Вазирлар Маҳкамасининг 29.03.2021 йилдаги 166-сон қарори билан 2021–2025 йилларда давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича мақсадли кўрсаткичлар тасдиқланди (ҳужжат матни «СБХ»нинг ҳужжатлар пакетида берилмоқда).
Стратегия қуйидаги асосий йўналишларни ўз ичига олади:
● давлат мулкини бошқариш ва хусусийлаштириш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини оптималлаштириш, тизимлаштириш ва бирхиллаштириш орқали тўғридан-тўғри амал қиладиган қонунларга жамлашни назарда тутувчи қонунчилик ҳужжатларини янада такомиллаштириш;
● устав капиталида давлат улуши 50% ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ва давлат унитар корхоналарининг етарли даражада асослантирмасдан ташкил этилишига, шунингдек тегишли тармоқ ва соҳалардаги бошқа корхоналарга нисбатан эксклюзив имтиёз ва афзалликларга эга бўлишига йўл қўймаслик;
● хусусий сектор муваффақиятли фаолият кўрсатаётган ва рақобат ривожланган соҳаларда давлат иштирокини чеклаш, «сот ёки тушунтир» тамойилини амалиётга кенг жорий этиш;
● давлат иштирокидаги корхоналарнинг бозор шароитларига тўлиқ ўтишини таъминлаш, уларнинг фаолиятига корпоратив бошқарувнинг замонавий услубларини тўлақонли татбиқ этиш;
● ижро этувчи орган фаолиятини самарадорликнинг муҳим кўрсаткичлари асосида, кузатув кенгаши фаолиятини эса корпоратив бошқарув тамойилларининг жорий этилиши даражасига қараб баҳолашга ўтиш;
● давлат иштирокидаги корхоналар фаолияти тўғрисидаги ахборотларни ошкор этиш, корхоналарни бошқаришда шаффофлик ва маълумотларнинг ошкор этилишини таъминлаш.
Биринчи навбатда, белгиланган стратегия нормалари Президентнинг 27.10.2020 йилдаги «Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-6096-сон Фармонига 1 ва 2-иловаларга киритилган йирик компанияларга нисбатан қўлланилади.
Стратегиянинг мақсадли кўрсаткичлари доирасида:
● давлат иштирокидаги корхоналар сони 75 фоизга қисқартирилади;
● давлат иштирокидаги камида 20 та корхона акциялари бирламчи ва иккиламчи оммавий таклиф этилади;
● давлат иштирокидаги корхоналар кузатув кенгаши таркибидаги мустақил аъзолар сони 2025 йилга қадар 30 фоизгача етказилади.
2021 йил 1 июлдан бошлаб:
● давлат иштирокидаги корхоналарда кузатув кенгаши, ички аудит хизмати, кузатув кенгаши таркибида аудит қўмитаси ташкил этилади;
● давлат иштирокидаги корхоналар ижро этувчи органининг ҳисоботи ҳар чоракда камида бир марта кузатув кенгашининг мажлисларида, шу жумладан видеоконференцалоқа тизими орқали ва электрон овоз (e-VOTE) бериш йўли билан ўтказиладиган мажлисларда эшитилади;
● акциялари фонд биржасининг биржа котировкаси варағига (листингга) киритилган ва давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларида «мувофиқлик тизими» (комплаенс) хизмати ташкил этилади.
2022 йил 1 январдан:
● стратегик соҳаларга оид айрим акциядорлик жамиятларини бошқаришда давлат иштирокининг махсус ҳуқуқи бекор қилинади;
● ижро этувчи орган ва кузатув кенгаши аъзолари ваколатлари бир йилдан уч йилгача узайтирилади;
● давлат улуши бўйича давлат иштирокидаги корхоналар кузатув кенгаши аъзолигига номзодларни танлов асосида аниқлаш амалиёти босқичма-босқич жорий этилади.
Стратегияга мувофиқ давлат иштирокидаги корхоналар раҳбарлиги ва ижро этувчи орган аъзолигига номзодларни Вазирлар Маҳкамаси билан келишиш, шунингдек давлат хизматчиларнинг бир вақтнинг ўзида давлат иштирокидаги корхоналар ижро этувчи органи раҳбари (аъзоси) лавозимларини эгаллаши амалиёти бекор қилинади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 29.03.2021 йилдан кучга кирди.