Norma.uz

«Умумий қозон»дан маблағ қайтарилганда…

 

Бир неча кўп квартирали уйларни бирлаштирган ширкатларда кўп ҳолларда умумий мол-мулкни сақлашга бадаллар қайта тақсимланиб туради. Яъни «умумий қозон» деган тамойил қўлланилади. Бундай ёндашув УМШ аъзолари томонидан доим ҳам қўллаб-қувватланавермайди. Одамлар ўзларининг бадаллари уй ҳисобида қолиб, фақат ўзларининг кўп қаватли уйлари эҳтиёжи учун сарфланишини исташади. Нима бўлганда ҳам қўшнининг уйи уларни қизиқтирмайди. Кўп квартирали уйлардаги муаммолар асосан ҳақ-бадаллар тўланмаслиги оқибатида келиб чиқади. Режалаштирилган ишларга маблағ етмаяптими, демак уйда бадални тўламаганлар бор. Бундан чиқди, бу каби «умумий қозон»да УМШнинг виждонли аъзолари уйлардаги муайян ишларнинг ҳақини «қарзга ботган» қўшнилари учун тўлаб келишаётган бўлади-да. Мулкдорларнинг қайта тақсимланган бадаллари яна қайтиб ўзларига қайтиб келадими-йўқми, бу катта масала.

 

Бадалларни мунтазам тўлаб келадиган яшовчилар маблағларнинг бу тарзда тақсимланишини адолатсизлик деб ҳисоблашади, ваҳоланки, аксарият ширкатлар ёки бошқарув ташкилотларининг раҳбарларини бундай тақсимот қониқтиради. Бу улар учун ҳақлар тўланмаслигини ёпиш ҳамда авариявий вазиятларда турлича «ўйинлар» кўрсатиш учун айни қўл келадиган дастакдир. Аслида бундай ёндашув мунозарали ҳисобланади, чунки УМШ ёки БТдаги дебиторлик қарзларининг ошиб кетишига кўпинча шундай ёндашув сабаб бўлади. Бир кун эмас бир кун виждонли тўловчилар қўшнилари уларнинг ҳисобидан яшаб келаётганларини тушуниб етишади ва бора-бора, ўзлари ҳам бадаллар ёки тўловларни вақтида тўламасликка ўтишади.

«Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонунда жойлар мулкдорларининг йиғилиши жойлар мулкдорларининг маблағларини ширкатдаги бошқа уйнинг эҳтиёжлари учун ишлатиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкинлиги назарда тутилган (43-м.). Бу сингари ўзаро ёрдам кўрсатиш тизими УМШда ҳам, БТда ҳам қўлланилиши мумкин, лекин шарти шуки, маблағлар ҳисоби ҳар бир уй бўйича алоҳида юритилади. Қонун қабул қилингунга қадар бундай ёндашувни пойтахтдаги айрим ширкат ва бошқарувчи ташкилотлар қўллаб кўришган.

Бир қарашда, бу ҳам «умумий қозон»дек гап, лекин бунда мулкдорлар розилиги олинади, ишлатилган маблағлар уйнинг ўзига қайтариб берилиши кафолатланади. Масалан, бир кўп қаватли уйдаги УМШда тўлов интизоми юқори кўрсаткичда дейлик, бу ерда деярли барча харажатли ишлар бажариб бўлинган, фақат жорий хизмат кўрсатиш амалга ошириляпти ва ҳисобрақамда бироз жамғарма ҳам бор. Бошқа уйда эса бадаллар тушуми сметадагидан паст кўрсаткичда. Пировардида – мазкур уйда режалаштириб қўйилган таъмирлаш ишлари тўхтаб қолиш остонасида турибди. Банкдан кредит олишнинг маъноси йўқ – сумма катта эмас. Қолаверса, кейин фоизларни ҳам тўлаш керак. Шунинг учун бу уй бошқа уйдан таъмирлаш ишларини тугатиб олиш учун муайян муддатга қарзи ҳавола сўраб туриши мумкин. Масала умумий йиғилишда муҳокама қилинади. Агар у ижобий ҳал этилса, маблағларни қарзга бериш тўғрисида битим ёки шартнома тузилади. Қарз берган уй мулкдорларининг ҳам кўнгиллари тўқ – уларнинг маблағлари қайтиб келади.

Бу ўринда муносабатларнинг тарафларини аниқ-пухта белгилаб олиш муҳим ҳисобланади. Қарз берувчи томон бўлиб ёрдам кўрсатган уйнинг мулкдорлари ҳисобланишади, қарз олувчи эса – ёрдамга муҳтож бўлган уйнинг мулкдорлари. Бошқарув органлари – маблағларни қарзга олиш ташаббуси билан чиққан УМШ ёки БТ мажбуриятларнинг бажарилиши учун кафил сифатида иштирок этишади.

Таъмирлаш ишларини бажариш учун маблағларни қарзга олиш тўғрисидаги битимда акс эттирилиши керак бўлган асосий жиҳатлар қуйидагилардир:

● битим «______________» УМШга қарашли ____, _____-сонли уйларнинг жойлар мулкдорлари умумий йиғилишининг қарори асосида тузилган (ҳар иккала уйнинг барча мулкдорлари ва кафил – бошқарув органининг имзоси қўйилган ҳолда умумий йиғилишнинг баённомаси илова қилинади);

● битимнинг тарафлари (қарз олувчи – _____-сонли уй, қарзга берувчи – _____-сонли уй, кафил – «_______________» УМШ ёки БТ);

● қарзни қайтариш шартлари (қарзнинг миқдори, уни қайтариш муддати ва жадвали, қарздор-уй томонидан мажбуриятлар бажарилмай қолганда бошқарувчи органнинг кафиллиги).

Бу тизимнинг айрим хатарлари ҳам бор. Масалан, қарздор-уй пулларни қарз берувчи-уйга белгиланган муддатларда қайтара олмаяпти. Ана шунда бошқарувчи орган кафил сифатида қўшниларга ёрдам қўлини чўзган уй мулкдорларига қарз маблағи суммасида бирор-бир ишни бажариб бериш ёхуд мажбурий бадалларни қайта ҳисоб-китоб қилиш таклифи билан чиқиши мумкин.

Прочитано: 427 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика