Хато кўрсаткичлар, қарздорликлар, шу жумладан асосланмаган қарздорликлар туфайли ўчириб қўйилган замонавий газ ҳисоблагичини блокировкадан чиқариш учун истеъмолчилар тахминан 30 га яқин ҳаракатни амалга ошириши керак. Бу ҳазил иш эмас. Ҳисобга олиш ускуналарининг ишлаб чиқарувчиси бўлган «Texnopark» ўзининг texnopark.uz сайтида ҳисоблагичнинг клапанини очиш учун пароль қандай киритилиши тўғрисидаги видеойўриқномани жойлаштирган.
Унинг матнини келтирамиз:
Махсус кодни киритишдан аввал, уйингизда жойлашган барча газ қурилмаларининг ўчиқлигига ва асосий газ қувури крани ёпиқлигига ишонч ҳосил қилинг. Акс ҳолда бу ўз навбатида ҳисоблагичнинг блокировкага тушиб қолишига олиб келади, чунки ҳисоблагич истеъмолчилар хавфсизлиги учун 6 дақиқа мобайнида автоматик тарзда сизиб чиқишга текширув ўтказади.
1. ENTER тугмасини босиб, ҳисоблагич дисплейини ёқинг.
2. Дисплейда айни пайтгача ҳисобланган газ ҳажмининг ҳисоб ҳолати акс этади.
3. ЮҚОРИГА ёки ПАСТГА тугмаларини босиш орқали VAL 20 С менюсига ўтинг.
4. ENTER тугмасини босиб, VAL 20 C менюсига киринг.
5. ПАСТГА тугмасини бир неча бор босиб, UP PSSD менюсини топинг.
6. ENTER тугмасини босиб, UP PSSD менюсига киринг.
7. Махсус кодни киритинг. Махсус код истеъмолчи қарздорлик ҳолатидан чиққандан сўнг, яъни ҳисобрақамига тўлов амалга оширилгандан сўнг SMS хабарнома орқали маълум қилинади.
8. SMS хабарномада кўрсатилган махсус кодни ТЕПА ёки ПАСТ тугмалар ёрдамида танланади.
9. Ҳар бир рақамни танлагандан сўнг ENTER тугмасини босиб, кейинги рақамга ўтилади.
10. Махсус кодни киритгандан сўнг ENTER тугмасини босинг.
11. ENTER тугмаси босилгандан сўнг PUD OK менюси очилади. Бу ўз навбатида махсус код тўғри киритилган ва тасдиқланганини билдиради.
12. Махсус код тасдиқлангандан сўнг ENTER тугмасини босиб, VAL 40 R менюсига ўтинг.
13. ENTER тугмасини босинг.
14. ПАСТГА тугмасини бир неча бор босиб, UP OPEN менюсини топинг.
15. ENTER тугмасини босинг.
16. 7 сониядан сўнг клапан очиқ ҳолатга ўтади.
Махсус код нотўғри киритилган тақдирда қандай йўл тутилади?
1. Бизнинг ҳолатимиз махсус код – 1234. ENTER тугмасини босиб, UP PSSD менюсига киринг.
2. Масалан, биринчи бўлиб 1 рақамини киритамиз, ENTER тугмаси босилади, иккинчи бўлиб 2 рақами ўрнига 1 рақамини киритамиз.
3. Сўнг яна икки маротаба ENTER тугмаси босилгач, PUD ERR менюси очилади.
4. Яна бир бор ENTER тугмасини босиш орқали VAL 20 С менюсига киринг.
5. ENTER тугмасини босинг.
6. ПАСТГА тугмасини бир неча бор босиш орқали UP PSSD менюсига ўтамиз.
7. ENTER тугмасини босиб, UP PSSD менюсига киринг ва махсус кодни қайтадан киритинг.
8. ENTER тугмасини босинг.
Диққат! Клапан очиқ ҳолатга ўтгандан сўнг ҳисоблагич 6 дақиқа мобайнида сизиб чиқишга текширув ўтказади. Ушбу вақт давомида табиий газни истеъмол қилиш клапаннинг қайта ёпилиб қолишига олиб келади.
