Кўп квартирали уйларнинг олди қисмида видеокамераларни ким ҳисобидан ўрнатиш керак? Бу борада ягона ҳуқуқий норма мавжуд эмас. Бундан манфаатдор тузилмалар, одатда, жавобгарликни бошқарув органлари зиммасига юклаб, уларга сотиб олиш, ўрнатиш, созлаш, хизмат кўрсатиш бўйича барча харажатларни тиқиштиришади. Аҳоли орасида бу масалада бирлик йўқ. Бир қисми «рози» бўлиши мумкин, бошқаси эса – «қарши». «Камералар ККУдаги жойлар мулкдорларининг умумий мулки эмас. Бу қўшимча хизмат. Ундай бўлса, нима учун видеокузатувга қарши бўлганлар ҳам тўлашлари керак?» – деб сўрашади улар.
Видеокузатув, шубҳасиз, яхши иш. Камералар фуқароларнинг яшаш хавфсизлигини ошириш, уйдаги умумий мол-мулк, болалар ва спорт майдончалари, ўриндиқлар, автотўхташ жойлари, айвонлар, уй-жой массивларидаги яшил ҳудудлар ва бошқаларни сақлаб қолиш учун керак. Аммо хавфсизлик масалалари, моҳиятан, ички ишлар органларининг вазифаси. Бошқарув органлари раҳбарлари ва аҳолининг эътирозида жон бор: бу соҳага нега энди айнан улар маблағ сарфлаши керак? Ахир пойтахтда яшаш хавфсизлигини сақлаш бўйича давлат маблағлари ажратиладиган тадбирлар ва дастурлар амалга оширилмоқда-ку.
Видеокузатувни ташкил қилиш анча қимматга тушадиган жараён. Саводхон бошқарувчилар аҳоли билан бирга одатда танлов олдида туришади: агар уйда харажат талаб қиладиган бошқа муҳимроқ муаммолар бўлса, камераларни ўрнатиш шартми ёки йўқми? Масалан, томни, коммуникацияларни ва бошқаларни таъмирлаш ишлари муҳимроқ бўлиши мумкин.
ИИВ ходимлари эса бошқарувчиларга танлаш ҳуқуқини қолдирмайдилар: «Ўрнатиш керак, вассалом!»
Бу масалани қонунчилик нормалари мажмуасидан келиб чиқиб тартибга соладиган бўлсак, у умумий йиғилишда мулкдорларнинг кўпчилик овози билан ҳал қилиниши керак. Улар видеокузатув камераларини уйдаги умумий мол-мулк таркибига киритиш тўғрисида қарор қабул қилишлари мумкин. Аммо амалда бундай бўлмайди, чунки бошқарув органига туман ИИБ ходимлари, ҳокимиятлар босим ўтказа бошлайди, бунга секторлар штаблари ҳам қўшилади. Қаршилик кўрсатиш – ўзимиз учун қимматга тушади, дейишади айрим уй-жой соҳаси ходимлари.
Вазиятни аниқлаштиришга жамоат фаоли ва блогер Максим Черников муваффақ бўлди. У Ўзбекистон Республикаси ИИВга йўллаган мурожаатида шундай деган: «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги Қонунга (16.09.2016 йилдаги ЎРҚ-407-сон) кўра, жамоат тартибини сақлаш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ИИВ фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади.
Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонининг (29.11.2021 йилдаги ПФ-27-сон) 1-иловасига мувофиқ жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг шакллари ва усулларига аҳоли пунктларини тунги вақтда ёритиш ва видеокузатув билан максимал таъминлаш киради. Аҳоли пунктларида, шу жумладан кўп квартирали уйларнинг ҳовлиларидаги видеокузатув воситаларини сотиб олиш, монтаж қилиш, созлаш ва жорий хизмат кўрсатиш қайси маблағлар ҳисобидан амалга оширилади?»
ИИВнинг жавобида қуйидагилар кўрсатилган: «Ўзбекистон Республикаси Президентининг 3.01.2025 йилдаги 1-сон қарорига кўра, унда маҳаллаларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизимини ташкил этиш бўйича «Йўл харитаси»ни яратиш тўғрисида кўрсатилган, видеокамераларни сотиб олиш, монтаж қилиш ва созлаш ҳокимият маблағлари ҳисобидан бажарилади».