмоний шахс томонидан божхона тўловлари солинмайдиган ва тадбиркорлик фаолияти учун мўлжалланмаган товарларни республикага олиб киришнинг чекланган нормаларидан ошганда божхона тўловлари чекланган нормалардан ошган қисмидан тўланади.

 

ДБҚ ахборот хизматининг
хабари асосида.

Прочитано: 1035 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика