Ишловчи пенсионер аёл билан меҳнат шартномасини қандай тўғри ва қонуний тўхтатиш мумкин?
– Бизда гендер тенглиги мавжуд ва барча ходимлар жинсидан қатъи назар, тенг ҳуқуққа эгадирлар. МКнинг 100-моддаси 2-қисми 7-бандига биноан меҳнат шартномасини бекор қилишга келадиган бўлсак, яъни ходим пенсия ёшига тўлганда ва ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлганда, бу борада низолар юзага келиши мумкин, сабаби аёллар 55 ёшга, эркаклар эса 60 ёшга тўлганда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар.
Президентнинг «Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори (7.03.2019 йилдаги ПҚ-4235-сон) билан белгиланишича, 2019 йил 1 майдан бошлаб:
● аёллар меҳнатини муайян соҳа ёки касбларда қўллаш бўйича тақиқлар бекор қилинади;
● тавсиявий характердаги аёллар соғлиғига салбий таъсир этиши мумкин бўлган соҳа ёки касблар рўйхати тасдиқланади;
● бола парваришлаш таътилининг камида уч ойи ота томонидан фойдаланилган тақдирда, ота ёки онадан бирига МКнинг 234-моддаси тартибида қўшимча бир ой нафақа тўланадиган бола парваришлаш таътили берилади;
● 2 ёшга тўлмаган фарзандини тарбияловчи ота-оналарнинг бирига уларнинг иш пайтидаги дам олиш ва овқатланиш, болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар ҳисобидан иш берувчи билан келишган ҳолда кун давомида фойдаланиладиган танаффус вақтини белгилаш ҳуқуқи берилади;
● аёлларнинг пенсия ёшига тўлганлиги ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи вужудга келганлиги сабабли улар билан тузилган номуайян муддатли меҳнат шартномасини 60 ёшга тўлгунга қадар ёки муддатли меҳнат шартномасини муддати тугагунга қадар иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш тақиқланади;
● эркак ва аёллар ҳуқуқлари тенглигининг бузилиши билан боғлиқ ишларнинг судларда кўриб чиқилишида аёлларга адвокатлар томонидан кўрсатиладиган юридик хизмат учун ҳақ уларнинг хоҳишига кўра давлат ҳисобидан қопланади.
Афсуски, МКнинг 100-моддаси 7-бандига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкин бўлган ёшни аниқлаштирувчи ўзгартиришлар Меҳнат кодексига киритилмаган. Шу боисдан кўпчилик иш берувчилар ишдан бўшатишда буни ҳисобга олмайдилар, улар Меҳнат кодексини устун аҳамиятга эга деб биладилар.
Бироқ судда бундай ҳолатларни кўриб чиқишда, албатта суд ишловчи пенсионер аёлларнинг манфаатларини ёқлайди.
Шу боис МКнинг 100-моддаси 7-бандига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги масалани ходиманинг фойдасига ҳал этишни, яъни аёл 60 ёшга тўлгунига қадар ушбу моддани қўлламасликни тавсия этамиз.
Қўшимча қилиб шуни таъкидламоқчиманки, кўрсатилган асос бўйича ишлайдиган ходимлар билан шартномани бекор қилиш иш берувчи учун мажбурий ҳисобланмайди ҳамда айрим ҳолатларда қўлланилади.
Валерия Ляндрес,
кадрлар хизмати ходими.
Маълумот учун!
2021 йил 1 февралдан:
1) бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ва стипендиялар миқдори 1,1 бараварга оширилди;
2) қуйидаги янги миқдорлар белгиланди:
● МҲЭКМ – 747 300 сўм;
● БҲМ – 245 000 сўм;
● 14 ёшгача боласи бўлган оилаларга нафақалар қуйидаги миқдорларда берилади:
● 1 та болага – 144 100 сўм;
● 2 та болага – 238 700 сўм;
● 3 та болага – 334 400 сўм.
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида болани 2 ёшга тўлгунга қадар парваришлаш нафақа, кам таъминланган оилаларга бериладиган моддий ёрдам, шунингдек эҳтиёжманд оилаларга бир марталик моддий ёрдам миқдорлари ўзгартирилмаган.