Корхона 2020 йил октябрь ойида умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтган. Жисмоний шахслардан иккита кўчмас мулк биносини ижарага олганмиз. Ижара қийматига бино учун ижара ҳақи ва барча коммунал хизматлар киритилган. Коммунал хизматлар алоҳида қопланмайди. Тўлов жисмоний шахсларнинг пластик карточкаларига ўтказилади. Пандемия даврида ЖШДС бўйича имтиёзни қўлладик.
Ижарага оид харажатлар фойда солиғи бўйича солиқ базасини ҳисоблашда чегириб ташланиши лозимми ёки коммунал хизматлар учун тўлов ижарага берувчи жисмоний шахснинг моддий наф тарзидаги даромади ҳисобланадими ва у чегирилмайдими?
– Ижара тўловига солиқ солиш ва жисмоний шахсга коммунал хизматлар ҳақини тўлаш шартнома шартларига қараб амалга оширилади.
Қонун ҳужжатларида солиқ солиш мақсадларида 2021 йил учун мол-мулкни ижарага берадиган жисмоний шахслар учун энг кам ижара тўлови ставкалари (25.12.2020 йилдаги ЎРҚ-657-сон Қонунга 8-илова) белгиланган. Энг юқори миқдор белгиланмаган. Ижара тўловини ижарага берувчи жисмоний шахснинг кўчмас мулкка оид барча харажатларини ҳисобга олган ҳолда ҳисоблаш ҳамда шартномада таркибий қисмларни батафсил келтирмаган ҳолда муайян суммани белгилаш мумкин. Мазкур ҳолатда бинонинг ижара ҳақи, агар мазкур харажат даромад олиш билан боғлиқ бўлса, фойда солиғи бўйича солиқ базасини ҳисоблаш чегириб ташланади (СК 305-м. 1, 2-қ.).
Қонун ҳужжатларида ижарага берувчи юридик шахсларга коммунал хизматлар қийматини қоплаш назарда тутилган, ижарага берувчи жисмоний шахслар учун бундай тартиб белгиланмаган. Ижара шартномасида коммунал хизматлар қиймати алоҳида ажратиб кўрсатилган бўлса ва ижарага олувчи уларни ижарага берувчи жисмоний шахсга тўласа, ушбу суммалар коммунал харажатларни қоплаш деб эътироф этилади ва моддий наф тарзидаги даромад ҳисобланади. Жисмоний шахснинг моддий наф тарзидаги даромадлари ҳисобланган корхона харажатлари фойда солиғи бўйича солиқ базасини ҳисоблашда чегириб ташланмайди (СК 317-м. 3-б., 376-м. 1-қ. 1-б.).
Шунингдек ижарага олувчи мустақил равишда коммунал хизматлар билан шартномалар тузиши мумкин. Мазкур ҳолатда у улар хизматлари учун мустақил равишда ҳақ тўлайди, ижарага берувчига эса фақат ижара ҳақини тўлайди. Бунда мазкур харажатлар уларнинг даромад олиш билан боғлиқ бўлган тақдирда чегириб ташланади.
Азизахон ТОШХЎЖАЕВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.