ДСҚ импорт қилинган бензин, дизель ёқилғиси ва газни якуний истеъмолчиларга ва ўз эҳтиёжлари учун реализация қилишга акциз солиғини солиш бўйича ўз позициясини тушунтирди.
Қуйидаги шахслар СКга мувофиқ акциз солиғи тўловчилари деб тан олинади:
● Ўзбекистон Республикаси ҳудудида акциз солиғи солинадиган товарларни ишлаб чиқарувчилар;
● бензин, дизель ёқилғисини якуний истеъмолчиларга реализация қилишни (шу жумладан – автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари орқали) ва газни (газ тўлдириш станциялари ва газ тўлдириш пунктлари орқали) реализация қилишни амалга оширувчилар (СК 283-м. 1-қ.).
СКнинг 283-моддаси 1-қисми 3-банди қоидаларини қўллаш мақсадида якуний истеъмолчилар деганда ўз эҳтиёжлари учун бензин, дизель ёқилғиси ҳамда газ олувчи юридик ва жисмоний шахслар тушунилади.
Олиб кирилган (импорт қилинган) бензин, дизель ёқилғиси ҳамда газ ўз эҳтиёжлари учун ишлатилганда, акциз солиғини уларни ўз эҳтиёжлари учун импорт қилган шахслар тўлайди (СК 289-3-м. 3-қ.).
Қуйидагилар акциз солиғи солинадиган объектлар ҳисобланади:
● акциз тўланадиган товарларни реализация қилиш, шу жумладан уларни бошқа товарларга (хизматларга) айирбошлаш учун бериш;
● бензинни, дизель ёқилғисини ва газни якуний истеъмолчиларга реализация қилиш ёки улардан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиш (СК 284-м. 1-қ. 1, 7-б.).
Бензинни, дизель ёқилғисини ва газни якуний истеъмолчиларга реализация қилиш чоғида реализация қилинган ва (ёки) ўз эҳтиёжлари учун фойдаланилган бензиннинг, дизель ёқилғиси ва газнинг натурада ифодаланган ҳажми солиқ базаси ҳисобланади (СК 285-м., 10-қ.).
Акциз солиғи солинадиган товарлар (хизматлар) рўйхати ва 2021 йил учун акциз солиғи ставкалари СКнинг 289-1, 289-2, 289-3-моддалари билан белгиланган. Якуний истеъмолчига реализация қилинадиган бензин, дизель ёқилғиси ва газ бўйича акциз солиғи ставкалари СКнинг 289-3-моддаси 1-қисми 5-бандида келтирилади.
Бунда 2020 йилда амал қилган тартибга мувофиқ, СКнинг 289-моддасига асосан акциз солиғи солинадиган товарлар (хизматлар) рўйхати ва улар бўйича акциз солиғи ставкалари Давлат бюджети тўғрисидаги Қонун билан тасдиқланган.
Жумладан, 2020 йил учун акциз солиғи ставкалари «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги ЎРҚ-589-сон Қонуннинг 8-иловаси билан тасдиқланган. Кўрсатилган илованинг 1-13-позицияларида Ўзбекистон ҳудудида ишлаб чиқариладиган (хизмат кўрсатиладиган), акциз солиғи солинадиган товарларга (хизматларга) нисбатан акциз солиғи ставкалари, 14-позициясида эса Ўзбекистон ҳудудида якуний истеъмолчига – ушбу товар турларининг келиб чиқиш ҳудудидан қатъи назар реализация қилинадиган бензин, дизель ёқилғиси ва газ бўйича акциз солиғи ставкалари келтирилган.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб ҳамда Ўзбекистонда акциз солиғи солинадиган товарлар ишлаб чиқарувчи шахслар ва якуний истеъмолчига бензин, дизель ёқилғиси ва газни реализация қилувчи шахслар турли тоифалар эканлиги ва ҳуқуқий мустақилликка эгалигини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистонда якуний истеъмолчига бензин, дизель ёқилғиси ва газни реализация қилиш ёки – уларни ўз эхтиёжлари учун ишлатиш бўйича операцияларга акциз солиғи солиш бензин, дизель ёқилғиси ва газнинг келиб чиқиш ҳудудидан қатъи назар амалга оширилади.
Шу тариқа, Ўзбекистонда якуний истеъмолчига олиб кирилган (импорт қилинган) бензин, дизель ёқилғиси ва газни реализация қилишга ёки улар ўз эхтиёжлари учун ишлатилганда, шу жумладан – 2021 йилга қадар, акциз солиғи солинади.