Veolia Energy Tashkent компанияси ўзининг Телеграм каналида истеъмолчилар эътиборини кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти билан боғлиқ муаммоларнинг келиб чиқишига кўп ҳолларда сабаб бўладиган омилларга қаратди. Компаниянинг таъкидлашича, асосан иккита сабаб мавжуд. Улардан бири – қувурлардаги тиқилишларни ёки сув таъминоти билан боғлиқ бошқа муаммоларни бартараф этишда сувни чиқариб юбориш керак. Бундай ҳолларда катта ҳажмдаги иссиқ сув йўқотилади ва бу энергия ресурсларининг бекорга сарфланишига олиб келади. Сув чиқариб юборилган уйда муаммо ҳал этилишига қарамай, қўшни уйларга иссиқ сув ва иситиш тизими таъминоти сезиларли даражада камайиши ёки бутунлай тўхташи мумкин.
Иккинчи сабаб, деб кўрсатилади Veolia Телеграм каналида, – квартира ичидаги тизимларни ноқонуний ўзгартиришлар. Баъзи истеъмолчилар, масалан, иситиш секцияларини қўшади, ошхонани балконга кўчиради ёки иссиқ сув таъминоти тизими қувурларида ортиқча бурилишлар яратади. Бундай ўзгаришлар бир квартирада шароитларни яхшилаши мумкин, аммо шу билан бирга қўшни квартираларда иссиқ сув ва иситиш тизимининг сифатини ёмонлаштиради. Бунинг оқибатида ҳарорат пасаяди, сув оқими камаяди, бошқа ноқулайликлар пайдо бўлади.
Veolia Energy Tashkent аҳолидан бу масалаларга эътиборли бўлишларини ва бир квартира доирасидаги ҳаракатлар қўшниларга ноқулайликлар туғдириши мумкинлигини ёдда тутишларини сўрайди. Шунингдек, сув таъминоти ва иситиш тизимларидан фойдаланиш қоидаларига риоя қилиш зарурлигини эслатиб ўтади.
Бироқ кўплаб бошқарув органлари раҳбарларининг таъкидлашича, иссиқлик таъминоти билан боғлиқ муаммолар фақат сувларни чиқариб юбориш ва истеъмолчилар томонидан квартира ичидаги тизимларни ўзгартириш туфайли юзага келмайди. Кўпроқ бу иссиқлик ташувчи модда уйларга нормативлар билан белгиланган ҳарорат ва босим параметрларидан четга чиқиб кетиши туфайли содир бўлади.
Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматларини кўрсатиш қоидалари (15.07.2014 йилдаги 194-сон ВМҚга 1-илова) хизматлар сифатига талабларни белгилайди. Шу жумладан, тегишли сифатда бўлмаган ва (ёки) белгиланган давомийликдан ортиқ узилишлар билан иссиқлик таъминоти хизмати тақдим этилганда тўлов миқдорини ўзгартириш шартлари ва тартиби белгиланган. Аммо буни етказиб берувчига исботлаш ва истеъмолчилар учун қайта ҳисоб-китобга эришиш жуда қийин бўлади.