Пойтахтда ёпиқ схемага ўтиш билан иссиқлик таъминоти тизимини модернизация қилиш давом этмоқда. Сўнгги икки йил ичида Veolia Energy Tashkent компанияси Сергели ва Бектемир туманларида пилот лойиҳани амалга оширди.
Иккита янги қозонхона қурилди, замонавий ППУ-изоляцияли 13 километр қувур ётқизилди ва 144 та индивидуал иссиқлик пункти ўрнатилди.
2025 йилда компания Мирзо Улуғбек туманида ишларни бошлайди, у ерда қуввати 100 МВт бўлган қозонхона қурилади, 20 километр тармоқ ётқизилади ва 250 та индивидуал иссиқлик пункти ўрнатилади.
Veolia Energy Tashkent хабарига кўра, ёпиқ схемага ўтиш билан истеъмолчилар бир қатор афзалликларга эга бўладилар. Улар орасида:
• энергия ресурсларини тежаш;
• ички тизимларнинг коррозиясини камайтириш;
• иссиқ сув сифатини яхшилаш.