Ўзбекистонда ўқитувчилар неча ёшдан пенсияга чиқиши мумкин?
– Ўқитувчиларнинг пенсияга чиқиш умумий ёши бошқа ходим ва хизматчиларникидан фарқ қилмайди: эркаклар 60 ёшга, аёллар эса – 55 ёшга тўлганда пенсияга чиқадилар. Ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқини берадиган энг кам иш стажи 7 йилни ташкил қилади. Қонуннинг 37-моддаси 1-қисмининг «а», «б», «в» ва «г» бандларида назарда тутилган ишлар стажга қўшилади (Қонуннинг 7, 8-м.).
Бунда камида 20 йиллик иш стажи бўлган аёллар 54 ёшга тўлганда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар (Қонуннинг 12-1-м.).
Бироқ ногирон болалар учун ихтисослашган таълим муассасалари, «Меҳрибонлик» уйлари, ҳарбий академик лицейлар, тарбия колониялари ўқитувчилари махсус иш стажи камида 25 йил бўлган тақдирда, охирги иш жойидан қатъи назар, Қонуннинг 7-моддасида белгиланган ёшни 5 йилга қисқартирилган ҳолда (яъни эркаклар 55 ёшга, аёллар 50 ёшга тўлганда) пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар (Қонуннинг 12-м. «к» б.; ВМнинг 12.05.1994 йилдаги 250-сон қарори билан тасдиқланган 3-сон Рўйхатнинг VII қисми).