Сохта қарздорликми ёки ҳақиқатдаги қарздорликми – ҳисоблагич учун фарқи йўқ
Йўриқнома ижтимоий тармоқларни «ёриб юборди»: блокировкадан чиқариш тизими ўта ноқулай, мураккаб, машаққатли ишдан иборат деган фикрлар билдирилди. Ҳар қанча истак бўлса-да, уни ўзлаштириш, тушуниб олиш ва шунчаки қадамма-қадам йўриқномага эргашиш ҳатто техникани чуқур тушунадиганлар учун ҳам душвор иш. Кексаларни эса айтмаса ҳам бўлаверади! Фуқаролар бу ўринда блокировкадан чиқариш бўйича курсларни ташкил этиш керак деган фикрларни билдиришган.
Газ ҳисобини юритиш замонавий ускуналарини унинг ишлаб чиқарувчиси «ақлли» ва инновацион деб баҳолайди. Истеъмолчи эса ҳайрону лол: «Бунинг нимаси инновация бўлди? Ҳисоблагич эмас, нақ космик кеманинг ўзи. Эҳтимол, блокдан чиқаришни ўргангунча самолётда учиш осонроққа ўхшайди» деган мулоҳазалар билдирилган.
Қарздорлик тўлангандан кейин абонентнинг телефонига ҳисоблагичнинг менюсига киритилиши керак бўлган код билан SMS келиб тушади. Истеъмолчи баъзида қийналиб қолиши мумкин. Лекин газчилар куну тун ишлашмайди, улар билан доим ҳам тезкор боғланишнинг имкони йўқ. Сервис марказида чақирувингиз кутиш режимида туриши мумкин, агар алоқа узилиб қолса борми, урди худо деяверинг. Шунча сарфлаган вақтингиз ҳавога учади. Ёки пенсионернинг мобил телефони йўқ дейлик ёхуд у Интернетга уланмаган, кодни қаерга ва қандай қилиб киритишни билмади, дейлик. Шу тариқа у қарздорликни тўлаган бўлса-да ёки ҳақиқатда қарздорликка эга бўлмаган ҳолда бир кун, ҳатто ундан кўп вақтга газдан узилиб қўйилиши мумкин экан-да?
Газ таъминоти ташкилотига истеъмолчилардан янги ҳисоблагичларнинг хато кўрсаткичларидан шикоят қилинган мурожаатлар оқими тўхтаётгани йўқ. Натижада – ҳақиқатда мавжуд бўлмаган қарздорлик юзага келмоқда. Олдиндан тўлови бор бўлган истеъмолчи буни сезмайди ҳам. Сохта қарздорликми ёки ҳақиқатдаги қарздорликми – ҳисоблагич учун бунинг фарқи йўқ. Тизим газ етказиб берилишини автоматик тарзда блокировкалайди. Демак, яна қайта уни ишга тушириш керак, 30 марталаб турли хил тугмаларни босиш керак – бу бош оғриғини абонент ўз оғримаган бошига «сотиб олди».
Қўнғироғингиз кутиш режимида
Қайд этиш керакки, истеъмолчиларга калаванинг учини топишда ёрдам беришмоқда. Texnoparkнинг сервис маркази куни тун ишлайдиган режимга ўтиб олган, истеъмолчиларга қадамма-қадам маслаҳатларини бериб турибди. «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг ходимлари муаммони ўрганишмоқда, нореал қарздорликни ечишмоқда, кодни киритишда кўмак беришмоқда. Салбий муносабатлар оқими орасида ижтимоий тармоқларда улар номига илиқ сўзлар айтилган ҳолатлар ҳам учраб туради.
«Ҳақини вақтида тўланг, шунда муаммолар бўлмайди», – дейишади етказиб берувчилар. Бу-ку, тўғри, лекин газ истеъмоли реал ҳисобланса, ҳисоблагич соат милларидек пухта ишласа шундай. Қани энди, тугмани 30 маротаба эмас, 1-2 бор босишлик билан ускуна ишлаб кетса нур устига нур бўлади. Ҳозирда эса – истеъмолчиларга ҳисоблагичлардан фойдаланиш (блокировкадан чиқариш) ишлари мураккаблашгандан мураккаблашиб кетган. Бошқа ишлаб чиқарувчиларнинг ҳисоблаш ускуналарини танлашда чекловлар қўйилганлиги хусусида эса биз гапирмай қўя қоламиз. Шундай экан, чуқурроқ нафас олинг! Алоқада қолинг! Сизнинг қўнғироғингиз кутиш режимида! «Оsten» «космик кемаси» орбитага чиққан.
Кодни киритишда қийинчиликлар юзага келган тақдирда қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилинг:
«Ҳудудгазтаъминот» АЖ – 11-04, (71) 200-08-04, (71) 202-11-04;
«Texnopark» МЧЖ сервис маркази – (71) 210-70-70.