Бўлғуси пенсионерлар тоифасига расман ҳеч қаерда ишламайдиган, бироқ меҳнатлари маҳсули билан ҳар кун тўқнаш келинадиган шахслар ҳам киради. Булар чорвачилик билан шуғулланадиган, мева, сабзавотлар етиштирадиган, бир сўз билан айтганда, қишлоқ хўжалигида банд бўлган шахслардир.
Деҳқонларнинг пенсия таъминоти юзасидан саволларга «Norma» МЧЖ эксперти Зафаржон Хўжаев жавоб беради.
Ўз томорқаларида чорвачилик ёки қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан шуғулланадиган шахслар пенсия олиш учун қандай шартларга амал қилишлари лозим?
– Барча фуқаролар учун пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлиш шартлари бир хил, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 37-моддаси 1-қисми «а»-«г» бандларида кўрсатиб ўтилган умумий иш стажи камида 7 йил бўлиши лозим.
Улар солиқ органларида ёки Пенсия жамғармаси бўлимларида ҳисобга туришлари лозимми?
– Солиқ органларида ёки Пенсия жамғармасида алоҳида ҳисобга туриш шарт эмас. Сиз Пенсия жамғармасига дастлабки тўловларни (ижтимоий солиқ) киритганингизда автоматик тарзда ҳисобга турасиз. Иш стажи эса Пенсия жамғармасига ҳақиқатда тўланган тўловлар (ижтимоий солиқ) бўйича электрон шаклда ҳисобга олинади. Чорвачилик ёки қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан шуғулланадиган ходимлар барча солиқ тўловчилар сингари СТИРга эга бўлишлари лозим.
Уларга меҳнат стажи қандай ҳисобланади?
– 1 БҲМ тўланган тақдирда бир йил учун стаж ҳисобланади (янги таҳрирдаги СК 408-м.; 2007 йилги таҳрирдаги СК 311-м.; 252-сон Низомнинг 46-б.).
Кексайганда пенсия олиш учун улар қандай солиқларни, қанча миқдорда ва қайси даврлар мобайнида тўлаши лозим?
– Томорқаларида чорвачилик ёки қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан банд бўлган шахслар кейинчалик бутун йил иш стажига қўшилиши учун тегишли йил учун (илгари – 1 октябрга қадар, ҳозир – 1 декабрга қадар) БҲМнинг 1 бараварини тўлайдилар (янги таҳрирдаги СК 408-м.; 2007 йилги таҳрирдаги СК 311-м.).
Бунда ходим келгусида йиллик тўловлар миқдорини ошириши, ва тегишли равишда пенсия миқдорини ошириши мумкинлигини ҳисобга олиш лозим.
МИСОЛ. 2021 йил учун 245 000 сўм тўланган. Бу йил тўлиқ иш стажига қўшилади. Тегишли равишда, 2021 йил учун даромад миқдори 2 041 666,67 сўмни (245 000 / 12 х 100, бунда 12% – микрофирмалар ва кичик корхоналар, шунингдек фермер хўжаликлари учун ижтимоий солиқ ставкаси), ўртача ойлик иш ҳақи – 170 138,89 сўмни (2 041 666,67 / 12) ташкил этади.
Шахс тўланадиган ижтимоий солиқ миқдорини ошириш йўли орқали пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинадиган иш ҳақи миқдорини ошириши мумкин.
2021 йил учун 2 450 000 сўм ижтимоий солиқ тўланганда, 2021 йил учун даромад миқдори 20 416 666,67 сўмни (2 450 000 / 12 х 100, бунда 12% – микрофирмалар ва кичик корхоналар, шунингдек фермер хўжаликлари учун ижтимоий солиқ ставкаси), ўртача ойлик иш ҳақи эса – 1 701 388,89 сўмни (20 416 666,67 / 12) ташкил этади.
Маълумот учун. Қонуннинг 31-моддасига мувофиқ ПҲБМнинг 10 бараваридан ошмайдиган ўртача ойлик иш ҳақи суммаси ёки 2 450 000 сўм пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун қабул қилинади.
Маълумот учун!
МАХСУС ИШ СТАЖИ – ИМТИЁЗЛИ пенсия таъминоти олиш ҲУҚУҚИНИ берадиган меҳнат фаолияти давомийлиги.