2025 йил Ўзбекистонда «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йили» деб эълон қилинди. Мамлакатнинг яшил ҳудудларини сақлаш ва тўлдириш борасида қандай устувор йўналишлар белгиланган?
– Президентнинг «Ўзбекистон–2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида»ги Фармони (30.01.2025 йилдаги ПФ-16-сон) бу йўналишдаги асосий устувор ёндашувларни белгилаб берди.
Улар орасида:
• маҳаллаларнинг экологик қиёфасини яхшилаш, кўчаларда яшиллик даражасини ошириш, экологик жиҳатдан қулай ва фаровон яшаш муҳитини шакллантириш;
• аҳолининг саломатлигини яхшилаш, экологик турмуш тарзини шакллантириш ва инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун шарт-шароитларни яратиш;
• табиий ресурсларни тежаш ва улардан оқилона фойдаланиш, экологик барқарорликни таъминлаш;
• ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш, кўпайтириш ва кейинги авлодга етказиш ҳамда биологик хилма-хилликни сақлаш;
• «яшил иқтисодиёт» тамойилларини кенг жорий қилиш, иқтисодиётни иқлим ўзгаришига мослаштиришга қаратилган лойиҳаларни барқарор молиялаштириш.
Шунингдек, қуйидагилар назарда тутилган:
• пиёдалар ва алоҳида велосипед йўлаклари бўйида дарахтлар ва ўсимликларни экиш орқали «Сояли сайр кўчалари» тармоғини яратиш;
• соҳил ва дарё бўйларида 80 та инфратузилма объекти ва аҳоли учун узунлиги 110 километрдан ортиқ соғломлаштириш йўлакларини қуриш;
• ёмғир ва оқова сувлардан самарали фойдаланиш, маҳаллалардаги дарахтларни замонавий сув тежовчи технологиялар орқали суғориш тизимини жорий этиш натижасида яшиллик даражасини ошириш;
• «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси ва «Менинг боғим» лойиҳаси доирасида 200 миллион туп дарахт ҳамда буталар экиш, «яшил боғлар» ва «яшил жамоат парклари»да қуёш панеллари ёрдамида қувватланувчи ёритгичлардан фойдаланиш;
• Орол денгизи тубида 100 минг гектар «яшил майдон» барпо этиш ва Оролбўйи минтақасидаги ўрмонзорлар майдонини 2,1 миллион гектарга етказиш.
Фармонга мувофиқ 2025 йилда аҳолининг саломатлигини яхшилаш, экологик турмуш тарзини шакллантириш учун шарт-шароитларни яратиш мақсадида «Бир миллион яшил оила» умуммиллий ҳаракати йўлга қўйилади. У «экофаол фуқаро» ҳаёт тарзини кенг тарғиб қилишга қаратилган.