Корхона онлайн-НКМдан фойдалана бошлади.
У онлайн-НКМдан фойдаланишда кирим ва чиқим касса ордерларини, касса дафтарини расмийлаштириши лозимми?
– Онлайн-НКМ тушум онлайн-режимда келиб тушишини акс эттиради. Тадбиркорлик субъектлари онлайн-НКМ ёки виртуал кассадан фойдаланишга ўтган тақдирда:
● уларга нисбатан амалдаги фискал хотирага эга бўлган НКМни ишлатиш;
● кассир-операциячи томонидан назорат-касса дафтарини юритиш;
● иш куни охирида ҳар бир НКМ бўйича кунлик ҳисоботни (z-ҳисоботларни) чиқариб олиш мажбуриятлари бекор қилинади (6.09.2019 йилдаги ПФ-5813-сон Фармоннинг 3-б. «а» кичик банди).
Ушбу хатти-ҳаракатларга зарурат бўлмайди.
Бироқ корхоналарда иш куни охирида кассир-операциячидан нақд пулларни кирим қилиш, инкассаторларга нақд пулни топшириш, банкдан нақд пул олиш, корхона ходимларига ишга ҳақи бериш ва бошқалар бўйича касса операциялари юритилади. Бунда корхона кирим ва чиқим касса ордерларини расмийлаштиришда, шунингдек касса дафтарини юритишда давом этади. Бухгалтерия ҳисоби махсус дастурлардан (1С, 1UZ) фойдаланган ҳолда юритиладиган бўлса, ушбу ҳужжатлар қоғозга чиқарилиши, белгиланган тартибда имзоланиши, йиғмажилдга тикиб қўйилиши керак.
Азизахон ТОШХЎЖАЕВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.